Шу кунларда вилоятимиз тиббиёт муассасаларида "Ҳамшира-2018" кўрик-танловининг саралаш босқичлари бўлиб ўтяпти. 2-Наманган тиббиёт коллежида ўтказилган беллашув эса вилоят даволаш-профилактика муассасалари вакиллари ўртасида кечди.

Мазкур танловда иштирок этиш ҳар бир ўрта тиббиёт ходимининг эзгу мақсадига айланган, десак муболаға эмас. Ҳар йили энг билимдон ва маҳоратли ҳамширалар аниқланиб, муносиб тақдирланмоқда. Бинобарин,финал босқичи совриндорлари қимматбаҳо совғалар билан сийланибгина қолмасдан, мамлакатимизнинг нуфузли тиббиёт олийгоҳларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинмоқда. Шунинг учун ҳам кўрик-танловнинг дастлабки босқичлариданоқ ғолиблик учун кураш авжга чиқмоқда.

Маълумки, вилоят шифохоналарида касбий маҳорати анча баланд ҳамширалар хизмат қилишади. Шу боис ҳам улар ўртасидаги баҳс-мунозаралар ғоят муросасиз ўтди. Чунки, энг яхшиларнинг яхшилари саралаб олиниб, кўрик-танловга йўлланган эди. Танлов тиббиёт соҳасига оид амалий билимлар кўриги билан бошланди. Мазкур шартга мувофиқ иштирокчилар назарий билимларини амалиётда кўрсатишлари зарур эди.

Вилоят перинатал марказидан Лутфия Сатимова, ВБКТТМдан Дилноза Худойбердиева, "Бешкапа" ревматология сиҳатгоҳидан Гулмира Раҳмонова, РШТЁИМ вилоят филиалидан Иқболхон Абдулатипова, вилоят силга қарши кураш диспансеридан Муножат Худойбердиева, 2-силга қарши кураш диспансеридан Шоҳсанам Эрмуродова, вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан Дурдона Йўлдошева, республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалидан Маржона Усмонова, вилоят тери-таносил касалликлари диспансеридан Мадина Аҳмедова, "Пахталикўл" сиҳатгоҳидан Малика Сиддиқова, вилоят эндокринология диспансеридан Одина Тўраева, ВКТТМдан Зулайҳо Турсунбоевалар бажараётган ҳар бир муолажа малакали мутахассислардан иборат ҳайъат аъзолари томонидан синчковлик билан кузатиб турилди.

Тиббиёт соҳасига оид назарий билимлар синови эса иккинчи шарт талаблари асосида давом этди. Шу ўринда кейинги шартлар бў­йича имтиҳонлар ҳам ўта талабчанлик билан давом эттирилганлигини таъкидлаш жоиз. Қатнашчилар тиббий, ижтимоий-сиёсий билимларга оид шарт беллашувларидан олдин "Ҳамшира ташрифи" бўйича чиқишлар қилишди. Шундан сўнг ҳал қилувчи баҳслар бошланди. Унда кўрик-танлов иштирокчилари мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараёнлар, соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар, уларни амалга оширишда ҳамшираларнинг ўрни ва вазифаларига оид саволларга аниқ ҳамда тўлақонли жавоб беришга ҳаракат қилишди.

Ва ниҳоят ҳакамлар ҳайъати раиси, 2-Наманган тиббиёт коллежи директори ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Раҳматулла Муҳиддинов якуний натижани эълон қилди. Унга кўра вилоят перинатал маркази ҳамшираси Лутфия Сатимова саралаш босқичида ғолиб чиқиб, кўрик-танловнинг май ойида бўладиган вилоят босқичида иштироқ этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва РШТЁИМ Наманган филиали вакилалари Дилноза Худойбердиева ҳамда Иқболхон Абдулатиповалар иккинчи, 2-силга қарши кураш диспансери ҳамшираси Шоҳсанам Эрмуродова учинчи ўринни эгалладилар.

- Ғолиб чиқиш осон бўлмади. Кўп ўқиш ва изланиш маҳсулидир. Вилоят босқичи бундан ҳам кўпроқ интилиш ва ўз устимда ишлашни тақозо этади. Устозларимдан сабоқ, малакали ҳамкасбларимдан мадад олиб тайёргарликни кучайтираман, - дейди Лутфия Сатимова.

Тадбир якунида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Райҳона Мансурова ва "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиевлар сўзга чиқишиб, барча иштирокчиларга кўрик-танловдаги фаолликлари учун миннатдорчилик билдирдилар. Ғолиб ва совриндорларга китоблар тўплами сов­ға қилинди.