Аёл - муҳтарам зот. Унингсиз ҳаёт бенур, бефайз. Шундай экан бугунимиз чароғон, эртамиз ёрқин бўлиши учун оналарни ҳамиша ардоқлашимиз, саломатликлари тўғрисида ғамхўрликни кучайтиришимиз шарт. Акс ҳолда ҳаётимиздан ҳаловат кетади, тараққиётимиз депсинади.

Аёлни эъзозламоқ, оилани, Ватанни эъзозламоқ демакдир. Шу боис Юртбошимиз ҳар доим аёллар ҳақида гап кетганда каттадан катта эзгу ниятларни баён қиладилар, унинг рўёби учун барчамиз бирдай курашиб, бирдай жон куйдиришимиз кераклигини уқтирадилар.

Хотин-қизлар жамиятимизда ҳал қилувчи кучга эгаликлари учун уларга бўлган ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айнан саломатликларига бўлган доимий ғамхўрликнинг тобора кучайтирилаётганини шу сиёсатнинг барқарор ва бардавомлиги туфайлидир.

Чунончи, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан республикамизда жорий йилнинг 20 сентябрдан 20 октябригача "Соғлом аёл ойлиги" ўтказилмоқда. Мазкур ойликдан мақсад тиббиёт ютуқларидан ҳар бир инсонни баҳраманд этиш, ўсмир қизлар ва фертиль ёшидаги аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришдир.

Ойлик доирасида республикада 8 миллион нафар фертиль ёшидаги аёллар ва ўсмир қизлар тиббий кўрикларга қамраб олиниши режалаштирилган. Жумладан, бизнинг вилоятимизда ҳам аниқ мақсадларга йўналтирилган тадбирларни ташкиллашга киришилди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова қуйидагиларни маълум қилди:

- Вилоятимизда "Соғлом аёл ойлиги"ни самарали, аниқ ва тизимли ўтказиш чоралари кўрилди. Бунинг учун ҳар бир умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамширага ўз ҳудудидаги туғруқ ёшидаги аёлларни қайта хатловдан ўтказиш, уларни аниқ режа асосида тиббий кўрикка чақириш тавсия этилди. Вақти белгиланган чақириқ варақалари патронаж ҳамшира ва "Саломатлик мактаби" аъзоси томонидан ҳар бир аёлга шахсан тақдим этиляпти ва кўрикдан бир кун олдин аёлга яна бир бор эслатилмоқда. Тиббий кўрика аёллар тартиб билан, режа асосида "Саломатлик мактаби" фаоллари ёрдамида олиб чиқилмоқда. Спорт залларида югуриш машқлари ташкилланмоқда.

Тиббий кўрикни юқори савияда ташкил этиш мақсадида бу ишга шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари, вилоят шифохоналари, республика илмий-амалий тиббиёт марказлари филиалларидаги юқори малакали шифокорлар ҳамда патронаж ҳамширалар жалб этилаётир.

Мактаб, коллеж ва лицейларда ҳам тиббий кўрик ва соғломлаштириш акциялари ташкилланяпти. Аёллар ўртасида репродуктив саломатликни асраш, исталмаган ҳомиладорликликнинг олдини олиш, бехатар оналик, ўсмир қизлар ўртасида учрайдиган тиббий муаммоларнинг олдини олиш борасида мулоқот ва суҳбатлар уюштирилмоқда. Энг муҳими, тиббий кўриклар жараёнида аниқланган касалликлар амбулатор ва стационар шароитида даволанади. Ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг вилоят филиалларида соғломлаштириш ҳам режалаштириляпти.

Хулоса шуки, "Соғлом аёл ойлиги"да кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Дастлабки ўн кунликда пухта тайёргарлик билан амалий тадбирларга киришилган бўлса, иккинчи ва учинчи ўн кунликлари кўриклар ва тарғиботлар янада қизғин тусда давом эттирилиб, ойликнинг ҳар жиҳатдан самарали ўтказилиб, муваффақиятли якунланишига эришилади.

(Ўз мухбиримиз).