Деҳли шаҳридаги тиббиёт муассасаси халқаро департаменти директори, профессор Мунир Аҳмад ва госпитал бош кардиологи Випул Ройлар Янгиқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида иш олиб боришди. Улар ҳузурига тери таносил касалликлари ва юрак ҳасталигидан азият чекаётган кишилар чорланди. Меҳмонлар икки юз нафарга яқин беморлар билан суҳбатлашишди, уларнинг саломатлигини чуқур текшириб кўриб, соғломлаштириш юзасидан зарур тавсияларни беришди.

- Давлатимизга раҳмат. Чел эллик юқори малакали тиббиёт ходимларини туманимизга келиб, олис ҳудудларда яшовчи кишилар соғлиғини мустаҳкамлаши учун шароит яратиб берилди,- дейди бирлашганлик онахон Маъсуда Аълохўжаева.

Умида Бекмирзаевани узоқ вақтдан буён теридаги тошмалар безовта қилар эди. Доктор Мунир Аҳмад қизнинг баданидаги дардни обдон ўрганиб чиқиб, уни даволаш учун қандай текширувлар ўтказиш лозиму, қандай тартибда даволаш жараёни олиб бориш кераклигини маҳаллий шифокорларга тушунтирди. Шу тариқа ҳар бир дардман хорижлик шифокорлар кўригидан ўтди.

- Ўзбекистонда кўп бўлганмиз. Ҳамкорликдаги фаолиятимиз доираси кенгайиб бораётгани қувонарли. Бугун илк бора вилоятларга чиқяпмиз. Наманганга келдик. Янгиқўрғон тумани аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказяпмиз, - дейди профессор Випул Рой.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази консультатив поликлиникасидаги фаолият ҳам янада самарали кечди. Кардиология, тери-таносил касалликлари, ортопедия ва гепатология соҳаси мутахассислари аҳоли вакилларига тиббий хизмат кўрсатишди.

- Ўғлим Беҳзодни кўкрак қафасидаги дард безовта қиларди. Ортопед доктор Ятиндер Ҳарбандадан касалликдан халос бўлишга оид тавсияларни олдик. Ҳинд шифокори ўғлимда жарроҳлик амалиёти ўтказмасдан уни ҳам даволаш мумкинлигини айтганида беҳад қувониб кетдим, - дейди Наргиза Мамаджонова.

- Гепатит касаллиги асорати билан жигаримда ҳасталик аломатлари сезилиб туради. Ундан бутунлай фориғ бўлиш чораси бор экан. Гепатолог Гойол Нирав қабулида бўлганимда муҳим тавсияларни айтди. Илгари ҳинд шифокорларидан маслаҳат олиш ушалмас орзудек эди. Мана энди улар шаҳримизга келиб бизга хизмат кўрсатишяпти, - дейди Нодира Маҳмудова.

Меҳмонлар ташриф доирасида нафақат тиббий хизмат кўрсатишди, балки наманганлик ҳамкасбларига "Маҳорат дарслари"ни ҳам ўтиб беришди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази мажлислар залида ўтказилган тақдимотлар шулар жумласидандир. Кардиология, ортопедия, гепатология соҳасига оид илмий маърузаларда тиббиётнинг бу йўналишларида қўлланилаётган янгиликлар ва тажрибалар билан ўртоқлашилди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар олишди.

- Мамлакатингизга биринчи марта келишим. Соғлиқни сақлаш соҳаси жадал ривожланаяпти экан. Ҳамкорлигимиз янада кенгроқ кўламда намоён бўлишига ишончим комил. Келгусида травматология-ортапедия ва тиббиётнинг бошқа қатор йўналишлари бўйича биргаликда иш олиб борамиз деган умиддаман, - дейди доктор Ятиндер Ҳарбанда.

Дарҳақиқат, эзгу ният билан бошланган хайрли саъй-ҳаракат бардавомлик касб этадиган бўлди. Меҳмонларнинг ташрифи истиқболли келишув билан якун топди.

- Ўзбекистон ва Ҳиндистон тиббиётчиларининг биргаликдаги фаолияти изчил давом эттириладиган бўлди. Икки томоннинг аҳдлашуви билан Apоllo клиникаси вакиллари ҳар ойда вилоятимизга келиб даволаш ва диагностика ишларини олиб боришади. Шу билан бирга ўзаро тажриба алмашиш максадида Деҳли ва Наманганда икки давлат шифокорларининг ўқувлари ташкил этилади, - дейди вилояти соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов.

Сентябрь ойида вилоят соғлиқни сақлаш ходимларининг чет эллардаги ҳамкасблари билан ўзаро алоқалари янги босқичга кўтарилиши кўзда тутилмоқда. Яқин кунларда Россия Федерацияси, Белорусь ва Ҳиндистондан таниқли олим ва мутахассислардан иборат катта бир гуруҳнинг Наманганга келиши кутилмоқда. Пировардида, ҳамюртларимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси кескин такомиллаштирилиши шубҳасиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ.