Солижон МЎМИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Матбуотда "Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги қонуни эълон қилинди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида маъқулланган эди.

Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг биринчи устувор йўналишидир. Шу боис ҳам давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини сифат жиҳатдан ислоҳ этиш жараёнида муҳим аҳамиятга эга қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги қонуни ҳам шулар жумласидандир.

Қонун 12 та боб ва 79 та моддадан иборат. Умумий қоидалар жойлашган биринчи бобда Қонуннинг мақсадлари кўрсатиган, бутун қонун ва давлат харидлари тизимининг шакллантиришига замин яратадиган асосий термин ва принциплар киритилган.

Иккинчи бобда давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солиш, шунингдек, ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг ваколатлари ифодаланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги қонуннинг мақсади соҳага оид амалдаги қонун ҳужжатларининг нормаларини тартибга солишдан иборат. Унда давлат харидларини давлат томонидан тартибга солиш нормалари акс эттирилган, давлат харидлари субъектлари қайд этилган, давлат харидлари жараёнига қўйиладиган умумий талаблар белгилаб қўйилган.

Дарҳақиқат, тўртинчи бобда давлат харидлари жараёнига қўйиладиган умумий талаблар келтирилади. Унда давлат харидларини шакллантириш, амалга ошириш ва ижро этишга тизимли ёндашиш акс этган бўлиб, бу бутун давлат харидлари жараёнини, давлат харидлари тартиб-таомилларини режалаштиришни, амалга оширишни, шартнома тузиш ва ижро этишни ҳамда давлат харидлари устидан мониторинг ўтказишни ўз ичига олади.

Ушбу бобнинг айрим моддалари баҳолаш мезонлари ва тартиб таомилларига, харидлар қийматини баҳолашга, харид қилинаётган объект­ни таърифлашга ва харидлар тўғрисидаги шарт­номалар шартларига доир қоидаларга бағишланган.

Қонун бюджет маблағларидан ва бошқа марказлаштирилган манбаалардан, кредит ресурс­ларидан Ҳукумат кафолати остида имкон қадар самарали ҳамда оқилона фойдаланишга хизмат қилади. Бундан ташқари давлат сектори маъқул муддатларда "нарх-сифат" ўртасида мақбул нисбат бўлган ҳолда зарур товарлар, ишлар ва хизматлар билан таъминланади.

Бинобарин, Электрон дўкон орқали харид қилиш тартибининг киритилиши муҳим янгилик ҳисобланади. Қонунда электрон дўконнинг ишлаши ва ундан фойдаланиш тартиби келтирилади, шунингдек, харидларни аукцион, танлов ва тендер орқали амалга ошириш, харид комиссияси фаолияти белгиланган. Қонунда товарларни (ишларни, хизматларни) ягона етказиб берувчидан харид қилиш масалаларини тартибга солувчи нормалар ҳам белгилаб берилган.Тўққизинчи бобда ягона етказиб берувчи тушунчаси, ягона етказиб берувчидан харид қилиш тартиби, шунингдек ягона етказиб берувчилар реестрини юритиш назарда тутилади.

Ушбу қонун нормаларига мувофиқ, харид қилиш тартиб-таомиллари устидан мониторинг ўтказиш ҳамда жамоатчилик ва давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек, давлат харидларига доир шикоятлар ва келишмовчиликларни ҳал қилиш механизми белгиланган.

Қонуннинг амалга оширилиши мамлакатамиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиши янада жадаллашувига имконият яратиши шубҳасиздир.