ШАҲАР ШИФОКОРЛАРИГА БОШ БЎЛИБ...

Вилоятнинг бош шаҳри-Наманган аҳолиси саломатлигини сақлаш вазифасининг масъулияти юксаклиги учун бу соҳага унча-мунча мутахассис лойиқ топилавермайди. Шаҳар ҳокимлигида қайта-қайта ўйланади, саралаб-саралаб танланади бундай кадр. Лекин 1994 йили тиббиёт бўлими раҳбарини ўзгартириш чоғида кўпчиликнинг фикри тезда бир жойдан чиқди. Тоҳиржон Бойдедаевнинг номзоди маъқулланди. У роса беш йил шаҳар шифокорларига бош бўлиб, кенг кўламли вазифаларни ўз олдига қўйгани туфайли ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятини тўла ишга солишга интилди. Энг аввало, тиббий хизмат шароитларини шаҳарга ҳос юқори талабларга жавоб берадиган ҳолатга келтиришни кўзлаб, астойдил ҳаракатга тушди. Дамбоғдаги юқумли касалликлар, "Гўзал" массивидаги болалар шифохонасининг янги муҳташам биноларида шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатишни юқори даражада давом эттиришга етарли имкониятлар яратилди. Барча муассасаларнинг таъмири тизимли амалга оширилди. Кадрларнинг билим ва малакаси уйғунлигига эришиш чоралари кўрилди. Болаларни даволаш соҳасида натижадорлик таъминланди. Оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар камайтирилди.

 

ИСМИ ЖИСМИГА МОНАНД МАСКАНДА

Тоҳиржон Бойдедаев 1999 йили яна ўз жамоасига қайтди. Маълум муддат бош врач ўринбосари бўлиб турди. 2001 йилдан бош врачлик масъулияти тағин ўзининг зиммасига юкланди. Талабчан ва оқил раҳбар қисқа вақт ичида катта ишларнинг уддасидан чиқа олди. Шифохонага тўқимачилар олийгоҳи биноси берилгач, қайта таъмирлашдан сўнг кўпгина бўлимлар кенгайтирилди. Ўринлар сони кўпайтирилди. Шунга яраша билим ва малака бобида анчайин баланд врач ва ҳамшираларнинг аҳил жамоаси жамланди. Бу эса, уларга беморларнинг ишончи ортишида муҳим омилга айланди. Шу боисдан муассасада иқтисодий ислоҳотлар талабига кўра 20 фоиз бюджет ҳисобидан, 80 фоиз пуллик хизмат кўрсатишга ўтказилди. Замонга ҳамоҳанг тутилган йўлнинг нақадар тўғри эканлигини нажоткор тиббиётчилар йилдан йилга ўз фаолиятларида яққол исботлаб келишмоқда. Аввало, улар диагностика ва даволашни тобора такомиллаштиришди, ҳам ширин сўзлар билан, ҳам сернаф муолажалар билан беморларнинг ихлосини қозонишди. 27 врачнинг 99 фоизи, 160 ҳамширанинг 67 фоизи тоифали эканлиги бу ерда ўз соҳаси бўйича тажриба ва уқуви юксак шифокорлар хизматга шайлигидан яққол далолатдир. Шунданми 265 ўриннинг бирортаси бирор кун бўш қолмайди, аксинча, навбат кутувчиларнинг кети узилмайди. Ҳар ойда 346-350 миллион сўмлик тушумни таъминлаш барқарору бардавомдир.

Даромаднинг тўкислиги - ишларнинг текислиги самарасидир, албатта. Янгиликсиз йилнинг ўзи йўқ. Энг зарур, энг мукаммал тиббий аппаратуралару асбоб-ускуналарни келтиришиб, улар ёрдамида муолажалар ўтказишнинг ҳадисини олишганидан қувончли кўрсаткичларни қўлга киритишаётир. Неврология бўлимига Илҳомжон Камолов, гастроэнтерология бўлимига Содиқжон Мамажонов, жарроҳлик бўлимига Баҳромжон Убайдуллаев, терапия бўлимига Тоҳиржон Абдуллаев, клиник-биохимик лаборато­рия­га Ҳалимахон Даминовалар мудирлик қилишмоқда. Бош ҳамшира Зуҳрахон Пўлатова ва унинг атрофидаги муолажага чечан ўрта тиббиёт ходимлари ҳамиша беморлар олқишига сазоворликка интилишяпти.

Пуллик даволаш муассасалари ўртасидаги соғлом рақобатда пешқадамликларининг асосий сабаби давогоҳда туманлардаги қатор-қатор шифохоналардан афзаллик ва устунлик жиҳатларининг тобора кўпайишига бош врач алоҳида эътибор бериб келганидир. Чунончи, илгари фақат вилоят санитария-эпидемиология назорати марказидагина мавжуд бўлган "ИФА" анализаторигача олинган. Унда гепатитнинг Б,С,Д гуруҳларига қон таҳлили ўтказилмоқда. Бундан ташқари ярим автоматик биохимик анализаторгача бор. У қоннинг барча элементларини гуруҳларга ажратиб, текшириб беради. Янги ЭКГ аппаратларию, жарроҳлик асбоб-ускуналаригача келтирилган.

Шифохонадаги саломатлик пос­бонларининг гемотология ва гастроэнтерология соҳаларидаги ютуқлари, йирингли жарроҳлик амалиёти, кўз касалликлари ва бел-умуртқани тортиб даволашдаги илғорликлари вилоятга довруқли десак асло муболаға эмас. Биргина мисол буни яққол далиллайди. Йилига даволанаётган беморларнинг 40-45 фоизини туманлардан келувчилар ташкил этишади. Ахир бу маскан вилоят эмас, шаҳар шифохонаси-ку, дея беихтиёр ҳайратланасан киши.

Фитобарда беморлар ҳамиша тиббий гиёҳлардан тайёрланган 30 хилдаги шифобахш дамламалар билан сийланишади. Ҳам арзон, ҳам хуштаъм.

Хўжалик ҳисобидаги тиббий кўрик бўлими ишига терапевт Мавлуда Турсунова бош-қош. Ўқитувчилар, боғча ходимлари шифокорлар текширувдан ўтказилмоқда. Ҳатто ҳайдовчиликка ўқийдиганлар кўригигача шу ернинг ўзида йўлга қў­йилган.

Хуллас, биринчи шифохонанинг мақоми барча тармоғу барча кўрсаткичларда биринчи бўлиши, исми жисмига монандлигини ифодалаши Тоҳиржон Бойдедаевни доимо ўз атрофидаги кўп сонли ҳамкасбу ходимларидан ҳар вақт фахр­лантириб турганига ҳеч шубҳа йўқ.

 

ЭЪТИРОФЛАР ЭҲТИРОМИ

Инсонда шаклланган яхши фазилатлар уни элга танитибгина қолмайди. Ҳар кун, ҳар вақт ўз атрофдагилар билан бўлган муносабатларида беҳад қўл келади. Яъни тезда ҳурмат-эътибор топади, ихлосини қозонади. Ўзидан ёшлар устозлик, ўзидан улуғлар шогирдлик мақомида меҳрини боғлашади. Кўпчиликнинг қалбида унга нисбатан эҳтиром туйғулари тўлиб-тошади. Бу бирор ютуққа эришган чоғида улар биргалашиб қувонишганида, табрик йўллашганида, қўлларига гулдасталар тутишганида, олқиш сўзлари билан сийлашганида кўринади. Тоҳиржон Бойдедаев шундай толега мушарраф эканлигига яқинда яна бир бор иқрор бўлди. У соҳадошларини бир дастурхон атрофига таклиф этганида даврадагилар учун мезбон шаънига ярашиқли мақтов сўзларини айтиш имкони туғилди.

- Тоҳиржон кўз олдимизда ул­ғайди, элга танилди, - дея таъкидлади тиббиёт фахрийси, акушер-гинеколог Зарифахон ая Қосимова. - Муомаласи ёқимли. Каттаю кичикка бирдай эътиборли. Беморларга меҳри зиёда. Раҳбар сифатида ходимларига ғамхўр. Мукофотга чинакамига муносиблиги учун бу йилги мустақиллик айёми Тоҳиржонга қўшалоқ байрамга айланиб кетди.

- Самимийлик бобида Тоҳиржон Раҳимжоновичга етадиганлар камдан-кам, - деди Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари Абдулходи Иминов. - Биз улардан ҳамиша ўрганганмиз. Шаҳримиз халқига ҳалол ва фаол хизматлари муносиб қадрланиб, юксак мукофотга сазовор бўлганликлари ўзларига қувонч бағишласа, ҳамкасбларини чексиз фахрлантириши ҳам табиий.

- Устозимиз барчамизга ҳамиша шахсий намуна бўлиб келдилар, - дея эътироф этади бош врачнинг даволаш-ишлари бўйича ўринбосари Ҳалимжон Алимов. - Аввало ўзларига, қолаверса ўзгаларга ҳам ғоят талабчандирлар. Юқоридан топшириқ олсалар, ҳамиша вақтида уддаламасдан кўнгиллари хотиржам тортмайди. Жамоадагиларга топшириқ берсалар, кечиктирмасдан бажартирмагунча қўймайдилар. "Беморлардан ширин сўзингизни ҳеч аяманг, муомалангиз мулойим бўлсин, уларнинг соғайиши сизнинг қандай даволаганингиз даражасини белгилайди" деб уқтирганлари-уқтирган. Шу боис, шифохонамиздаги врачу ҳамширалар хизматига эътирозлар йўқ ҳисоби.

Элга тиббиётнинг юксак талаблари даражасида хизмат кўрсатишга интилаётган минглаб оқ халатли фидойиларнинг пешқадам вакили Тоҳиржон Бойдедаевга қалбидаги эзгу ниятлари сира тинчлик бермайди. Касб-корига, юртига садоқатли фарзанд сифатида давлат мукофотига жавобан аҳоли соғлигини сақлашда янада жўшқин фаолият юритишга ўзини кеча-кундуз бурчдор ҳисоблайди.

Билим, малака, лаёқат ва тажриба салоҳияти тобора бойиб, такомиллашган етук тиббиёт мутахассиси зиммасига эндиликда бундан-да масъулиятли вазифа юкланди. Маҳоратли раҳбар кадрдан зарур ўринда янада самарали фойдаланишни назарда тутган Наманган вилоят ҳокимлиги яқинда уни шаҳар тиббиёт бирлашмасига бош врач этиб тайинлади.

Бинобарин, юксак ишонч-катта масъулият эканини Тоҳиржон Бойдедаев ҳар лаҳза чуқур ҳис қилган ҳолда истиқлол ислоҳотларининг изчил ижросини ўз ваколати доирасида таъминлашга бугунги кунда астойдил киришган.

Содиқ САЙҲУН.