Халқимиз азалий одатига кўра яхшиларнинг сийловини меҳрга жо қилиб олади. Буни ҳурмат-эҳтирому эзгу тилаклар ила ифодалайди. Сийловларнинг соҳиблари эса самимий муносабатлардан беҳад яйраб-яшнашади. Сидқидил хизматлари эвазига топаётган обрў-эътиборлари уларга янада куч-қувват, ғайрат-шижоат бахш этади. Шу боис, элнинг назарига тушиш иштиёқи инсонни ҳамиша касбига садоқат билан фидойиларча меҳнат қилиши ортидан насиб айлайди. Уйчилик Муҳаммадюсуф Раҳмонов ана шундай бахтга мушарраф шифокорлардан. Унинг меҳнат дафтарчаси пенсияга чиққанига олти йил бўлса ҳамки ҳали ҳануз ёпилгани йўқ. Лекин хизмат стажи қирқ тўрт йилга етмоқда. Ҳамон масъулиятли вазифада, ҳамон камтар, самимий, одамшинаванда, катта-кичикка дардкашу дармонбахш. Сўзамоллиги донишмандликка уйғун. Бу қадар камолат касб этиши ўз-ўзидан бўлган эмас, албатта.

Келинг, яхшиси бир бошдан ҳикоя қила қолайлик. Ғайрат қишлоғилик Турғунбой ота билан Умихон она серфарзанд эдилар. Шунга қарамай, тўрт қизу етти ўғилнинг бири бўлган Муҳаммадюсуфнинг орзулари ушалиши учун 1969 йили Тошкент давлат тиббиёт институтига оқ фотиҳа билан кузатиб қўйишди. Мактабнинг аълочи ўқувчиси устозларининг ҳам, ота-онасининг ҳам ишончини оқлади. Олти йил тиббий сабоқ олди. 1974 йили Чуртук қишлоқ участка шифохонасида врач-стоматолог сифатида халққа хизмат қилишни бошлади.

У моҳир тиш дўхтирлигидан ташқари ташкилотчи ва ташаббускор эканлигини тезда кўрсата олди. Қишлоқдан туман марказидаги поликлиникага ишга ўтказишди. 1980 йили туман марказий касалхонаси касаба уюшмалари қўмитаси раислиги вазифасига сайланди. Жамоат ташкилотининг ишини уддабуронлик билан юритган ёш мутахассис 1981 йилдан туман стоматология поликлиникаси бош врачлигига, 1986 йилдан туман марказий касалхонаси бош врачининг ўринбосарлигига лойиқ кўрилди. 1994 йилдан эса вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида роса 10 йил фаолият юритди. Дастлаб бошқарма бошлиғининг умумий ишлар бўйича ўринбосарлигини бажарган бўлса, кейин биринчи ўринбосарлик мақомини эгаллади. 2001-2004 йилларда бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб, истиқлол ислоҳотларини изчил амалга оширишга бош-қош бўлди.

Биз вилоят тиббиёт тизимига тўрт йиллик раҳбарлик даврларида амалга оширилган ишларни у кишининг ўзидан сўрамай, ўша пайтда матбуотда ёритилган мақолаларга кўз югуртириб, айрим далиллар (аслида тилга олса арзигули янгиликлар жуда кўп бўлган экан)гагина таяниб, қисқа ва лўнда фикр юритишни мақсадга мувофиқ деб билдик. "Марказий Осиё маданияти" газетасининг 2003 йил 18 январь сонида бир саҳифали мақола ва бошқарма бошлиғи билан мухбирнинг мулоқоти ёритилган. Унда ёзилишича, Юртбошимизнинг "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида"ги Фармони асосида вилоят кўп тармоқли шифохонаси ўрнида ташкилланган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган вилоят филиали фаолияти тобора давр талаблари даражасига кўтарилиб борди. 2001-2002 йилда шифокорлардан бир гуруҳи Россиянинг Санкт-Петербургида, яна бир гуруҳи Украинада ўқитилиб, малакаларини мукаммаллаштириб қайтишди. Туман марказий шифохоналарида шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари очилди. Ҳар бир туманда бир нечтадан қишлоқ врачлик пунктлари қурилиб, жиҳозланди, тиббий хизмат халққа яқинлаштирилди. Оналар ва болалар ўртасида касалланиш ҳамда ўлим ҳолатлари кескин камайтирилди. Хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этишга жадал киришилди. 2002 йилда Республика саломатлик институтининг вилоят филиали ташкил қилинди. Вилоят онкология шифохонасида "Ўсма касалликларни барвақт аниқлаш" бўйича илмий ишларга асос солинди. Вилоят кўп тармоқли шифохонаси таркибида ихтисослашган бўлимлар иш бошлади. Вилоят стоматология поликлиникаси фаолияти такомиллаштирилди.

Муҳаммадюсуф ака 2004 йилдан буён Уйчи туман тиббиёт бирлашмаси бош врачининг даволаш ишлари бўйича биринчи ўринбосари вазифасида ҳормай-толмай фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Катталарга ҳурматдан, кичикларга иззатдан ҳамиша мартабалари улуғ.

- Раҳбарликда озми-кўпми ишлаб англадимки, сабр-тоқатда, ўзгаларни эшита билишда, олдингизга қўйилган муаммоли масалаларга ўз вақтида жўяли ечим топишда гап кўп экан. Қаттиққўлликни, қўполликни ва ортиқча йиғилиш чақиришни ҳеч ёқтирмаганман. Ғараздан йироқман. Яхши муомала ва адолатли муносабатни тарбиянинг етакчи омили ҳисоблаган киши ҳеч ютқазмайди. Биз, аввало, врачлигимизга монанд бўлолсак, беморлар атрофимиздан аримайди. Бемалол нажот истаб хона эшигимизни очиб кираверади. Чеҳраси очиқ, соғайишга умидвор кўзлари ёниқ ҳолда чиқиб кетишлари касбий билим ва малакамизга, муомала маданиятимизга ғоят боғликлигини бирор лаҳза унутишга ҳаққимиз йўқ. Ахир Президентимиз Шавкат Мирзиёев биз фахрий шифокорларнинг бой тажриба ва юқори малакаларимиздан унумли фойдаланиш учун ойлик маошимиздан ташқари пенсияларимизни ҳам тўлиқ олиш имтиёзини бежиз яратиб қўймадилар. Бунга ҳалол ва фаол хизматимизгина муносиб жавобимиз бўлиши мумкин.

Муҳаммадюсуф Раҳмонов пиру бадавлат инсон. Умр йўлдошлари, фахрий муаллима Маҳбубахон опа билан Нигора, Дилдора ва Дилрабодек ажойиб қизларни вояга етказишган. Улар ҳам шифокору муаллималикда ота-оналари сингари эл олқишига сазоворликни ўзлари учун катта шараф деб ҳисоблашади.

Содиқ САЙҲУН.