Кейинги пайтда республикамиз пойтахтида фаолият юритаётган ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари раҳбар ва мутахассисларининг вилоятимизга ташрифлари анъанавий тусга кирмоқда. Ўтган ҳафтада бир гуруҳ дерматолог ва венерологлар шаҳар ва туманларимизда фаолият бошлашди. Уларга республика ихтисослаштирилган дермотология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Улуғбек Собиров етакчилик қилмоқда. Ташрифдан кўзда тутилган мақсад жойларда иш олиб бораётган мутахассисларга назарий маслаҳатлар бериш, амалий ёрдамлар кўрсатишдан иборатдир.

 

Муҳими, улар ишга танқидий ва таҳлилий баҳо беришяпти. Ҳудудлардаги диагностика-текширувлар қилиш ва муолажаларнинг қандай йўлга қўйилаётгани билан яқиндан танишгач, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифларни эшитиб, муаммоларга ижобий ечим топиш йўлларини белгилаб олишмоқда.

 

Пойтахтлик меҳмонлар дастлабки куни Чуст туманининг Ғова қишлоқ оилавий поликлиникасида бўлишган чоғида ўша ернинг ўзида беморларни қабул қилишлари аҳоли учун айни муддао бўлди. Тиббиёт фанлари номзодлари Рустам Асадов, Жавлон Муллахоновлар томонидан тери касаллигига чалинганлар тиббий текширувдан ўтказилдилар. Зарур ташхислар қўйилиб, даво муолажалари буюрилди. Қўшни Поп туманида ҳам шундай тадбирлар уюштирилди. Косонсой туманида ҳам беморларнинг узоғи яқин қилинди.

 

Мазкур марказ профессорлари Зуҳра Абидова билан Алишер Абидовларнинг Янгиқўрғон ва Норин туманларига ташрифлари ҳам ғоят самарали кечди.

 

Пойтахтлик юқори малакали олим-шифокорлар вилоят тери-таносил касалликлари диспансерида ҳамкасблари билан ёнма-ён туриб, бир неча кун кўпчилик беморларнинг олқишларига сазовор бўлишди. Янгиқўр­ғонлик Гулсанам Комилова, тўрақўрғонлик Ҳамида Абдуллаева, чустлик Пойтигул Каракучиева, Абдурасул Усмонов, Муслима Абророва, Наманган шаҳрилик Маҳмуджон Абдулатипов, Санжар Шарифбоевлар зарур маслаҳат ва қимматли тавсиялар олишди.

 

Вилоят тери-таносил касалликлари диспансери бош врачи Яҳёжон Айтуғдиевнинг таъкидлашича, марказ мутахассислари билан биргаликда фаолият юритган диспансернинг ҳамда туман кўп тармоқли марказий поликлиникалари дерматолог-венеролог хонаси врачлари уларнинг бой тажрибаларини амалда қўллаб, тўғри ташхис белгилаш ва даволаш бўйича ўз малакаларини ҳам янада мукаммаллаштириш имконидан унумли фойдаландилар.

 

- Биз марказ мутахассислари билан алоқамиз ва ҳамкорлигимизни изчил давом эттириб, янги йил бошиданоқ аниқ режали ишларга янада астойдил киришдик, - дейди диспансер врач-дерматологи Нелля Богдасарова. - Тери-таносил касалликларини аниқлаш, ўз вақтида тўғри ташхис қўйиш ва юқори самарали даво чора-тадбирларини амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигимизни янада фаоллаштираверамиз.

 

Пойтахтлик меҳмонлар янги ҳафта сўнггигача вилоятимизда бўлишиб, чекка ҳудудлардаги беморларнинг ҳузуригача етиб боришади. Беминнат маслаҳатларидан аҳолини баҳраманд этишга қулай имконият туғдиришади.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.