Озод ва обод мамлакатимиз халқининг саломатлигини сақлаш аслида осон иш эмас. Бу соҳа муваффақиятининг омили аввало давлатимизнинг зарур маблағни аямаётганида бўлса, айни пайтда кўп сонли врачу ўрта тиббиёт ходимларининг касбларига беқиёс садоқатида деб биламан. Юртимизнинг кучу-қудрати халқимизнинг соғломлигида. Бугунги тараққиётимизни кўриб, шифокорлик касбини танлаганимиздан беҳад фахрланамиз.

Бизнинг марказимизда беморларга ташхис қўйиш ва даволаш учун яратилаётган шароитлар йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. Энг замонавий тиббий аппаратлар, асбоб-ускуналар муҳайё. Шуни мамнуният билан таъкидлашим жоизки, қайси бўлимда қандай муваффақиятлар қўлга киритилмасин, албатта, врачлар билан бир сафда турувчи ҳамшираларимизнинг ўзига хос ўрни ва ҳиссаси бор. Ахир улар врачларга ҳамиша ҳамкордирлар. Беморларни парвариш қилиш, ҳароратини ўлчаш, дори тарқатиш, даволаш муолажаларини олиб бориш зиммаларидаги асосий вазифалардир.

Ҳозирда жамоамиз ҳисобидаги ҳамшираларимиз 293 нафар. Уларнинг 67 нафари олий, 16 нафари биринчи ва 20 нафари иккинчи тоифага эгадирлар. Қолганлари кейинги беш йил ичида иш бошлаган ёшлардан иборат. Марказимиздаги 20 та бўлимнинг ҳар биридаги катта ҳамшираларимиз уларнинг фаолиятларини йўналтириб, бошқариб ва назорат қилиб турадилар. Ўзлари билимда ҳам, малакада ҳам қўл остидагилардан устун даража касб этишгани учун ҳамкасбларига устоз сифатида орттирган тажрибаларини мунтазам равишда ўргатиб боришга одатланишган. Айниқса, йирингли жарроҳлик, нефрология, нейрохирургия, кўз касалликлари, травматология ва реаниматология бўлимлари катта ҳамширалари Маҳфуза Деҳқонова, Сурайё Абдуллажонова, Зарифа Абдуллаева, Гулноза Набиева, Замира Исмоилова ва Жамила Жалиловаларнинг ҳамкасблари билан олиб бораётган ишлари мақтовга лойиқ.

Биз катта ҳамшираларимизни Тошкент тиббиёт ходимлари малакасини ошириш институтида, ҳамшираларимизни вилоятимизда ўқитиш, билим ва амалиётдаги янгиликларни ўз вақтида ўзлаштириб боришлари учун етарли шароит ва имкониятлар яратиш ҳаракатидамиз. Йил давомида 71 нафар ҳамшира малакасини ошириб олишини таъминлаймиз. Тои­фаларини шаҳодатлаш синовига тайёргарликларини талабчанлик билан уюштирамиз. Кейин эса ҳужжатларини бошқарма мутахассисларига ҳавола қиламиз. Ҳозиргача 40 нафари синов навбатига қўйилди.

Ҳамшираларимиз билан ҳар йили 7 апрелда Жаҳон саломатлик кунига бағишлаб тантанали тарғибот тадбири ташкиллашни анъанага айлантирганмиз. Марказимиз ёшлар иттифоқи етакчиси Гулмира Абдубанноева билан ҳамкорликда жорий йилдаги тадбиримиз янада мароқли ўтди.

Мен ўзим яқинда Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги уюштирган курсда "Саломатлик-3" лойиҳасидан сабоқ олиб қайтдим. Наманган вилояти бў­йича тренер этиб тайинландим. Яқин орада шаҳар ва туманлардан 2 нафардан ҳамшираларни марказда ўқитишга тараддуд кўряпмиз. Бу билан вилоятда ҳамширалар ишини янада яхшилашга эришилса ажаб эмас.

Ҳуснида ЖЎРАЕВА,

вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази

бош ҳамшираси.