Ана ўшанда куз-қиш мавсуми ҳаловатли кечади, - дейди ВССБнинг қурилиш-таъмирлаш ва эксплуатация ишларини

ташкиллаштириш бўлими бошлиғи Аслиддин Раҳмонов.

Халқимиз тилидаги "Ёз ёпинчиғингни қўйма, қишда ўзинг биласан", деган нақлнинг замирида катта ҳаётий маъно мужассам. Бу ҳамиша тайёргарлигингни кўриб юр, ҳатто ҳаво очиқ кунларига ишонмаслик керак дегани, қиш-қировли кунларку азалдан маълумлигига ишора ифодасидир. Табиат ва жамият ўзаро уйғунликда яшар экан, халққа қийинчилик туғдирмаслиги учун зарур тараддудлар кўриш ғоят муҳим ҳисобланади. Шу боис бу борада давлат миқёсида кенг кўламли тадбирлар тузилади, ижроси учун катта-катта маблағлар ажратилади, мутасаддиларнинг масъулияти оширилади. Бизнинг мулоқотимиз вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларини кузги-қишги мавсумга ҳозирлашга бағишлангани амалга оширилган ишларга маълум даражада якун ясаш ва қолган тиғиз кунларнинг вазифаларини янада аниқ белгилаб олишдан иборатдир. Шу ҳақда соҳа мутасаддисига бир неча саволлар билан мурожаат этдик.

- Аслиддин Фазлиддинович, аввало, мазкур масалага тааллуқли қарорлару, улардан келиб чиқадиган вазифалар ижроси кўламидан бохабар қилсангиз?

- Мана, йилнинг сўнгги фасли кузнинг биринчи ойи ҳам поёнига етиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 июлдаги "2018-2019 йиллар куз-қиш даврида Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор ишлашга комплекс тайёргарлигини таъминлаш чора-тадбилари тўғрисида"ги ПҚ-3849-сонли ҳамда Наманган вилоят ҳокимлигининг 2018 йил 16 июлдаги 547-сонли қарорлари асосида алоҳида тадбир-режа белгиланган. Уч ойдирки, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида кенг қамровли ишлар ташкилланиб келинмоқда. Ҳозиргача даволаш-профилактика муассасаларида жорий таъмирлаш 80-100 фоизга уддаланишига эришиб қўйилганини мамнуният билан таъкидлашим мумкин. Натижанинг икки муҳим омилини айтиб ўтиш жоиз.

Биринчиси, 20 та тиббиёт муассасасига Инвестиция дастурига мувофиқ давлат бюджетидан 49 миллиард сўмдан зиёд, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари бўйича 15 та тиббиёт муассасасига 8 миллиард 263 миллион сўм, маҳаллий бюджет маблағларидан 11 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ва 9 та қишлоқ врачлик пункт­ларига 9 миллиард 784 миллион сўм маблағ реконструкция ва мукаммал таъмирлаш учун ажратилган. Айни пайтда ана шу маблағлар ҳисобига кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Иккинчиси, ишни зиммасига олган қурилиш-таъмирлаш ташкилотлари жамоаси ёзнинг ёруғ ва иссиқ кунларидан унумли фойдаланиб, самарали фаолият кўрсатишди. Айни маҳалда сўнгги ҳаракат босқичига қадам қўйилди.

- Бажарилган ишларни рақамлар орқали шарҳласангиз, янаям тушунарли ва янаям аниқроқ ифодалаган бўлардингиз?

- Майли. Таъмирталаб иситиш тармоқларининг 5,5 километри соз­ланиб, топшириқ 88 фоизга ўринлатилди. Яроқсизланган 3,5 километр ичимлик суви тармоғи таъмирланди. Қолган 2,9 километрдаги ишлар ҳам яқин орада якунига етказилади. Газ тармоғини янгилаш 100 фоизга адо этилди. Қозонхоналарнинг 14 тасида жорий таъмирлаш амалга оширилди. Бу борада ортиқча ташвишга ҳожат йўқ. Чунки режа 100 фоизга уддаланди. Иссиқлик қувурлари изоляцияси қизғин давом эттирилмоқда.

Вилоятдаги шифохоналарнинг 28 таси таъмирлаш тадбирига киритилган эди. Ҳозиргача 23 тасидаги ишлар ниҳояланди.

Шунингдек, юмшоқ қопламали томлар 100 фоиз таъмирдан чиқарилди. Шиферлилари эса 91 фоизга бажарилди. Эшик ва деразаларни маҳкамлаш, ойнаси синиқларини бутлаш, яроқсизларини янгисига алмаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси тўла таъминланмагунча доимий назоратимизда туради.

- Кузги-қишги мавсумга тайёргарлик тадбирлари бажарилишининг қайси муассасадаги ҳолатидан кўнглингиз тўлди?

- Очиғини айтганда, режа берадиган ҳам, натижасини кўриб оладиган ҳам ўзимиз. Бош врачлар ва ўша жойда қурилиш-таъмирлашга мутасаддиларнинг ҳаракати эса ҳал қилувчи аҳамиятга эга, албатта. Биз объектларга тез-тез чиқиб, иш сифатини кўздан кечиряпмиз. Ҳозир "бўл-бўл"чилик билан яхши самарага эришиш қийин. Муаммолар туғилса, уларнинг ижобий ечимига эришиш учун ваколатимиз доирасида амалий кўмак беришга одатланганмиз. Лойиҳаларнинг вақтида, бекам-кўст бажарилиши керак-да. Салгина бепарволик, кейин қимматга тушиши мумкин. Оқилона ҳаракат, қурилиш-таъмирлашдаги тартиб-қоидалар, замон талабига мувофиқ иш юритиш масъулиятини сира унутишга ҳаққимиз йўқ. Бугун буюртмачи ва бажарувчи ўртасидаги муносабатларнинг уйғунлиги, эл-юрт манфаатининг устуворлиги шуни тақазо қилади.

Айни пайтгача Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, перинатал марказида ва кардиология марказида, Янгиқўрғон, Наманган туман тиббиёт бирлашмаларидаги ишлар анча қониқарли эканлигини эътироф этсак, асло янглишмаймиз.

- Бошқа муассасалардаги ишларнинг бориши ҳали талаб даражасида эмасми?

- Худди шундай. Борганимизда камчиликлар кўплигидан кўнглимиз ранжияпти. Масалан, Поп, Косонсой, Норин, Уйчи ва Чуст туман тиббиёт бирлашмаларига қарашли объектларда куз-қиш мавсумига ҳозирлик ишлари суст. Сифат даражаси ҳам паст. "Бешкапа" ва "Чортоқ" болалар сиҳатгоҳларида, Наманган шаҳридаги айрим оилавий поликлиникаларда олиб борилаётган тайёргарлик ишлари шу кун талабларига жавоб бермайди. Биз мавжуд камчиликларни кўрсатиб ўтишимизга қарамай, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини кечиктириб юбориш ҳолатлари учрамоқда. Ахир ҳар юмушнинг ўз муддати бор, вақт ғанимат, бугун бой берилган соатларнинг ўрнини эртага кунлаб ҳам қоплаб бўлмайди. Шартнома талаблари қатъий. Вақт эса ҳеч кимни кутиб турмайди.

- Ҳадемай қиш совуғи бошланса, ўз-ўзидан шифо масканлари иссиқлигини белгиланган меъёрларда ушлаб туриш зарурати туғилади. Бунга муассасалар тайёрми, керакли ёнилғи ва ёқилги заҳиралари яратиб қўйилганми?

- Қозонхоналарнинг шайлигига деярли эришилмоқда. 30 та муассасадага 34 та эскирган қозонлар янгисига алмаштирилган. Улардаги сувни иситиш учун эса газ, электр токи ва ёқилғию ёнилғи лозим бўлади. Мавсумни муваффақиятли ўтказиш учун 12 минг 365 тонна кўмир ва кўмир-брикетга эҳтиёж борлиги учун тараддуд тадбирида шунча ёқилғи ғамлаш белгиланган эди. Ҳозиргача бунинг 73,1 фоизи келтириб қўйилди. Бошқача айтганда, 2500 тонна кўмир ҳамда 6500 тонна кўмир-брикет жамғарилди. Белгиланган миқдордаги ёқилғини ғамлаб олиш ҳаракати жадал давом эттирилмоқда. Уйлаймизки, тез фурсатда кўзланган кўрсаткич таъминланади.

- Демак, тизимдаги кузги-қишки мавсумга тараддуднинг якунловчи босқичига қадам қў­йилибди. Сиз айтгандек, барча катта-кичик раҳбару мутасаддилар, шифокорлару беморлар учун даволаш-профилактика муассасаларида шароитлар ва қулайликлар тобора яхшиланишига қаратилган юмушларнинг тўла-тўкис бажарилишига янада эътиборлироқ бўлишлари керак. Ахир эртанинг қувончига бугуннинг ташвиши кафолат яратиши ҳаётий ҳақиқатдир.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.