Мамлакатимизда ёш авлоднинг соғ­лом ва баркамол вояга етиши учун барча шароитлар яратиб қўйилган. Айниқса, турли сабабларга кўра касалликка чалинган болаларни соғломлаштириш, уларга ғамхўрликлар кўрсатиш давлатимиз ва кенг жамоатчилик эътиборидадир. Куни кеча вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамкорлигида "Ёшлар маркази"да ташкилланган хайрия тадбирининг иштирокчилари қандли диабет хасталиги билан оғриган болалар бўлишди.

Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, меҳнат фахрийси Абдурашид Убайдуллаев, Ўзбекистон Эндокринологлар Жамияти раиси ўринбосари, "Medilife-Farma" компа­ния­си раҳбари Зуҳра Раупова, вилоят эндокринология диспансери бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосовлар муҳтарам Юрт­бошимиз раҳнамолигида халқ бахту сао­дати йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар, хусусан эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшларга яратилаётган беқиёс имкониятлар, тақдир тақозоси билан баъзи касалликлардан азият чекаётган болаларни қўллаб-қувватлаш ва самарали даволаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирдилар. Бугунги акция ҳам шу йўналишдаги эзгу ишларнинг изчил давоми эканлиги эътироф этилди.

Мазкур хайрия тадбирига вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида яшовчи 180 нафардан зиёд болалар таклиф қилинган эди. Ота-оналари ва шифокорлари билан етиб келган ёш беморларга дастлаб қондаги қанд миқдорини тезкор аниқлайдиган тиббий асбобдан фойдаланиш тартиб-қоидалари батафсил тушунтирилди. Сўнгра ҳар бир болага беғараз глюкометр ва тест полосткалари тарқатилди. Шуниси аҳамиятлики, умумий қиймати салкам 60 миллион сўм бўлган ушбу энг замонавий тиббий асбобларни харид этишда шаҳар ва туман ҳокимликлари, ишбилармонлар вакиллари саховатпешалик қилишди.

- Фарзандларимиз учун қайғуриб, уларнинг кўнглини кўтариб, саломатлигини тиклаш мақсадида ташкил этилган тадбирда қатнашиб, жуда ҳам ғурурланиб кетдим, - дейди учқўрғонлик Гулчирой Аҳмедова. - Болаларимиз учун чексиз эъзоз ва эҳтиром кўрсатилди. Акция ташкилотчиларига чин дилдан раҳматлар айтамиз.

Байрамона руҳда ўтган инсонпарварлик акцияси турли маданий тадбирларни ҳам қамраб олди. Болалар ижодий жамоалари томонидан тайёрланган бадиий дастур тадбир қатнашчилари дилини хушнуд этди. Саховатли инсонлар туҳфа қилган дастурхон эса ўғил-қизларга ғоят манзур бўлди.

Шуниси эътиборга моликки, тадбир доирасида вилоятимиз тез тиббий ёрдам хизматига ҳам "Medilife-Farma" ва "Sanofi" компаниялари совғаси сифатида глюкометр ва тест полоскалари топширилди.