Пахта - ўзбек халқининг азалий деҳқончилик экини. Уни етиштиришнинг ўзи катта меҳнатни талаб этса, кузнинг тобора қисқараётган кунларида ёғин-сочинга қолдирмай йиғиштириб олиб, сифатли хирмон уюш ундан ҳам масъулиятли ва машаққатлидир. Айниқса, бу йилги терим мавсуми ўзгача, унда на талаба-ўқитувчилару, на шифокорлар кўмагига қараб қолингани йўқ. Кўпчилик кўнгилли ҳашарчилар. Улар фермерларнинг аъзолари ёнига киришиб, кундан-кунга баракали натижаларни таъминлашяпти. Теримдагилар саломатлигини муҳофаза қилиш оқ халатли тиббиётчиларнинг доимий эътиборида турибди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров билан суҳбатимиз ана шу ҳақда кечди.

- Улуғбек Шуҳратович, 2018 йил ҳосили тез ва соз терилиб, пахта пункти ва заводларга ғамлаб олиниши чора-тадбирлари кўрилаётган ҳозирги ғоят масъулиятли дамларда уларга тиббиётчилар қандай хизмат кўрсатишмоқда?

- Пахта - юрт бойлиги. Уни далалардан ўз вақтида йиғиштириб олиш кечиктириб бўлмайдиган ғоят муҳим вазифа саналади. Бу аслида осон иш эмас. Граммлардан тонналар яратиш учун минг-минглаб кишиларнинг чаққон ва толмас билаклари зарур. Керакли ишчи кучлари далага чиққан экан, уларнинг саломатлиги унумли меҳнати-ю, кутилган самарани таъминлаш омилига айланади. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича алоҳида кўрсатма хати келган. Шунга мувофиқ ҳолда вилоятимизда ҳашарчилар ётоқхоналари ва шийпонлар зарур дори-дармонлар, тиббий асбоб-анжомлар билан таъминланган, малакали врачу ҳамширалар хизмати йўлга қўйилган 314 та тиббий пунктлар ташкил қилинган. Улар доимий равишда кеча-кундуз фаолият юритмоқда. Дала юмушлари билан банд кишилар биринчи тиббий ёрдамга эҳтиёж сезишса, ҳеч қачон шифокорни қидириб, узоққа кетишларига, қимматли вақтларини бой беришларига хожат йўқ. Аксинча чақиришса бас,ўша заҳотиёқ ўзлари "Тез ёрдам" машинасида ҳузурларига етиб боришади. Бепул дори-дармон беришади, дастлабки муолажаларни амалга оширишади.

- Ҳозир вилоятда нечта тиббий хизмат штаби ташкил қилинган, улар ҳолати юксак талабларга жавоб бера оладими?

- Маълумки, вилоят бўйича 3 та туманнинг пахтазор далалари ниҳоятда кенг, ишчи кучлари эса, нисбатан етарли эмас. Мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, теримга ҳашарчилар чорланган. Уларнинг соғлигини назорат қилиш билан Поп, Мингбулоқ, Учқўрғон туманларидаги тиббий штабларда 327 нафар ходимларимиз шуғулланишмоқда. Айни дамда штаблар ихтиёрига 23 та "103" автомашиналари ажратилган. Яъни саломатлик посбонлари хоналарда ўтиришавермай, "Дамас"ларда дала кезишмоқда. Теримчилар соғлигидан ҳар куни мунтазам хабар олишмоқда. Далада ишловчилар гигиенасини тушунтиришмоқда.

- Биз биламизки, дори-дармонсиз профилактика билан зўрайиб кетиши, теримда қатнашиш имкониятини йўқотиши мумкин бўлган арзимас шамоллаш, тошма тошиш, қўлларнинг чаноқлардан тирналиши ҳолларига чек қўйиш мушкул. Жойлардаги одатий тил билан айтганда "аптечка"лар таъминоти қандай?

- Ёмон эмас. Бу борада муаммо йўқ. Чунки Наманган "Дори-дармон" акционерлик жамияти ва ҳомийлар маблағи эвазига дала шийпонларининг ҳамда кўчма амбулатор бригадаларининг қутичалари доимий равишда зарурий дори-дармон ва боғлов материаллари билан тўлдириб турилибди.

Умумхалқ ҳашари билан ўтказиладиган ғоят масъулиятли мавсумда қатнашувчи катта-кичикларнинг кўпсонлилиги, боз устига кузги ҳавонинг ўзгарувчанлиги боис, кутилмаган ҳодисалар, аниқроғи теримчиларнинг бирдан мазаси қочиб қолиши ҳоллари рўй бериши табиий. Бу ҳам алоҳида эътиборда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг туманлардаги суб филиаллари ҳамда туман марказий шифохоналари қошида юқори малакали врачлардан иборат махсус бригада доимий шай ҳолатда ва ҳаракатда.

Юқоридагилардан ташқари вилоят бў­йича ҳашарчиларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини олиб бориш мақсадида 2 та махсус кўчма амбулатор жамоаси фаолияти йўлга қўйилган. Улар таркибида акушер-гинеколог, терапевт ва жарроҳларгача юришига эришилган.

- Ётоқхона ва шийпонлардаги шароитлар шу куннинг талабларига жавоб бера оладими?

- Назоратимиз изчил, муаммолар учраса, ўз ўрнида тегишли ташкилотлар, мутасаддилар билан ҳамкорликда ҳал этиб борилмоқда. Бу соҳада Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари масъулияти оширилган. Дезинфекция, дезинсекция ва дератизация тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Тўйимли озиқ-овқатлар, тоза ичимлик сувлари билан таъминлаш қатъий назоратга олинган.

Яна бир муҳим иш агар ҳашарчилар ўртасида даволаниш зарурати пайдо бўлса, ўша заҳоти амалга оширилади. Барча туман тиббиёт бирлашмаларидаги муассасаларда заҳира ўринлар муҳайё этилган.

Хуллас, йиғим-терим мавсумида шифокорлар беминнат ва фидойиларча тиббий хизмат кўрсатишаверади. Бу эса, албатта одамлар соғлигининг, хирмонлар тоғлигининг гарови бўлишига ишонамиз.

Суҳбатдош С. ТОЖИБОЕВ.