Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

Ўтган йилларда мамлакатда соғ­лиқни сақлашни бошқаришнинг ягона тизимини яратиш, тиббиётнинг хусусий секторини ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва соғлом авлодни шакллантириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, ушбу соҳада соғлиқни сақлашни самарали ислоҳ қилишга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан:

биринчидан, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги оқибатида ушбу соҳадаги ислоҳотлар тўлиқ бўлмаган шаклда ва тизимсиз тарзда амалга оширилмоқда, бу эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини ошириш имконини бермаяпти;

иккинчидан, республика соғ­лиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг хорижий мамлакатларда қўлланилаётган муваффақиятли тажрибаси ва аниқ инновацион моделлари лозим даражада ҳисобга олинмаётганлиги соҳага инвестицияларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини бермаяпти;

учинчидан, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, энг аввало, республиканинг хусусий соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларида фаолият юритаётган ходимларнинг касбий малакасини ошириш ва лозим даражада сақлаш, уларнинг кўникмалари замонавий талабларга мувофиқлиги устидан таъсирчан мониторинг тизими жорий этилмаган;

тўртинчидан, хусусий секторни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яхшилаш орқали давлатнинг соғлиқни сақлашга харажатларини мақбуллаштиришга, шунингдек, хусусий тиббиёт ташкилотларини бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш тизимига интеграция қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти;

бешинчидан, клиник протоколлар ва тиббий стандартларнинг мукаммал эмаслиги, шунингдек, инновацион ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш даражасининг пастлиги аҳолига тиббий ёрдамни ташкил этишга замонавий услуб ва ёндашувларни жорий этиш имконини бермаяпти;

олтинчидан, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари тўғрисида ҳаққоний маълумотлар, шунингдек, ишончли тиббиёт статистикасининг ягона базаси шакллантирилмаганлиги соғлиқни сақлаш тизими аҳволини муносиб баҳолаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини бермаяпти;

еттинчидан, ҳал этилмаган муаммо ва камчиликларнинг сақланиб қолаётганлиги жамиятда тиббиёт ходимларининг имиджи ва обрўсига салбий таъсир кўрсатмоқда, ушбу касб нуфузини ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни пасайтирмоқда.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, республика соғлиқни сақлаш соҳасини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, соҳага чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида:

1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этишнинг стратегик мақсадлари этиб белгилансин:

умумэътироф этилган халқаро методикаларга мувофиқ аниқланадиган мамлакат аҳолиси саломатлиги кўрсаткичларининг барқарор яхшиланишини ва соғлиқни сақлаш тизимидан қаноатланганлик даражасини таъминлаш;

дастлабки босқичда минтақада аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги бўйича етакчи ўринларни ҳамда кейинчалик соғ­лиқни сақлаш тизими самарадорлигининг жаҳон рейтингларида муносиб ўринни эгаллаш;

аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳажмида хусусий сектор улушини салмоқли даражада кўпайтириш, ушбу хизматнинг сифатини ва ундан фойдаланиш имкониятларини ошириш;

миллий иқтисодиётнинг бюджетни шакллантирадиган тармоғи сифатида тиббий туризмни шакл­лантириш, кейинчалик унинг мамлакат ялпи ички маҳсулотига ҳиссасини изчил ошириб бориш;

республика тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, шу жумладан, бошқарув кадрларига халқаро стандартларга мувофиқ узлуксиз таълим бериш ва улар малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (кейинги ўринларда Миллий палата деб юритилади) ташкил этилсин, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

республика соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини, илғор халқаро стандартлар ва жаҳондаги энг яхши амалиётни ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

замонавий клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартлар, шунингдек, моддий-техник жиҳозлаш стандартларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, уларнинг ўз вақтида жорий этилишини мониторинг қилиш;

зарур статистик ахборот билан таъминлаш мақсадида тиббиёт статистикасини тўплаш ва таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, шунингдек, статистик кўрсаткичларни манипуляция қилиш имкониятини истисно этадиган халқаро стандартлар ва методикаларни жорий этиш;

республика шифокорлари ва провизорларини рўйхатга олиш тизимини жорий этиш, шунингдек, умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш;

халқаро стандартларга жавоб берадиган соғлиқни сақлаш инфра­тузилмасини яратишга, шу жумладан, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун молиявий маблағлар жалб этишга, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида янги ташкилотлар ташкил қилишга кўмаклашиш;

тиббиёт ходимларининг обрўсини, ушбу касб нуфузи ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни ошириш, тиббиёт ходимларига одоб-ахлоқ қоидаларини сингдириш, коррупция кўринишларига барҳам бериш ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, уларнинг касбий фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш чораларини кўриш;

тиббиёт ходимлари касбий малака даражаси, шунингдек, уларнинг кўникмалари замонавий талаблар ва жаҳоннинг энг яхши амалиётига мувофиқлиги устидан, шу жумладан, улар фаолиятини якка тартибда лицензиялашни жорий этиш орқали таъсирчан мониторинг тизимини йўлга қўйиш;

тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий стандартларни жорий этиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори малакали хорижий эксперт ва мутахассисларни мамлакатга фаол жалб қилиш, мамлакатимиз мутахассислари ва экспертларининг чет элда стажировка ўташини ташкил этиш;

мамлакатимиз тиббиёт ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини ва жаҳоннинг энг яхши амалиётини чуқур ўрганиш асосида шифокор (тиббий) хатолари, касалликларни нотўғри диагностика қилиш ва даволаш ҳолатларини камайтиришнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

мамлакат соғлиқни сақлашни бошқариш тизимига, шу жумладан, тиббиёт ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилиш масалаларида хорижнинг энг яхши амалиётини мослаштирилган тарзда жорий этиш, шунингдек, фуқароларни тиббий суғурталашни жорий қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш;

хусусий, энг аввало, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, шунингдек, соғлиқни сақлашнинг хусусий тизимини жадал ривожлантириш мақсадида давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига жорий этиш;

хорижий (халқаро) тиббиёт ва бошқа ташкилотлар билан соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу жумладан, республика соғлиқни сақлаш тизимига грантлар, кредитлар, донорлик ва бошқа маблағларни жалб этиш мақсадида учрашувлар, музокаралар ва бошқа тадбирларни ташкил қилиш, шунингдек, ушбу маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини мониторинг ҳамда назорат қилиш;

салоҳиятли инвесторлар, айниқса, хорижий инвесторларга республиканинг хусусий соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун инвестиция киритиш масалалари бўйича ахборот, маслаҳат, ҳуқуқий ва бошқа шаклларда, шу жумладан, бизнес-режалар ишлаб чиқиш ва таклиф этилаётган лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш манбаларини жалб қилиш орқали ҳар томонлама кўмак кўрсатиш.

3. Белгилаб қўйилсинки, Миллий палата:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида уларни молиялаштиришнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинган ҳолда ташкил этилади ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўз таркибий бўлинмаларига эга бўлади, уларнинг тузилмалари ва низоми Миллий палата раиси томонидан тасдиқланади;

республика тиббиёт ва фармацевтика ходимларини бирлаштирувчи, республика соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш, шу жумладан, ушбу қарорнинг 1-бандида белгиланган стратегик мақсадларга эришишни таъминлаш учун масъул ташкилот ҳисобланади;

соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш соҳасида ҳамда ваколатига киритилган бошқа масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, давлат бошқаруви органлари, тиббиёт ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқариш тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда соғлиқни сақлаш соҳасидаги хорижий (халқаро) ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимига грантлар, кредитлар, донорлик ва бошқа маблағларни жалб қилиш ҳамда уларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан мониторинг ва назоратни ташкил этиш бўйича ваколатли ташкилот ҳисобланади;

тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ташкилотларнинг муассиси сифатида қатнашиш, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг малакасини ошириш бўйича тўлов-контракт асосида хизмат кўрсатишни ташкил этиш ҳуқуқига эга;

2020 йил 31 декабрга қадар республикада касбий фаолиятни амалга ошираётган шифокорлар ва провизорларни рўйхатга олиш тизимини жорий этишни, шунингдек, улар тўғрисида умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини яратишни таъминлайди.

Белгилансинки, 2021 йил 1 январдан шифокорлар ва провизорларнинг Миллий палатада рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиши тақиқланади.

4. Миллий палата ҳузурида қуйидагилар ташкил этилсин:

а) Ўзбекистон Республикасида Соғ­лиқни сақлашнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича маслаҳат кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш).

Белгилаб қўйилсинки:

Кенгашга Миллий палата раиси раҳбарлик қилади ҳамда унинг таркиби соғлиқни сақлаш соҳасидаги ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари орасидан шакллантирилади;

Кенгаш соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Миллий палатанинг коллегиал маслаҳат органи ҳисобланади;

Кенгаш таркиби Миллий палата раиси томонидан тасдиқланади;

б) юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, маблағлари тижорат банкидаги махсус, шу жумладан, валюта ҳисобварағида жамланадиган Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма).

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

шифокорлар ва провизорларни рўйхатга олишни амалга оширишдан, шунингдек, улар фаолиятини лицензиялашдан тушадиган маблағлар;

шартнома асосида хизматлар кўрсатиш ва бошқа хўжалик фаолиятини амалга оширишдан тушумлар;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини банкларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

хайрия қилувчилар - жисмоний ва юридик шахслар, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма маблағлари, шу жумладан, қуйидагиларга йўналтирилади:

Миллий палатани сақлаш, унинг фаолиятини моддий-техник таъминлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш;

халқаро стандартларга мувофиқ илғор тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини ташкил этиш, шунингдек, уларни замонавий ускуналар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш;

замонавий клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартлар, тиббиёт ташкилотларини моддий-техник жиҳозлаш стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкил қилиш;

республика тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларининг бинолари, иншоотлари ва бошқа инфратузилмасини қуриш, уларни замонавий ускуналар билан, шу жумладан, лизинг шартларида жиҳозлашга қайтариш шарти билан ва имтиёзли асосда маблағ ажратиш;

тиббиёт ва фармацевтика ходимларини хорижда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, ўқитиш, малака ошириш ва тажриба алмашишни республикада ташкил этиш учун хорижий мутахассисларни жалб этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

республика шифокорлари ва провизорлари тўғрисида умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва юритиш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технология­ларини жорий этиш;

соғлиқни сақлаш соҳасида хайрия фаолиятини амалга ошириш;

Миллий палата зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга қаратилган бошқа тадбирларни молиялаштириш.

6. Миллий палата 2018 йил охирига қадар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини аттестациядан ўтказсин ҳамда Миллий палатани юқори малакали мутахассислар билан тўлдиришни таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Миллий палатага 2018 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудий бўлинмаларини сақлаш учун назарда тутилган маблағларнинг ажратилишини ҳамда кейинги йилларда маблағлар ҳажмларининг сақлаб қолинишини;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш доирасида Миллий палатанинг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича етакчи хорижий ташкилотлар, шу жумладан, "GMC Service International Ltd" (Буюк Британия) ташкилоти вакилларининг эксперт кўмагини жалб этишга доир харажатларнинг молиялаштирилишини таъминласин.

8. Белгилаб қўйилсинки:

Миллий палатага Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган раис раҳбарлик қилади;

Миллий палата раиси меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади;

Миллий палата раиси Миллий палата раиси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган биринчи ўринбосар ва икки нафар ўринбосарга эга;

Миллий палата раиси халқаро молия институтлари, чет эл ҳукумат молия ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг маблағларини жалб этишни назарда тутадиган битим ва бошқа ҳужжатларни, шунингдек, соғ­лиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича инвестиция битимларини ўрнатилган тартибда имзолаш ҳуқуқига эга;

Миллий палатанинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари комплекси томонидан мувофиқлаштирилади;

соғлиқни сақлаш масалаларига оид ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Миллий палатада экспертизадан ўтказилиши шарт;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва сарфлаш, шунингдек, Миллий палата ва унинг бўлинмалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Кенгаш томонидан белгиланади.

9. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси фаолиятини ташкил этиш бўйича "Йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.

10. Миллий палата раисига:

зарур ҳолларда Миллий палата тузилмасига белгиланган ходимлар сони доирасида ўзгартириш киритиш;

юклатилган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари, илмий-таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан, хорижий ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, бошқа экспертларни маслаҳатчи сифатида шартнома асосида жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

11. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига - Миллий палатанинг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, бошқа давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар билан самарали ўзаро ҳамкорлиги таъминланиши, шунингдек, соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича чора-тадбирларнинг сифатли амалга оширилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатилиши;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К.Шодмонов зиммасига - Миллий палата ва бошқа манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан жавобгарлик юклансин.

12. Миллий палата манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Миллий палата тўғрисидаги низомни тасдиқлашни назарда тутадиган ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.

13. Миллий палата 2022 йил 1 январга қадар муддатда:

ягона ижтимоий тўловдан ташқари, барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жам­ғармаларига мажбурий ажратмалардан;

ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича республикада ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, компьютер техникаси, ўқитишнинг техник воситалари, адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари, қурилиш материаллари, инвентарь ва бошқа моддий-техника ресурслари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизмати 2018 йил якунларига кўра Миллий палата фаолиятининг самарадорлигини ўргансин ҳамда 2019 йил 1 февралга қадар муддатда унинг фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, шифокорлар ва провизорлар фаолиятини якка тартибда лицензиялаш тизимини жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Миллий палатанинг буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этилаётган чет эл мутахассислари, шу жумладан, халқаро экспертларга белгиланган тартибда кириш визаларининг консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миллий палатанинг буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этилаётган чет эл мутахассислари, шу жумладан, халқаро экс­пертларга белгиланган тартибда давлат божи ундирилмасдан кўп марталик кириш визалари берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, уларнинг вақтинчалик яшаш жойларида вақтинча пропискага қў­йилиши ва вақтинча прописка муддати узайтирилишини таъминласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Миллий палата буюртманомаларига биноан белгиланган тартибда республикага чет эл мутахассислари, шу жумладан, халқаро эксперт­ларни жалб этишга рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, ушбу чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

18. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Миллий палатани белгиланган тартибда ҳукумат ва шаҳар алоқаси билан таъминласин.

19. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов) Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда Миллий палатанинг жойлаштирилишини таъминласин.

20. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Миллий палатага 6 та, шу жумладан, 4 та шахсий, 1 та юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган ва 1 та навбатчи автотранс­порт воситасини сотиб олиш ва сақлашга лимит ажратсин.

21. Миллий палата Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

22. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2018 йил 2 август

(«Халқ сўзи» газетасининг 2018 йил

3 августдаги 159-сонидан олинди).