Наманган шаҳридаги "Туркистон" тантаналар мажмуида Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институтини бундан 34 йил муқаддам тамомлаган шифокорлар учрашуви бўлиб ўтди. Ўша пайтда мазкур олийгоҳ Ўрта Осиё педиатрия тиббиёт институти деб номланган ва унга Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистон республикаларидан талабалар қабул қилинган эди.

Меҳмонлар дастлаб ўзлари учун ажратилган автобусга ўтиришиб, шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан танишдилар.

- Биз бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар вилоятингизнинг Поп ва Косонсой туманларида бўлиб педиатрлар учун жарроҳлик амалиё­тидан "Маҳорат дарси" ҳам ўтдик. Институтимиздан 4 нафар профессор, 9 нафар доцент келганмиз. Уларнинг 2 нафари қўшни Тожикистон Республикасидан, - деди тадбир бошланиши олдидан профессор Ботир Бузруков. - Болалар урологияси ва трансплантацияси ихтисослигига оид профессор Қўчқор Деҳқонов, болалар тери-таносил касалликлари бўйича профессор Хайрулло Баҳодиров ҳамда Мирсолим Абдуллаевлар ўқиган долзарб мавзулардаги маърузалар ўйлайманки, собиқ талабаларимизга малака ошириш имконини яратди.

Бугунги тадбирга Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистондан ҳам собиқ талабаларимизни таклиф этган эдик. Уларнинг 21 нафари етиб келишди. Уларни Наманган заминида кўриб турганимиздан биз устозлар бағоят хурсандмиз. Президентимизнинг қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кучайтиришга эътиборлари самараси деб биламиз. Мен тадбирга бош бўлиб яқиндан ёрдам берган вилоят ҳокимлигига ва наманганлик ташкилотчи шогирдларимиз Тоҳиржон Аълохонов, Абдураҳмон Қўшоқов, Икромжон Абдуллаев, Маҳмуджон Мадраҳимовларга барча номидан миннатдорчилик билдираман.

Дийдорлашув даврасида сўзга чиққан собиқ курсдошлар барчани шодиёна билан қутлаб, талабалик даврларидаги унутилмас воқеаларни мароқ билан эсга олишди. Ҳар бирларининг тили ва дилида бугунги дориломон кунларга шукроналик, устозларга эҳтиром жўш урди.

- Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар ҳақида курсдошларим билан телефон орқали мулоқотимиздан билар эдим. Бугун ҳақиқатдан ҳам биргина Наманган мисолидаёқ бунга гувоҳ бўлдик. Шифокорларга ва беморларга яратилган шароитларга гап йўқ. Ўзбекистонда амалга оширилган беқиёс ишларга ҳавас қилдик, - деди туркманистонлик Заҳро Эминова.

Бундай илиқ сўзларни Чоржўй шаҳрилик Розагул Везирова, Ҳалима Дурдиева, Роҳатой Анорматова, Назар Абдуллаевлардан ҳам эшитдик.

Дил изҳорлари, табрик, қутловлар, меҳр-оқибат, дўстликни улуғловчи дилрабо қўшиқларга, жозибали рақслар уланди.

Бир пиёла чой баҳона ташкилланган дийдорлашув барча иштирокчилар қалбида чуқур таассуротлар билан муҳрланиб қолди. Хал­қимизнинг дийдор ширин ибораси бежиз айтилмаганини мезбонлар ҳам, меҳмонлар ҳам қалбдан ҳис қилишди.