Вилоят ихтисослаштирилган болалар ревматология сиҳатгоҳида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, спорт - соғломлаштириш ишларига эътибор кучайтирилмоқда. 9 май - Хотира ва қадрлаш куни арафасида ташкилланган "Аждодлар руҳи бизга мададкор" тадбири спорт мусобақалари ҳамда марҳумларга эҳтиром, фахрийларга ҳурмат тарзида бир неча бос­қичда ўтказилди.

Дастлаб сиҳатгоҳ бош врачи Ҳотамжон Бадалов байрам билан тадбирга таклиф этилган сиҳатгоҳнинг фахрий педагоглари ва ходимлари муборакбод этди.

Сиҳатгоҳ бош шифокорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳасанбой Холиқов тадбирнинг мазмун-моҳиятини сўзлаб кенг тушунча берди.

"Шифокор ва ҳаёт" газетаси мухбири, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Рустамали Мамадалиев тадбир иштирокчиларини табриклади. Соғлом фикрли инсонларнинг камол топишида спортнинг аҳамияти ва аждодларга ҳурмат эҳтиром кўрсатишдек миллий анъаналаримиз ёшларга ибратли мактаб бўлишини таъкидлаб ўтди. Тарихни ўрганиш, китоб мутолааси ҳақида гапириб, меҳр-оқибат, эзгулик тўғрисидаги янги шеър­ларидан ўқиди.

Фахрий педагог Баҳромжон Турдиев эса марҳум ҳамкасбларини ёд олиб, нафақадаги фахрийлар ҳақида ҳам тўлқинланиб сўзлаб берди. У ёшларни аъло баҳоларга ўқиб, Ватанимизга содиқ фарзанд­лар бўлишларига тилак билдириб, мусобақа қатнашчиларига омад тилади.

Сиҳатгоҳнинг сўлим жойида ташкилланган "Алпомиш издошлари" номли белбоғли кураш мусобақасида Наманган туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ёш полвонлари мураббийлари бошчилигида маҳоратларини намойиш этдилар. Хотира турнирида, шунингдек, стол тенниси, шахмат ва шашка каби спорт турлари бўйича беллашувларда чаққон, эпчил, зийрак, иқтидорли ўқувчилар сараланди. Мусобақалар ниҳоятда ҳаяжонли лаҳзаларга бой тарзда ўтди.

Ғолибларга сиҳатгоҳ маъмурияти, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси "Миллий тикланиш" социал демократик партияси вилоят Кенгаши ва ҳомийларнинг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Сиҳатгоҳ маъмурияти вакиллари Ёшлар иттифоқи бошлан­ғич ташкилоти аъзолари, даволанувчилардан иборат вакиллар марҳум ходимлар ҳамда нафақадаги меҳнат фахрийлари хонадонларига ташриф буюриб, муборак айём билан қутлаб, байрам совғалари топширдилар.

(Ўз мухбиримиз)