Аҳоли турмуш фаровонлиги, уларнинг бизнесдаги муваффақияти давлат хизматларининг сифати, тезлиги, ҳар қандай мураккаб тартиб-таомиллардан холи экани ва айниқса шаффофлигига боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабр­даги "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳамда мазкур Фармон ижроси юзасидан "Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агент­лиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарор нафақат тадбиркорлик субъектларига, балки фуқароларга ҳам айни муддао бўлди. Мазкур соҳанинг ташкил этилиши аҳолининг вақт ва молиявий ҳаражатларини тежаш, давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишини таъминлашга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, "Ягона дарча" тамо­йили бўйича хизмат кўрсатиш мақсадида Республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарларини қамраб олган Халқ қабулхоналари ҳузуридаги давлат хизматлари ҳозирги вақтда "Фуқаролар эмас, ҳужжатлар харакатланади" шиори билан нафақат тадбиркорларга, балки аҳолига ҳам энг зарур ва талаб даражаси юқори бўлган хизматларни кўрсатмоқда. Жумладан, вилоятимизда фаолият юритаётган давлат хизматлари марказларида жорий йилнинг 1 июнигача 65 та хизмат турига жисмоний ва юридик шахслардан жами 84814 та мурожаат келиб тушган.

Маълумки, май ойида Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази 50 дан зиёд хизмат турлари билан фаолиятини бошлаган эди. Бугунга келиб мазкур марказ хизмат турларининг умумий сони 80 дан ошган.

Марказда электрон навбат тизими жорий этилган. Халқ қабулхонаси, нотариал идора, ФХДЁ, паспорт бўлимлари, суғурта, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизматлари, банк шохобчаси, бошқа хизматлар жойлашган. Тез тиббий ёрдам, болалар майдончаси ва кафе мижозлар хизматида.

Мазкур тузилма вакилларининг иш жараёни билан яқиндан танишдик. Рўйхатга олиш бўлими ходими Ҳамид Абдуллаев турли масалада келган фуқаролар билан муомала маданиятига амал қилган ҳолда уларнинг кимга, қачон ва қай куни, қай тартибда учрашиши лозимлиги ҳақида тушунча бермоқда. Меҳнат фахрийси Асқаржон Мамажонов Наманган шаҳар ҳокими ҳузурига кириш учун келганлигини билдирганда, унинг талаби зудлик билан қондирилди. Алоқа оператори Жаҳонгир Раҳмонов ҳам ҳушмуомалалик билан электрон навбат орқали фуқароларни А ва В секторларга йўналтириш билан банд.

- Фарзандим Ҳумоюнмирзони Наманган шаҳридаги 16-мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун мурожаат қилган эдик ва тегишли ҳужжатларни топширгандик, - дейди Моҳира Маҳмудова. -Бу ерда электрон навбатга қўйишганди. Навбатимиз келганида ўзлари хабар қилишди. Мана бугун ҳеч қандай оворагарчиликсиз МТМга йўлланмани беришди. Хизматларидан мамнун бўлдим.

- ИНН (СТИР) рақами олиш учун марказга ташриф буюрган эдим, - дейди Нигора Мавлонова. - Бир кун илгари тегишли ҳужжатларни тақдим қилдим. Мана ҳозир, адашмасам уч ёки беш дақиқа вақтим кетди, холос. СТИР рақамимни беришди.

Қайд этиш лозимки, бу даргоҳда кўрсатилаётган хизматлар сифати ва шаффофлиги, яратилган шароитларнинг барчаси фақатгина фуқароларнинг мушкулини осон, узоғини яқин қилишга қаратилган.

"...-Биз бу хизматни нима учун ташкил қилдик? Адолат бузилмаслиги, коррупция бўлмаслиги, одамлар қийналмаслиги учун, - деган эди Президентимиз марказга ташрифи чоғида. - Ушбу муассаса давлат хизматлари марказлари фаолиятини ташкил этишнинг Наманган тажрибаси, одамлар билан мулоқотнинг янги намунаси бўлади. Энг катта ютуғимиз бундай идораларда энди фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади...".

Яна бир янгилик - жорий йилнинг 15 июнидан бошлаб Тошкент Давлат юридик инстутитутига ўқишга кириш истагида бўлган вилоятимиз абитуриентлари ҳужжатларини Наманган шаҳридан, аниқроғи Наманган шаҳар Давлат хизматлари марказидан туриб топширишлари мумкин. Бундай шароит абитуриентларнинг вақтларини тежаш билан бирга уларга иқтисодий жиҳатдан молиявий кўмак ҳам беради. Энди улар фақат имтиҳонга боришлари мумкин бўлади. Келгуси йилдан эса пойтахтдаги барча олий ўқув юртларига шу ердан туриб, ҳужжат тақдим қилиш жорий қилинади.

Давлат хизматлари марказида яна бир хайрли ишга қўл урилганлиги ғоят қувонарли. Яъни хориждан кўчма мобил қурилмасининг келтирилганлиги энди ҳаракати чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронларнинг биометрик пас­порт­га эга бўлишларида қулайлик яратмоқда. Ҳозирги кунгача Поп туманидаги "Мурувват" уйи ва Наманган шаҳридаги "Болалар уй"ларида фаолият олиб борган кўчма мобил гуруҳи эндиликда вилоятимизнинг энг чекка-чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган кексалар, ҳаракати чекланган гуруҳ ногиронларининг хонадонларида хизмат кўрсатяпти. Мазкур қурилманинг Республика бўйича фақат вилоятимизда жорий қилинганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу эса аҳолининг ижти­моий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳам ҳамиша эътибор ва ғамхўрлик оғушида эканлигининг амалий исботидир.

Медиатур доирасида марказда матбуот анжумани ҳам ўтказилди. Унда Давлат хизматлари агентлигининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Закирова, агент­ликнинг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Дилмурод Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган ви­лоятидаги Халқ қабулхонаси мудири вазифасини вақтинча бажарувчиси Неъматилла Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири Фарҳод Раҳимбоевлар Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Наманган шаҳар давлат хизматлар агентлиги фао­лия­тидаги сўнгги ўзгаришлар ва янги хизматлар ҳақида маълумотлар беришди.

Куннинг иккинчи ярмида Учқўр­ғон туманига йўл олинди. Туманнинг қўшни Қирғизистон билан чегарадош Қўғай қишлоғидаги мусиқа ва санъат мактабида Президентнинг Халқ қабулхонаси ва сектор раҳбарлари иштирокидаги сайёр қабул бўлиб ўтди. Қабулда одамларни қийнаётган баъзи муаммолар шу ернинг ўзида бартараф қилинди. Масалан, «Ёшлик» маҳалласида истиқомат қилувчи, ногирон Олимжон Солижоновнинг уй-жой масаласидаги мурожаати қондирилди. Туман ҳокими Азимжон Ваҳобов унга яқин кунларда кам таъминланган оилалар учун қурилиши кўзда тутилаётган кўп­қаватли хонадонлардан бирини амалдаги тартибларга кўра берилиши лозимлигини айтди.

Шунингдек, ушбу ҳудудда Наманган шаҳар Давлат хизматлари марказининг махсус автобусида қишлоқ аҳолиси учун сайёр хизматлар ҳам кўрсатилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган барча ислоҳотлар ҳалқимиз учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Бунинг биргина мисолини мана шундай марказлар фаолиятида кўриш мумкин. Давлат хизматлари маркази "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган улуғвор ғоянинг рўёбига хизмат қилади, дейиш мумкин.

Манзура ЭРГАШЕВА.