Шифохона ҳовлисида янграган мусиқа ва қўшиқлар бугун ҳеч кимга малол келмади. Ахир байрамнинг ўзига хос ярашиғида бундай оҳанглару наволар. Беихтиёр каттаю кичик атрофи гулзорларга туташ бўйдор дарахтлар соя ташлаган майдонча томон ошиқди. Чор тарафдаги ўтирғичларни эгаллашди. Тантана қатнашчилари кўплигидан тик турганлар ҳам саф-саф бўлиб борди.

Ниҳоят байрам тадбири бошланди.

- Қутлуғ айёмингиз муборак бўлсин, азиз кичкинтойлар! - дея байрам билан табриклади вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи ўринбосари Жамилахон Отабоева. - Бугунги сизларнинг унутилмас байрамингиз - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни биз катталарнинг қалбларимизни ҳам бир олам қувончга тўлдиради. Чунки, болалар соғлиғи, уларнинг хуш кайфияти, аввало ота-оналарга, қолаверса, шифокорларингизгаям шодлик бағишлайди. Биз учун бемор табассумидан қимматлироқ ҳолат йўқ. Бахтимизга доимо соғу омон юринглар, тантанада фаол қатнашиб, ота-оналарингиз билан биргаликда яйраб, мароқ туйинглар.

Ҳур Ўзбекистонни улуғловчи ҳуррам ўғил-қизлар ўз хурсандчиликларини ифодалашиб даврада тизилишди. Бирлари шеър, бирлари қўшиқ айтишса, қолганлари тўда-тўда бўлишиб рақсларга тушишди. Уларни ота-оналари қарсаклар билан олқишлаб туришди.

- Мен Чортоқдаги академик лицей муаллимасиман, - деб ўзини таништирди ҳаяжон оғушида сўзга чиққан Нуржаҳон Файзиева. - Қизим Моҳинур аллергик дардга чалинганди. Бир ҳафтадирки, шифокоримиз Икромжон ака Абдуллажонов меҳр билан даволаяптилар. Мана, ўзи ҳам анча соғайиб, ёнимда турибди. Сизларга ёдлаган шеърларидан айтиб бермоқчи.

Беш ёшли Моҳинурнинг бурро-бурро байт­ларини тинглаган бошқа болалар ҳам даврага талпинишди. Бахтиёр болаликни шарафловчи ўзига хос мушоирани катталар қарсаклар чалишиб, зўр мамнуният билан фарзандларини олқишлашиб, уларга рағбат ёғдириб, кўтаринки кайфият уйғотишди.

Тиббиёт марказининг кардиолог врачи, иккинчи даражали "Соғлом авлод" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари нишондори, вилоят Кенгаши депутати Иброҳимжон Абдуллаев болажонларнинг даврасига қўшилди. Уларни қутлаб, эзгу тилаклар билдирди. Истиқлолли юртимизда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг самараларини алоҳида тилга олиб, Ўзбекистоннинг эртанги эгалари бўлмиш болаларга соғу омонлик тилади.

Тадбир тобора авжланди. Беморлар беморлигини ҳам унутиб юборишди гўё. Буни кўрган ота-оналарининг қалбларига қувонч­лар тўлди.

- Мен Чуст шаҳридан келганман, икки ёшли ўғилчам Шукуржон неврологларнинг муолажалари туфайли ўзини бардам ҳис қиляпти. Бу галги муолажа чоғи унутилмас тантаналарга тўғри келганини айтмайсизми. Шўх куй-қўшиқларни эшитиб, палатада туролмади. Болалар олдига олиб чиқиб, биргаликда шодлигимизни баҳам кўряпмиз. Шундай шароитларни яратиб қўйган давлатимиздан, меҳридарё ва бағрикенг саломатлик посбонларидан беҳад миннатдормиз, - дейди Дилдора Мамажонова мамнун оҳангда.

Марказда шу куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиясига кўра, "Биз сен билан биргамиз, болажон!" шиори остида акция ўтказилди. Гематология бўлимида донорлар кутиб олинди.

Вилоят қон қуйиш маркази ходимлари акция қатнашчиларига барча қулайликларни яратиб бердилар. Ўзига хос хайрли ва савобли тадбир дард чекаётган болаларнинг тезроқ қувватга кириши учун донорлар кўмагини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.