Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 1 ноябрдаги "2016-2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда амбулатор поликлиника муассасалари томонидан аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий санитария ёрдами сифатини такомиллаштириш, жумладан жойларда туғиш ёшидаги аёлларнинг репродуктив саломатлигини янада яхшилаш, оналар ва болалар ўлимининг олдини олиш мақсадида ташкил қилинган "Соғлом аёл ойлиги" тадбирлари вилоятимизда ҳам қизғин давом этмоқда.

17 сентябрдан - 20 октябрга қадар давом этадиган мазкур ойликда туғиш ёшидаги аёлларнинг 60 минг нафардан зиёди чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши кўзда тутилган. Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 10-оила поликлиникасида ҳам мазкур жараён юксак уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари "Маданий маориф", "Янги қурилиш", "Якка сада", "Янги ҳаёт", "Баркамол авлод", "Якка тут", "Олтитош", "Саноат", "Гузар", "Обжувоз", "Бунёдкор" маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчиларни ҳар куни қабулга чорлашяпти.

Поликлиникада ҳудуддаги барча оилаларнинг аъзолари тўлиқ ҳисобга олинган. Ҳар бирларига алоҳида-алоҳида йиғма жилдлар очилган, уларга тўлиқ ва аниқ маълумотлар киритилган. Бинобарин, ҳозирги кунда бу ерда 14 мингдан зиёд туғиш ёшидаги аёллар рўйхати шакл­лантирилган.

Поликлиникада "Соғлом аёл ойлиги" доирасида фаолият бошлаган "Фитнес" саломатлик клуби айнан ҳудуд аёлларининг орзуси эди. Бугун кўплаб хотин-қизлар ўз саломатликларини янада мустаҳкамлаш, турли хасталиклардан бутунлай фориғ бўлиш истагида унинг мижозига айланишган. Клуб аъзолари турли бадантарбия машқларига жалб этиляпти. Шифобаҳш дамламалар, соғлом турмуш тарзига оид қизиқарли маълумотлардан баҳраманд бўлишмоқда.

- Менга янги очилган аёллар фитнес клуби жудаям ёқди, - деди суҳбатга қўшилган Насиба Наимова. - Бир неча кундан буён ортиқча вазндан халос бўлиш истагида қатнаяпман. Муқаддас Мамаджонованинг бадантарбия машқларидан кейин ўзимни янада яхши ҳис қилмоқдаман.

Муассасада ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасининг тор доирадаги мутахассислари томонидан олиб бориляпти. Терапевт Хайринса Абдуллаева, лор врачи Абдурасул Тўхтасинов, окулист Юлдуз Дадаханова, невропотолог Анвар Каримов, хирург Абдулазиз Норматов, акушер-гинеколог Сайёра Нурматоваларни қизғин иш устида учратдик.

- Синглимни ёнимга олиб кўрикка келдим, - деди Муҳайё Ҳожиева. - Менда бироз камқонлик аниқланди. Шифокор-терапевтнинг тавсия қилган муолажаларини ўз вақтида олиб, хасталикдан тезроқ қутулсам ажаб эмас.

- Келинларим билан бирга тиббий кўрикдан ўтяпмиз, - деди Ҳикматой Мансурова. - Улар соғлом бўлсагина оиламизда соғлом набиралар туғилади. Шунинг учун эринмасдан ҳар бир шифокор қабулига кирдик. УЗИ, ЭКГ аппаратларига ҳам тушдик.

Тиббий кўриклар чоғида соғлом турмуш тарзи тарғиботига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Мутахассислар томонидан ҳомиладорлик пайтида юзага келиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, оналар ва болалар саломатлигига тааллуқли фойдали маслаҳатлару керакли тавсияларгача бериб борилмоқда.

- Ҳозиргача 12 мингдан ошиқ аёлларни тиббий кўрикдан ўтказдик, - дейди поликлиника бош врачи вазифасини вақтинча бажарувчи Гулчеҳра Меҳмонова. - Туғишга монеълиги бўлган аёллар вақтинча, улар соғайгунга қадар замонавий контра­цептив воситалар билан таъминланяпти. Ҳомиладор аёлларда ҳасталик аниқланган тақдирда, уларни зудлик билан шифохоналарда даволаниш чоралари кўриляпти.

- Биз тиббиёт ходимлари инсонлар саломатлиги учун масъул эканмиз, тиббий кўрикларни белгиланган вақтларда талаблар даражасида амалга ошириб бораверамиз, - дейди Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Раҳматилла Тўраханов. - Тадбирлар доирасида ҳеч бир киши, ҳеч бир аёл эътиборимиздан четда қолмайди. Чунки, соғлом аёлгина соғлом фарзандларни дунёга келтира олади.

Манзура ЭРГАШЕВА.