Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5270-сонли Фармони ижросини таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошрилмоқда. Рамазон ойи арафасида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан барча шаҳар ва туманларда ташкил этилган хайрия тадбирларида бу эзгу амаллар яна бир карра ўз ифодасини топди.

Наманган шаҳридаги "Шердор" тантаналар мажмуида кечган шодиёнада юз нафар ногирон ва ўзгалар парваришига эҳтиёжманд кишиларга эҳтирому эътибор кўрсатилди.Тиббий-ижтимоий ёрдам хизмати доирасидаги саховат айёмида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, айниқса аҳолининг заиф қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганлигини таъкидлади.

Тўкин дастурхон атрофида давра қурган турли ёшдаги кишиларнинг кўрсатилган илтифотдан диллари яйради. Маросим якунида бир гуруҳ эҳтиёжмандларга ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар тарқатилди.

Уйчилик Ҳадичахон ая Насриддинова оғир хас­талик туфайли тўшакка михланиб қолганди. Ногирон аёл энди туман марказидаги "Мус­тақиллик боғи"да уюштирилган ижтимоий тадбирни асло ёдидан чиқармайди. Ҳокимлик томонидан ногиронлар аравачаси туҳфа этилганида онахоннинг кўзларида ёш қалқиди. Шу куни нафақат Ҳадичахон ая, балки туманда яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар учун зиёфат қилиб берилди. Меҳмонлар ногиронлар аравачасидан ташқари ҳасса, қўлтиқтаёқ ва эшитиш воситалари билан таъминландилар.

- Узоқ йиллар ирригация соҳасида ишлаганман. Касб касаллиги туфайли ногиронлик нафақасини оламан. Қулоғимдаги хасталик оқибатидан қийналардим. Бугун эшитиш воситаси билан таъминландим. Биз кабиларга ғамхўрлик қилаётган давлатимиз раҳбарига чин дилдан раҳматлар айтаман, - дейди Собиржон ота Мамадалиев.

Чортоқ туманида яқиндагина қуриб битказилган тантаналар мажмуига илк меҳмон сифатида туманда истиқомат қилаётган кўнгли ўксик инсонлар таклиф этилди. Улар учун ёзилган дастурхонга ўлкамиз ноз-неъматлари тортилди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар эса тадбирга файз бағишлади. Туман ҳокими Ойбек Ҳайдаров ва бош­қалар аҳолининг ночор қатламлари ҳамиша диққат-эътиборда эканлигини таъкидлашди.

- Шундай саховатпеша юртда яшаётганимдан бахтиёрман, - дейди 2-гуруҳ ногирони Пўлатжон Ҳайдаров. - Бугун мен ҳам аравача билан тақдирландим. Энди ўзим кўчаларга чиқиб, одамлар билан мулоқотда бўламан. Ҳеч ким ётиб қолмасин, асло.

Янгиқўрғон марказидаги "Экопарк" истироҳат боғининг бу галги энг азиз меҳмонлари ўзгалар парваришига муҳтож кишилар бўлишди. Мурувватли инсонлар уларнинг кўнглини олиш учун елиб югуришди. Дастурхонларга энг яхши қандолатчилик маҳсулотлари, ширин таомлар қўйилди. Одамлар тадбирга таклиф этилган кишиларга меҳру мурувват кўрсатишди.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Асадулла Нажмиддинов барчани улуғ айём билан муборакбод этди. Давлат қарамоғидаги инсонлар ҳеч қачон ёлғиз қолдирилмаслиги, улар алоҳида эътиборда эканликлари ҳақида гапирди. Маросим давомида 92 нафар ногирон махсус аравачаларга ўтқазиб қўйилди.

Косонсой туманида бўлиб ўтган шодиёна ҳам ўзига хослиги билан ажралиб турди. Муҳташам "Истиқлол" тантаналар мажмуига жамул-жам бўлган ёшу қари учун пойтахтлик бир гуруҳ таниқли санъаткорларнинг ташрифи кутилмаган совға бўлди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қошидаги ансамбль қатнашчилари ҳаракат аъзоларидаги нуқс ёхуд касаллик туфайли юра олмаётган кишиларга қувончу шодлик улашдилар. Туман ҳокими Жавлонбек Йўлдошев ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари томонидан 50 нафар ногиронга аравачалар ва ҳомийларнинг туҳфалари топширилди.

- Ўзгалар далдаси ва мададига муҳтож инсонларнинг дилини шод этиш ғоят савобли иш. Бугун ана шундай хайрия акциясида қатнашиб, юртдошларимизга завқу шавқ ато этганимиздан ғоят мамнунмиз, - дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Учқун Тиллаев.

Бундай саховат тадбирлари Мингбулоқ, Наманган ва Тўрақўрғон туманларида ҳам ғоят кўтаринки руҳда ўтказилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси ногиронларга, ёлғиз қариялар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдамни ташкиллаштириш бўлимидан тақдим этилган маълумотда қайд этилишича, тадбир кунлари 1524 та катталар ва 183 та болалар учун ногиронлар аравачаси, 240 та ҳасса, 209 та қўлтиқтаёқ ва 207 та эшитиш воситалари эгаларига етказилди. Жараён давом этмоқда. Ҳеч бир инсон меҳр ва эътибордан четда қолмайди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.