Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Ҳамширалар Ассоциацияси ҳамкорлигида "Саломатлик-инсон ҳуқуқи, уни таъминлашда ҳамшираларнинг ўрни ва истиқболи" мавзуида 10-12 май кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилган ҳамширалар семинари ва катта байрам концерт дастурларида вилоятимиз даволаш-профилактика муассасаларида меҳнат қилаётган илғор, фаол ўрта тиббиёт ходимларидан бир гуруҳи иштирок этишди.

Вилоятимиздан 100 нафар ҳамширалар ички туризм тамойиллари асосида янги қурилган "Поп-Тошкент" темир йўл йўналиши орқали поездда Тошкент шаҳрига олиб борилди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги "Касаба сайр" сайёҳлик ташкилоти томонидан ходимларимизга юқори савияда хизмат кўрсатилди. Пойтахт марказидаги энг шинам меҳмонхоналарга жойлаштирилди. Тушлик ва кечки овқатланишлар ҳам ресторанларда, таниқли санъаткорлар чиқишлари билан ташкилланди. Алишер Навоий номли театрда ўтказилган халқаро анжуман эса янада мароқли кечди. Тантанали маросимда сўзга чиққан мутасаддилар ҳамшираларни шарафли ва масъулиятли меҳнатларини алоҳида эътироф этишди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вилоят кардиология маркази ҳамшираси Асилахон Ғозиева ҳамда РШТЁИМ Наманган филиали ҳамшираси Саодатхон Эшонхўжаеваларнинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.

Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Санобар Қодирова билан Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 5-оила поликлиникаси ҳамшираси Феруза Абдураҳмоновалар эса вазирликнинг Фахрий ёрлиғи билан рағбатлантирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан нафақат касбий, балки жамоат ишларидаги фаолликлари учун Мингбулоқ ТТБнинг 9-қишлоқ оилавий поликлиникаси катта фельдшери Илҳомжон Абдухолиқов ҳамда Косонсой ТТБга қарашли 6-сонли қишлоқ врачлик пункти ҳамшираси Зуҳрахон Сиддиқовалар Фахрий ёрлиқ билан мукофотландилар.

«Туркистон» саройида ташкилланган таниқли халқ артистлари, хонандалар, санъаткорлар иштирокидаги катта концерт дастурларини мароқ билан томоша қилинди. Вакилларимиз Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, музейлар, истироҳат боғлари ва янги қад ростлаган маъмурий ва маданий бинолар, улардаги янгиликлар билан танишиб, бир олам таассуротлар билан яна меҳнат қучоғига қайтишди.

Аббосхон МАМАДАЛИЕВ,

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг

Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси.