Аҳоли саломатлигини кафолатли муҳофаза қилиш ва кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янги босқичга кўтариш ғоят долзарб вазифадир. Шу билан бирга саломатликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири эса фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш ва уларнинг соғлиқни сақлашга оид билим ва тушунчаларини бойитишдан иборатдир. Бугун Норин тумани тиббиёт бирлашмаси тизимида, қишлоқ ва маҳаллаларда, таълим масканларида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар мана шу фаолият уйғунлигини таъминлашга қаратилгандир.

Дарҳақиқат, айни пайтда саломатлик посбонлари кирмаган хонадон, муассаса ва ташкилот қолмаяпти, десак муболаға қилмаган бўламиз. Амалга оширилаётган тарғибот тадбирлари марказидан аввало одамларнинг тиббий саводхонлигини янада оширишга доир таъсирчан фаолият асосий ўринни эгалламоқда. Вилоят тиббий жамоатчилиги вакиллари, айниқса Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ҳамда унинг вилоятимиздаги ҳудудий бўлинмаси илмий ходимлари, етакчи мутахассислари туманнинг барча ҳудудида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришмоқда. Аҳоли вакиллари, талаба ва ўқувчилар билан учрашув ҳамда мулоқотларда соғлом турмуш тарзи тамойиллари, соғлом овқатланиш шартлари, ҳомиладор аёлларни тўйимли овқатлантириш мавзуидаги маърузалар ўқилмоқда.

- Шу билан бирга тасвирий тарғибот воситалари, тарқатма материаллар, айниқса ижтимоий роликлардан самарали фойдаланяпмиз, - дейди Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди Кенжабой Исмоилов. - Масадимиз тиббий тарғибот ишлари натижадорлигини ошириш ва юртдошларимизнинг саломатлик ҳақидаги билим ва кўникмаларини бойитишдан иборат.

Норинда кечаётган ҳамкорликдаги фаолият фақат тиббий тарғиботдан иборат эмас, балки аҳоли саломатлигини мус­таҳкамлаш билан боғлиқ ишларни янада кучайтиришга эришишга йўналтирилган. Аҳоли қатламлари, айниқса ҳомиладор аёллар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш масаласига ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Вилоятнинг энг тажрибали ва малакали шифокорларидан иборат тиббий бригадалар туманга сафарбар этилган. Улар маҳаллий ҳамкасблари билан бирга касалликларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш учун бор билим ва тажрибаларини сафарбар этмоқдалар.

Суратда: Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ходимлари норинлик шифокор ва ҳамширалар билан Ҳаққулобод шаҳридаги Фурқат маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўчаларда иш олиб боришмоқда.