Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2 - 3 май кунлари Наманган вилоятида бўлди.

Наманган вилояти мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти юқори, бой тарих ва маданиятга эга ҳудудларидан биридир. Кейинги йилларда вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаёти тубдан янгиланиб, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси кун сайин ўзгариб бормоқда, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалмоқда.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Чуст туманидаги "Барака мева саноат сервис" масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш, умуман, мазкур соҳани ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур масъулияти чекланган жамияти 2015 йилда фаолиятини ёнғоқ, майиз ва ковул экспортидан бошлаган. Жамият тасарруфидаги экин майдонларида ғалла, кунгабоқар, ловия, картошка, маккажўхори, иссиқхонада помидор парваришланмоқда. 17 сотихли участкада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тажрибадан ўтказилаётир. 32 кишининг бандлиги таъминланган. Мавсум пайтида ишчилар сони 800 нафардан ошади.

Лойиҳа доирасида 160 гектар майдонга серҳосил ёнғоқ кўчатлари ўтқазилмоқда. Унинг умумий қиймати 9,6 миллиард сўм бўлиб, йилига ўртача 4 минг 600 тонна ёнғоқ етиштирилади. Ёнғоқлар тўлиқ ҳосилга кирса, бир йилда 40,2 миллиард сўмлик маҳсулот олиш мумкин, унинг 70 фоизи экспорт қилинади.

Шу ернинг ўзида 2018-2019 йилларда балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик, пиллачиликни йўлга қўйиш, томорқачиликни янада ривожлантириш, иссиқхонада лимон етиштириш, тутзорлар ташкил этиш, оғир ҳудудлардаги майдонларнинг сув таъминотини яхшилаш, пахтадан бўшаган ерларга турли экинлар экиш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, вилоят экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари ёнғоқзорларни кўпайтириш, балиқчилик бўйича мутахассислар тайёрлаш, картошка уруғчилигини ривожлантириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда кичик саноат зоналарининг алоҳида ўрни бор.

Президентимизга Наманган шаҳридаги "Орзу" кичик саноат зонасида амалга оширилаётган ло­йиҳалар тақдим этилди.

Саноат зонасининг ҳудуди салкам ўн гектарни ташкил этади. Бу ерда енгил саноат, озиқ-овқат, тиббий техника, полиграфия, полиэтилен пакетлар ва плёнкалар, энергия тежайдиган лампалар ишлаб чиқаришга оид умумий қиймати 142 миллиард сўмдан зиёд 22 лойиҳани амалга ошириш мўлжалланган. Лойиҳалар ҳаётга тўлиқ татбиқ этилгач, йилига 82,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади, 4 мингга яқин кишининг банд­лиги таъминланади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади.

Жорий йилнинг май ойи охиригача тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган "Порлоқ текс­тиль либослари", "Нуробод сифат текстиль", "Улуғ-Б", "Босир текстиль сервис" масъулияти чекланган жамиятлари фаолият бошлайди.

Саноат зонасининг замонавий коммуникация тармоқлари ва инфратузилма объектларига яқин ҳудудда ташкил этилгани корхоналарни келгусида энергия ва бошқа ресурслар билан узлуксиз таъминлаш имкониятини яратади. Лойиҳаларда замонавий, энергия тежамкор чет эл технологияларидан фойдаланиш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш, хом ашё етказиб бериш ва маҳсулотини сотишга кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Хорижий технологияларни олиб келиш учун маблағ ажратиш, экспортни кенгайтириш учун корхоналарга халқаро мақом бериш зарурлигини таъкидлади.

Наманган шаҳрида енгил саноатни ривожлантириш, хусусан, "Юксалиш", "Орзу", "Пахталикўл", "Хонобод" саноат зоналарида амалга ошириладиган лойиҳалар, Катта Фарғона каналининг Учқўрғон тумани ҳудудидан ўтган қисмида кичик ГЭСлар каскади қурилиши, "Водий нефтгаз энергия" корхонасида ишлаб чиқарилган газ тармоғи хавфсизлигини таъминлайдиган инновацион қурилма тақдимотлари ўтказилди.

Президентимиз мазкур лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Норин туманидаги "Беш сада" фермер хўжалиги шийпонида Наманган вилояти фермерлари билан мулоқот қилди.

"Беш сада" фермер хўжалиги 2004 йил ташкил этилган. Долимжон Шарипов раҳбарлигидаги хўжалик ишчилари жорий йилда 27 гектарда ғалла, 21 гектардан зиёд майдонда ғўза парваришламоқда.

Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан ҳар йил декабрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланган. Давлатимиз раҳбари шу муносабат билан 2017 йил 9 декабрь куни ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида пахта майдонларида ҳосилдорликни ошириш ва ердан самарали фойдаланиш мақсадида чигитни "қўшқатор" ва "олтмишлик" схемалар асосида экишни йўлга қўйиш ва самарасиз бўлган "тўқсонлик" схемадан босқичма-босқич воз кечиш зарурлигини таъкидлаган эди. Бугун вилоят фермер хўжаликлари мазкур кўрсатмалар асосида ғўза парваришини замонавий технологиялар асосида йўлга қўйган.

"Беш сада" фермер хўжалиги ҳам ғўзани "қўшқатор" схемаси асосида экишни жорий этди. Бунинг натижасида 1 гектар ерга қўшимча 35 минг дона чигит қадалиб, ҳосилдорликни 40 центнергача ошириш имкони пайдо бўлди. Ғалла ҳосилдорлиги 80 центнерга чиқарилиб, олинадиган соф фойда 35 миллион сўмга етиши кутилмоқда.

Президентимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритар экан, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қилинадиган ишлар ҳали кўплигини таъкидлади.

- Барча саъй-ҳаракатларимиздан асосий мақсад халқимизни рози қилиш, эртанги кунга ишонтиришдир, - деди Шавкат Мирзиёев.

Миришкорлар Президентимизга фермерлар учун яратилган шароит ва имкониятлар, давлат томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор учун миннатдорлик билдирди.

Шавкат Мирзиёев Учқўрғон туманидаги "Uztex Uchkurgan" масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Ўтган йил ноябрь ойида Uztex гуруҳи таркибида замонавий типдаги тўқимачилик мажмуаси фаолият бошлаган эди. Натижада бу ерда 1 минг 600 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Корхона йилига 12 минг тонна калава-ип ва 3 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан пахтани 100 фоиз қайта ишлашга ихтисослашган корхона энди тўлиқ кластер усулига ўтади.

Президентимизга корхона фаолиятини кенгайтириш ва кластер тизимида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдим этилди. Ҳозирги кунда корхонага ёндош ҳудудда пахтани юқори технологиялар асосида қайта ишлашга мўлжалланган ҳамда полиэфир аралашган пахта толаси, пахмоқ мато ва тайёр текстиль ишлаб чиқариладиган қўшимча қувватлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда. Муҳими, яна кўплаб янги иш ўринлари яратилади. Технологик жараёнларга Европа давлатларидан келтириладиган ускуналар жалб этилади. Бу маҳаллий пахта хом ашёсини қайта ишлаш сифатини ва экспорт кўламини оширишга хизмат қилиши қайд этилди. Давлатимиз раҳбари корхона иш жараёнини кўздан кечирди, пахта тўқимачилик кластерини ташкил этиш борасидаги ишлар билан қизиқди.

Бу йил туманда 10 минг гектарга яқин ер майдони кластер усулида пахта етиштириш учун ажратилди. "Текстиль финанс Наманган" корхонаси томонидан хориждан экиш техникалари, культиваторлар, тракторлар, пахта териш ва уни қадоқлаш комбайни сотиб олинди.

Президентимиз корхона мутасаддиларига пахтага сунъий толани аралаштириб, маҳсулот ҳажми ва иш жойини, пировардида бюджетга солиқ тушумини кўпайтириш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Шунингдек, айланма маблағларни ошириш ҳисобига тумандаги кам таъминланган оилаларга тухум ва товуқни лизингга бериш кераклигини таъкидлади.

- Кам таъминланган оилаларга кўмак бериш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш "Uztex Uchkurgan" корхонасининг брендига айланиши лозим, -деди Шавкат Мирзиёев. - Шу орқали аҳолининг муҳтож қатламини ишлашга, яхши яшашга ўргатамиз, ҳаётга бўлган ишончини оширамиз.

Туманда кластер тизимида чигит экишдан то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи сифатли ташкил этиш, 2 та янги боғча қуриш, ичимлик суви ва канализация тармоқларини барпо этиш юзасидан топшириқлар берилди.

Шу куни Норин тумани ҳокимлигида вилоят фаол­лари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Видеоселектор шаклида ўтган йиғилишда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, таълим, тиббиёт соҳаларини такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари ташрифнинг иккинчи куни Тўрақўр­ғон туманидаги Исҳоқхон Тўра Ибрат мемориал мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Ўзбекистон замини дунё тамаддуни ва илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти сифатида шуҳрат қозонган. Аждодларимиз бебаҳо меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, қадамжоларини обод масканга айлантириш доимий эътиборда.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 2 ноябрь куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашувда Исҳоқхон Ибрат боғи ва ёдгорлик мажмуасини барпо қилиш, "Ибрат мактаби"ни ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.

Қайд этиш жоизки, ХIX асрда Тўрақўрғон заминида туғилиб ўсган Ибрат араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яхши билган. Қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини ўрганган. Серқирра ижодкор сифатида "Луғати ситта ал-сина" ("Олти тилли луғат"), "Жомеъ ул-хутут" ("Хатлар мажмуи"), "Тарихи Фарғона", "Тарихи маданият" , "Мезон уз-замон" ("Замон тарозуси"), "Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий" каби ўндан ортиқ тилшуносликка оид, илмий-тарихий ҳамда маърифий асарлар яратган. Ибрат домла 1886 йилдаёқ эски мактабларга нисбатан бирмунча илғор бўлган мактаб очган. 1907 йилда эса янги "усули савтия" мактабини ташкил этиб, қишлоқ болаларини ўқитган.

Ибрат ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида 1908 йил Оренбург шаҳридан литографик машина харид қилиб, уни Оренбургдан Қўқонгача поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларга ортиб, катта машаққатлар билан олиб келган ва ўз ҳовлисида "Исҳоқия босмахонаси"ни ташкил қилган. Бу босмахона ўтган асрнинг 60-йилларигача фаолият кўрсатиб келган ва у ерда турли илмий-маърифий китоб ва рисолалар, миллий газеталар чоп этилган, уларни тарқатиш учун Фарғона водийси бўйлаб ўнлаб китоб дўконлари ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари ўтган йил июль ойида Наманган вилоятига ташрифи доирасида ушбу комплексда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишган, уни мазмун жиҳатидан такомиллаштириш, тил ўргатиш бўйича махсус мактабни Наманган давлат университети қошида ташкил этиш, бу ерда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти билан ҳамкорликда хорижий тилларни чуқурлаштирилган тарзда ўргатиш зарурлигини таъкидлаган эди. Ўқитувчи ва ўқувчиларга зарур шароитлар яратиш, мажмуа атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Ўтган вақт мобайнида икки гектардан зиёд майдонни эгаллаган мемориал мажмуада кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Лойиҳа қиймати 13 миллиард сўмдан зиёд мажмуа боғ-хиёбон, унинг ўртасида Исҳоқхон тўра Ибрат ҳайкали, миллий услубдаги айвон, босмахона, мусиқали фаввора, чет тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган 400 ўринли мактаб-интернат ва тарихий-меъморий обидада барпо этилган музейни ўз ичига олади.

Президентимиз Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатда бўлди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.

- Ибрат домланинг эл-юртимиз тараққиёти йўлидаги фидокорона хизматлари нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб қолмоқда, - деди Шавкат Мирзиёев. - Ёшларимиз шунга муносиб, юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб вояга етиши керак. Бу мактабга нафақат Наманган вилояти, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан энг иқтидорли ёшлар ўқишга қабул қилинади.

Хорижий тиллар бўйича илмий ишлар қилиш, тил ўргатиш методологиясини такомиллаштириш, мактаб-интернатда дарсларни шу асосда олиб бориш кераклиги қайд этилди.

Президентимиз Ибрат мактабини аъло баҳоларга битирган ўғил-қизларни олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилиш ва грант асосида ўқитиш бўйича топшириқ берди.

Шавкат Мирзиёев мажмуага уйғун тарзда Косонсой сойининг икки қирғоғида бунёд этилган хиёбонни кўздан кечирди. Бу ерда қурилаётган уй-жойлар, савдо шохобчалари, кўнгилочар масканлар, сайр йўлаклари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилишини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берди.

Исҳоқхон Ибрат музейи билан танишув асносида Президентимиз вилоят зиёлилари, нуронийлар билан мулоқот қилди. Улар давлатимиз раҳбарига буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратаётгани учун миннатдорлик изҳор этди.

Мамлакатимизда мактабгача таълим муассасалари  фаолиятини такомиллаштириш, болаларни мактабга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифи чоғида шундай муассасалар фаолияти билан танишмоқда. Бу бежиз эмас. Мутахассислар фикрича, ўқувчиларнинг фанларни қанчалик пухта ўзлаштириши боғчада олган билимига боғлиқ.

Бу борада Наманган вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз кўрсатмалари асосида Тўрақўрғон тумани "Янгиобод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 2 миллиард 250 миллион сўм эвазига 10-мактабгача таълим муассасаси барпо этилди. Исҳоқхон Ибрат мажмуаси ёнида жойлашган ушбу боғчада болажонлар таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилган. Жорий йилда боғчага 200 болани қабул қилиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарига боғчада ўтказилаётган машғулотлар жараёни, яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида бўлди. Марказга "Карбонам" МЧЖ тасарруфидаги фойдаланилмай турган тўрт қаватли бино ажратилган. 15 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига реконструкция ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Марказда электрон навбат тизими жорий этилган бўлиб, кунига 800 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга 50 дан зиёд давлат хизматлари кўрсатилади. Бу ерда Халқ қабулхонаси, нотариал идора, ФҲДЁ, паспорт бўлимлари, суғурта, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизматлари, банк шохобчаси жойлашган. Тез тиббий ёрдам хизмати, болалар майдончаси, кафе ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари марказдаги шарт-шароитлар билан танишди, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш жараёнини бевосита кузатди. Ушбу гувоҳномаларга микрочип ўрнатилган бўлиб, шахснинг паспорт маълумотлари киритилади. Паспорт бўлмаганда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ўрнига ўтади.

- Биз бу хизматни нима учун ташкил қилдик? Адолат бузилмаслиги, коррупция бўлмаслиги, одамлар қийналмаслиги учун, - деди Президентимиз. - Ушбу муассаса давлат хизматлари марказлари фаолиятини ташкил этишнинг Наманган тажрибаси, одамлар билан мулоқотнинг янги намунаси бўлади. Энг катта ютуғимиз бундай идораларда энди фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади.

Муассасанинг учинчи қаватида "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими ҳамда Наманган инновация маркази фаолият кўрсатмоқда.

Президентимиз хотин-қизларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиш, уларнинг манфаатларини таъминлаш борасида Республика Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази олдида турган масалаларга эътибор қаратди. Вилоятнинг ҳар бир тумани кесимида оилаларнинг ижтимоий аҳволини ўрганиш ва илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш, хотин-қизлар бандлиги, тиббий маданияти бўйича таҳлиллар олиб бориш зарурлигини таъкидлади.

- Хотин-қизлар қўмиталари вакиллари энди йиғилишма-йиғилиш юрмайди, ўз участкасидаги аёллар муаммолари билан шуғулланади. Бу соҳадаги энг катта иллат - хотин-қизлар қўмиталари ўз ортидан ҳеч кимни эргаштиролмайди. Бунга барҳам берилсагина жамиятимизда маънавий муҳит ўзгаради, хотин-қизлар муаммолари камаяди, - деди Шавкат Мирзиёев.

Хотин-қизлар ишсизлигининг олдини олиш, кўрсатилаётган тиббий хизматни, уй-жой шароитини яхшилаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари ташрифидан сўнг "Оила" илмий-амалий тадқиқот марказининг Наманган шаҳар ва 11 туман бўлимига "Spark" автомобиллари топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 сентябрдаги "Наманган шаҳрида замонавий маданият ва истироҳат боғини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида улкан истироҳат боғи барпо этилмоқда. Мазкур мажмуанинг тамал тоши Президентимизнинг ўтган йил Наманган вилоятига ташрифи чоғида қўйилган эди.

"Наманган истиқлол боғи"ни ташкил этиш лойиҳасида маҳаллий аҳоли ва вилоят меҳмонлари, хусусан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қиладиган инфратузилма объектлари кўзда тутилган. 110 гектар майдонни қамраб олган боғда очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзаси, мини-стадион, муз саройи, тўрт юлдузли меҳмонхона, йирик аттракционлар, эртаклар шаҳарчаси, савдо мажмуалари, кутубхона, интернет кафе, боулинг ва фитнес клублари, кўп қаватли замонавий автотураргоҳ, ҳунармандлар маркази, амфитеатр, аквапарк жойлашади. Ўзига хос ланд­шафтга эга ҳудудга ноёб манзарали дарахт ва гуллар экилиб, ботаника боғи яратилади.

Туркиянинг "DOME+PARTNERS" компанияси лойиҳаси асосида қурилаётган мажмуанинг умумий қиймати 12 миллион доллар ва 116 миллиард сўмни ташкил этади. 2019 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган боғда 1 минг 500 га яқин иш ўрни яратилади. У йилига 100 минг кишига хизмат кўрсатади.

Айни пайтда бу ерда кенг қамровли бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбарига маданият ва истироҳат боғида қурилиши режалаштирилаётган "Ўн бир Аҳмад" масжиди, Гулистон даҳасида бунёд этилиши мўлжалланган "Namangan City", Поп туманидаги замонавий савдо мажмуаси ва "Pop eco park", Наманган шаҳар канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш каби лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Президентимиз нафақат вилоят, балки мамлакатимизда қиёси йўқ бўладиган мазкур мажмуани сифатли барпо этиш бўйича зарур тавсиялар берди. Боққа "Afsona Land" номини беришни таклиф этди.

Шу билан давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятига сафари ниҳоясига етди. Ташриф давомида ютуқлар билан бирга, қатор камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан топшириқлар берилди. Бу одамларнинг оғирини енгил қилиш, ҳар бир соҳада адолатни таъминлаш, ҳудудларни изчил ривожлантиришда муҳим омил бўлади.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Умар АСРОРОВ,

ЎзА махсус мухбирлари

(«Наманган ҳақиқати» газетасининг 2018 йил 5 майдаги 36-сонидан олинди).