Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасалари жамоалари томонидан Учқўр­ғон туманида кенг қамровли тиббий тадбирлар амалга оширилди. 14 та гуруҳга бўлинган шифокорлар отрядлари барча маҳаллаларда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказди. Хонадонма-хонадон юрилиб, патронаж хизмати кўрсатилди. Аҳоли ҳузурида, таълим масканларида эса соғлом турмуш тарғиботига бағишланган давра суҳбатлари, мулоқотлар ташкил этилди. Бинобарин, туман марказидаги ўйингоҳда уюштирилган "Соғлом турмуш - саломатлик гарови" шиори остидаги соғломлаштириш тадбири кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тад­қиқот институти вилоят бўлинмаси, "Нуроний" жамғармаси вилоят Кенгаши ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида уюштирилган тадбир аввалида туман кўп тармоқли поликлиникаси шифокорлари меҳнат фахрийлари, аҳоли вакиллари, аёллар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикка чорлашди. Терапевт, кардиолог, стоматолог, жарроҳ, акушер-гинеколог, окулист ва бошқа тор доирадаги мутахассислар ҳар бир фуқаронинг ҳолатини мукаммал ўрганиб чиқишди. Лаборатория таҳлиллари, ультра товуш текширувлари ҳам шу ернинг ўзида олиб борилди.

Соғлиғини назоратдан ўтказиб кўнгли хотиржам бўлган кишилар биринма-кетин давра суҳбатига таклиф этилдилар. Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси ходимлари дастлаб нуронийлар вакиллари билан мулоқот қилишди. Кекса ёшдаги кишиларга соғлом турмуш тарзи тамойиллари ҳақида тушунча берилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов ва "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Икромхон Нажмиддиновлар қариялар ҳузурида муҳтарам Юртбошимизнинг вилоятимизга ташрифлари чоғида берган топшириқлари асосида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилиш тар­ғиботини кучайтириш зарурлиги ҳақида гапирдилар. Айниқса, соғлом овқатланиш ғоят муҳим аҳамият касб этиши хусусида фикр юритилди.

Акция шарофати билан ўйингоҳга келган отахонлар ёшларга ибрат тариқасида пиёда юриш машқини бажариб бердилар. Тадбирда фаоллик қилган отахон ва онахонларга Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмасининг туҳфалари берилди. Саломатликни мустаҳкамлаш ҳақида тавсия берувчи ўндан ортиқ турдаги буклетлар тар­қатилди.

- Мазкур акцияга Учқўрғонда асос солинди. Энди уни вилоятимизнинг барча туманларида бундан ҳам оммабоп тусда ташкиллаш режасини тузиб олдик. Мақсадимиз - фақат маъруза ва чиқишлар билангина эмас, балки одамларни қизиқтириш, фаолларнинг намунаси билан соғ­лом ҳаёт кечиришга самаралироқ равишда ундашдан иборат, - дейди Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси директори вазифасини бажарувчи Ирода Мусаева.

Шу куни ўйингоҳда лойиҳа доирасида мактаб ўқувчилари ўртасида спортнинг бешта тури бўйича турнирлар бўлиб ўтди. Енгил атлетикачилар баҳси арқон тортиш беллашувларига, футбол ўйинлари эса чим устида хоккей мусобақаларига уланиб кетди. Ҳар бир жамоа аъзоллари ҳамжиҳатликда курашиб, ғолиблар сафида бўлиш учун интилдилар. Кучлиларнинг энг кучлилари сов­риндорлар сафидан ўрин олди. Спортчи ўғил-қизларнинг саломатлиги шифокорларнинг қатъий назоратида турди. Биринчилик якунида фаол ва маҳоратли спортчилар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг алоҳида совринлари билан тақдирланди. Сов­ғаларни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов тантанали суратда болаларга топширди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.