(Автобиографик очерк)

БОШЛАНМА

У эрталаб ишхонасига кираркан, одатига кўра ҳозиргина келтирилган матбуот нашрларининг янги сонлари билан танишиш учун уларни бирин-кетин қўлига ола бошлади. "Халқ сўзи" газетасидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма етти йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонини ўқишга тутинди. Ногоҳ кўнг­лини ҳаяжон қамради. Ахир мукофотланганлар қаторида ўзининг исми-шарифи ҳам турар эди. Унга II даражали "Соғлом авлод учун" ордени муносиб кўрилиб­ди-я! Шу пайт телефони жиринглаб қолди. Уланиш тугмасини босиши билан вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Солижон Мўминовнинг овози эшитилди.

- Табриклайман, Тоҳиржон Раҳимжанович!

- Раҳмат, раҳмат!

Қолган гапларни ҳамкасбларингиз тўпланишганида айтамиз...

Табрикнинг давоми бошқарма залида давом этди.

- Мана Юртбошимиз Сиз билан бизнинг хизматларимизни юксак қадрлаяптилар, - деди Солижон Жалилович мамнун оҳангда, - Тоҳиржон Бойдедаевга берилган орден барчамиз учун ҳам фахрли. 1-шифохона жамоаси бундан буёғигаям ҳар соҳада ҳамиша биринчи бўлиш мақомини маҳкам ушлаб қолишига ишонамиз. Уддабурон ва тадбиркор бош врачимиздан барча намуна олиши керак.

Ўтирганларнинг олқиш қарсаклари остида Тоҳиржон Бойдедаевга катта гулдаста тақдим этилди.

Ўша 28 август куниёқ вилоят ҳокимлигида бир гуруҳ илғорларга вилоят ҳокими Хайрулла Бозаров орден ва медалларни тантанали топширди. Улар сафида ўтирган бош врач ғоят тўлқинланиб кетди. Кўнглидан кечган ўй-фикрларини сўзлашга оғиз жуфтлади.

- Мустақиллик бизнинг, фар­занд­ларимизнинг, бир сўз билан айт­ганда келажагимизнинг йўлини ёритгани мана шу тарихнинг жуда қисқа даври - 27 йил мобайнида эришилган жаҳоншумул ютуқларимизда яққол ифодасини топиб турибди. Ўз соҳам нуқтаи назаридан фикр юритадиган бўлсам, соғ­лиқни сақлаш тизимининг мисли кўрилмаган жадал ривожланиши, тиббий хизматнинг сифат ва самарадорлиги замон талабига мос ўсиб бораётгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Шундай кенг имконият ва қулай шароитларда ишлаш, эл-юртга наф келтиришнинг ўзи катта мукофот. Шунга қарамай Президентимиз томонидан камтарона меҳнатларимиз юксак мукофотларга лойиқ кўрилгани бизга икки ҳисса масъулият юклади. Мен бундан ғоятда бахтиёрман. Бундай эътибор ва эътироф менга яна куч-ғайрат бағишлайди...

 

ИЛДИЗИГА ТОРТАДИ ПАЛАК

Ровустонлик Раҳимжон ота Раҳимахон ая билан қарийб олтмиш йил умргузаронлик қилишиб, ўн фарзандни ҳалол ризқ билан улғайтиришиб, кексайишганда пиру бадавлатлик толеига мушарраф бўлишган эди. Ахир ўн фарзандни ўстириш ва яна олий маълумотли қилишнинг ўзи бўлдими. Фақат ва фақатгина тинимсиз меҳнат ва машаққат эвазига бунга эришилди. Ўғил-қизларнинг бекам - кўст камолидан қувониб, фахрланиб юриш унча-мунча ота-оналарга насиб этавермайди. Бу борада Бойдедаевларнинг иқболлари ғоят кулганлиги ҳаётий ҳақиқат эканлигини фарзандлари тўғрисидаги мухтасар маълумотни келтирсак, янада чуқурроқ англаб етасиз.

Оддий соҳибкор-деҳқон оиласининг тўнғичи Наимжон Раҳимов 37 ёшида физика-математика фанлари доктори деган илмий даража эгаси бўлди. У Наманган давлат университетида фаолият юритиб, қанчадан-қанча шогирдларнинг устозига айланди. Ташкилотчилиги туфайли олий билим даргоҳининг проректори лавозимигача лойиқ кўрилган эди.

Айни маҳалда укалари Зокиржон Наманган шаҳар газ корхонасида бўлим бошлиғи, Шокиржон Хонобод касб-ҳунар коллежида ходим, Қодиржон Ровустон маҳалла фуқаролар йиғини раиси, Собиржон Наманган туман ҳокимининг ўринбосари. Қизларининг барчаси муаллималикни танлашган. Каттаси Жамилахон таниқли педагоглардан эди. Назирахон 51- мактабда, Мавлудахон 81-мактабда, Заҳрохон 79-мактабда ёш авлодга ҳамон таълим-тарбия бериб келишмоқда.

Раҳимжон ҳожи ота ва Раҳимахон аялар умрларининг сўнгги дақиқаларигача фарзандларини дуо қилишиб, уларни ҳам ўзлари каби эл юртга нафдор инсон бўлишганини қўришиб, кўнгиллари хотиржам тортишиб, беармон яшашди десак асло муболаға эмас. "Илдизига тортади палак" деган халқона нақл уларнинг ҳаётида ўзининг тўлақонли исботини топгани шундан далолат эмасми?! Меҳнатсеварлик, ҳалол ва фаоллик айниқса оиланинг иккинчи ўғли Тоҳиржоннинг турмуш тарзида, тутумларида ҳамиша бўй қўрсатиб келаётгани яна бир бор таъкидга жоиз.

 

"ЎЗИМ ДАВОЛАЙМАН, УЗОҚ ЯШАЙСИЗ"

- Шифокорлик касбини нега танлагансиз?-сўраймиз гапни бир бошдан бошлаш учун.

- Абамлар сабаб бўлганлар,-дейди Тоҳиржон Раҳимжанович болалигини эслаб.- Ўшанда янглишмасам 7-8 ёшларда эдим. Қаттиқ шамоллаб, усти-устига йўтал хуружидан қийналаётган абамларнинг аҳволларига боқиб, ичим ачидими, беихтиёр уйимизга келиб-кетаётган дўхтирларга ўхшагим келди. "Ишқилиб сизларнинг камолингизни кўрармиканман?" дея ёстиқдан бош кўтаролмай ётганча илтижоли боққан абамларга узоқ тикилиб, мурғак кўнглимда ширин орзу умидлар ниш ураётганди.

- Намунча ўйланиб қолдинг?- ташвишланиб сўроққа тутдилар.

- Сизни ўзим даволайман, ҳали узоқ яшайсиз аба, - деганча таскин берганимни кечагидек эслайман.

"Қанийди, болам, қанийди?!" дейишларининг ўзиёқ менинг дилимдаги ниятимни янада қатъийлаштирганиданми, мактабни битирибоқ, папкага ҳужжатларимни солиб, Андижонга йўл олганман. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, тиббиёт институтига талабаликка қабул қилинганман ва ўзим учун бир қувонган бўлсам, абамлар учун минг қувонганман. Аллоҳга шукурларки биз фар­занд­ларнинг меҳримиз қуршовида 80 ёшга етдилар. Дадамиз эса 88 га. Икковларининг невара-ю, чевараларни бағриларига босишиб, дуолар қилиш бахтига муяссарликларини кўриб, бошларимиз осмонга етган.

 

ИНСТИТУТДАН - ШИФОХОНАГА

1979 йили АДМИнинг даволаш факультетидаги олти йиллик тиббиёт сабоғини якунлаган Тоҳиржон бир йиллик интернатура муддатини ўташ учун Наманган шаҳрининг "Гўзал" даҳасидаги вилоят шифохонасига юборилди. Ота-онанинг оқ фотиҳасини олиб, эгнига оқ халатини илган йигит учун энди билим билан бирга даволаш малакасини астойдил ўзлаштириши ҳам жуда зарур эди. У терапия бўлимининг энг ёш ва энг чечан шифокори сифатида тезда беморлар ихлосини қозонди. Муомаласи мулойим, мулоқоти мағизли, мушоҳадаси ўткир, ташхиси тайинли ва муолажаси нафдор йигит малакасини мукаммаллаш учун кеча-кундуз тиним билмади. Зарурат чоғида тунларни бедор кечирди. Беморини безовта қилаётган ички "ёв" билан курашишдан чарчамади токи "енгиб" ғолиб чиққунича. Хаста ҳолатда ётганларни тезда оёққа тур­ғазиб, саломатлигини тиклаб, уйларига дарддан фориғлаб, бир олам қувонч билан кузатишнинг ҳадисини олишга қодирлигини тез-тез кўрсата билди. Устоз врачларнинг малакавий ютуқларини зимдан кузатиб, зийраклик билан "ўғирлади", нимани "ўғирлаган" бўлса, ўшани беморларни даволашга сарфлашга ўрганди. Охир оқибат интернатурани аъло адо этиб, яхши мутахассислар қаторига қўшилишга улгурди.

Ёш кадрдан қаерда керак бўлса, ўша ерда фойдаланиш тамойилига кўра,уни 1980 йили 3-шаҳар бирлашган поликлиникасининг участка терапевтлигига ишга тайинлашди. Бу ерда поликлиника мудираси Муҳаррам Иномова, терапевт Боқижон Сиддиқовлардан устоз сифатида шифокорликнинг халққа манзур қиладиган бирталай хислатларини ўзига "юқтириб" олишга тиришди. Натижада икки йилдаёқ кўпларнинг назарига тушди, эътирофларига сазоворланди. Айниқса, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Клара Усмоновна Муҳиддинова ёш мутахассиснинг ташкилотчилик ва ташаббускорлик бобидаги ҳаракатларини ўз вақтида пайқади.

- Сизни кузатиб, келажаги бор кадр сифатида ўқишга юбормоқчимиз, - деди ШТБ бошлиғи самимий тусда. - Тошкентга бориб, врачлар малакасини ошириш инс­титутида "Соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва бошқариш" курсида тахсил оласиз...

Икки ойлик малака сабоғи унинг истиқболига тамал тоши қўйиш билан баробар аҳамият касб этди ўшанда. Тошкентдан қайтиши билан ўзига монанд вазифага тайинланди, яъни поликлиника мудирлиги вазифаси зиммасига юклатилди.

 

ЁШ ВРАЧУ БОШ ВРАЧ

Инсоннинг уқуви ва лаёқати ҳаракатида намоёнланади. Агар раҳбар бўлса-чи? Унда юқорининг топшириғини қуйида ўзи қандай бажариши ва ўзгаларга қандай бажартириши бобидаги фаолият жараёни унинг учун гўё ҳаёт имтиҳонидай гап. Поликлиника мудирлигини ҳеч қийналмай уддалаган Тоҳиржон атрофида аҳил жамоа ярата олдики, хизматидан аҳоли ўртасидаги ранжиш, эътирозлари камайиб, манзурлик эътирофлари кўпайиб бораверди. Очиғи, ўзига ҳам, касбдошларига ҳам талабчанликни одат айлаганидан шундай ҳолат барқарору, бардавом бўлди. Шу боис уни кичик муассасадан каттасига ўтказишлари учун қисқа вақт кифоя қилгани ҳеч кимни заррача таажжублантирмади. 1985 йили 3-шаҳар бирлашган шифохонаси бош врачи лавозимига ўтказишди. Мансабни имтиёз эмас, ишонч ва имконият деб билган Тоҳиржон бу ерда ҳам даволаш кўрсаткичларини кўтаришга қодирлиги билан обрў топди. Врачу ҳамширалардан тортиб, ички хўжалик ва ташқи ҳовли юмушларини адо этувчи ходимларигача унинг режаларини натижага айлантириш учун бир ёқадан бош чиқаргани эса, раҳбарлик лаёқатининг қувончли самаралари экани эди, албатта.

Ёш врачу бош врач мазкур шифо масканини тўрт йилгина бош­қарди-ю, ўзидан қутлуғ излар қолдирди.

1989 йили Тоҳиржон Бойдедаевни Давлатободдаги ( ўша пайтда Наманган шаҳрига қарашли микрарайон шундай аталарди) 6-шаҳар кўп соҳали шифохонасининг бош врачи вазифасига тайинлашди.

Шу ўринда муассасанинг қисқача тарихини эсга олсак, янги раҳбарнинг зиммасидаги масъулияти нақадар катталашганини янада теранроқ ҳис қиламиз. Халқ тилида "Ғиштли бальница" дея овозаланган бу масканга 1975 йилда асос солиниб, Наманган шойи ишлаб чиқариш бирлашмаси қошида очилган эди. Биринчи бош врачи Абдусамад Сафаров бўлган бўлса, ундан кейин тиббиётчилар жамоасига Нурилло Қодиров, Маҳмуджон Аҳадов, Аҳадхон Зияев, Неъматжон Сотиболдиев ва Зоҳидахон Маллабоева сингари вилоятимизнинг элга таниқли ва илму малакада забардаст инсонлари кўп сонли жамоани оқилона бошқаришиб, шифохона шуҳратини йилдан йилга ошириб келишганди.

Демак, янги раҳбар Тоҳиржон Бойдедаев олдида эришилган мав­қеини бундан буён ҳам тушириб юбормаслик, янада баланд кўтариш вазифаси кўндаланг турарди. У бундан чўчимади, аксинча, янги жойдаги янги ҳамкасбларининг қалбларига йўл излаш кераклигини яхши тушунди. Аввалги тажрибалари бу борада унга қўл келди. Бор куч-ғайратини замон тақозосига мос ҳолатда ишга солишга интилди. Ахир ўшанда мамлакат ҳаётида ғоят мураккаб давр бошланганди. Қайта қуриш ва жадаллаштириш сиёсати алал оқибат кўп ишларни издан чиқариб бораётганди. Мустабид тузум сиё­сатидан безиган халқимизнинг оғир турмуши саломатлигига озмунча путр етказмаганди.

Тоҳиржондек раҳбарларнинг муаммоларга оқилона ечим топишдаги журъатию, Ватан олдидаги бурчига садоқати дардмандларнинг наинки танидаги оғриғини чекинтиришда, руҳиятини кўтаришда, яшашига ишончини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Икки йилдан сўнг Ўзбекистон мустақиллигига эришилгач эса, у ўз ўрнини истиқбол ислоҳотлари рўёбини таъминловчи юзлаб-минглаб фидойиларнинг олдинги сафида деб билди. Тиббиёт талабларига мос шароитлар яратиш, оқ халатли халоскорларнинг беминнат хизмати билан аҳолининг даволаниш эҳтиёжини имкон қадар тўлароқ қондириш ташвишида елиб югурди. Ҳатто шифохона ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масаласини ҳам эътибордан четда қолдирмади.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми келгуси сонда)