Вилоят стоматология поликлиникаси мажлислар залида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Уни бошқарма бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов бошқарди.

Дастлаб "Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва унинг тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари, Қарорлари ва Фармойишлари ҳамда топшириқларининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳамда 2018 йилда бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар тўғрисида"ги масала муҳокама этилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботировнинг маърузасида қайд этилганидек, Наманган шаҳар тиббиётида ўз ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Оилавий поликлиникалар талаблар даражасида фаолият кўрсатмаяпти. Соғлиқни сақлаш ходимлари ўз зиммаларидаги масъулиятли вазифаларни чуқур ҳис этишмаяпти. Энг муҳими - талабчанлик, ижро интизоми етарли даражада йўлга қў­йилмаган.

Йиғилишда Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбариятидан, оилавий поликлиникалар бош шифокорларидан ўзибўларчилик ҳолатларига барҳам бериш талаб этилди. Қатор тиббиёт муассасалари мутасаддиларига ишда кескин бурилиш ясаш зарурлиги уқтирилди.

Ҳайъат йиғилишида шунингдек, бошқарма бошлиғи ўринбосари Мухторжон Жўрабоевнинг "2018 йилги Инвестиция дастури ижроси ва келгуси куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бў­йича чора-тадбирлар дас­тури ҳақида"ги, вилоят тери-таносил касалликлари диспансери бош шифокори Яҳёжон Айтуғдиевнинг "Дерматовенерологик ва тиббий косметология ёрдамини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар комплекси ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида"ги, бошқарма бош мутахассиси Ойбек Турдиматовнинг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг фаолияти таҳлили ҳақида"ги маърузалари эшитилди. Муҳокамалар чоғида бу йўналишларда кузатилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикрлашиб олинди.

Бошқарма ҳайъат йиғилишида ваколат доирасидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.