- Гавҳархон опа, яқинда бир танишим қизиқ ҳолатни сўзлаб қолди. Димоғидан сув оқиб, ҳадеб тумов қийнай бошлабди. Врач ҳузурига йўл олибди. Етиб боргунча бир бора ҳам чучкурмабди. Димоғи қуриб, ўзини бироз енгил ҳис қилибди. Барибир мутахассисга шамоллаганини айтиб, зарур дори-дармон ёздириб олибди. Ҳолати яхшиланаётгани учун дорихонага кирмабди. Бироқ уйига етиб келиши билан яна бурни қичишиб, кўзи қизариб, ёшланибди. Чучкуриши ўз-ўзидан кучайибди. Бунинг тагига етолмай, эртасигаёқ шамоллашга қарши таблеткани ичишга тушибди. Аммо, аҳволи гоҳ яхши, гоҳ ёмон бўлиб тураверибди. Мабодо, шу ҳолат аллергиядан дарак бермайдими?

- Ҳозир кўкламлигини, дов-дарахтлар гуллаётгани, япроқ ёзаётгани ва далада майсалар кундан кун барқ уриб бораётганини ҳисобга олсак, шубҳасиз, аллергиянинг белгиси дея оламиз. Чунки, гул ва ўсимлик чанглари узоқ давом этувчи конъюктивитлар ва тумовга дучорлайди. Аммо тана ҳарорати кўтарилмайди. Шуни билмаганлар ўзича шамоллашидан шикоятлаб, шифокорларни ҳам шоширадилар, янглиш хулоса чиқаришига сабабчи бўлишади.

Ана энди аллергия нима? - деган савол сизда туғилгандир. Яхшиси, шу ҳақда мухтасар маълумот берақолай: Аллергия юнонча "бошқа", "ўзга", "бегона", "таъсир" дегани. Яъни организмга ёт, таш­қаридан таъсир қилувчи модда, овқат, таъм, ҳид, чангларни аллергенлар қаторига киритишимиз мумкин. Аллергия - бу организмнинг таъсир этувчи омилларга нисбатан "жавоби" тарзида юзаланади. Аллергенларнинг турларини аниқроқ тавсифласак, улар қуйидагилар: кимёвий моддалар, микроблар ва уларнинг ҳаёти жараёнида ажраладиган маҳсулотлар, озиқ-овқатлар, ўсимликлар, ҳайвонлар, дори воситалари, уй жиҳозлари, бўёқлар, булғанган ҳаво, меъёридан ошган аччиқ нарсалар, металлар, ҳатто ҳеч ким эътиборга олмайдиган асаббузар сўзлар.

- Сизнингча, кейинги пайтда одамларда нималардан аллергия авж­ланяпти?

- Кузатишларимга қараганда, ичакдаги гижжалардан, овқатлардан, ҳашаротлар чақишидан, етарлича ишлов бериб, тозаланмаган балиқ ва бошқа гўшт-сут маҳсулотларидаги турли паразитлардан аллергик жараёнлар жонланяпти. Лекин барибир баҳорги аллергия гўё "оммалашаётгандек" таассурот туғдиради. Март бошланиши билан май ойининг охиригача каттаю кичиклар орасида чучкуриб, рўмолчаси тез-тез намланаётганлар учрайди. Уларга "Бу балки шамоллашданмасдир, аллерголог врачга учрашиб кўринг-чи" деган маслаҳатимизни дариғ тутмасак, дўстона кўмаклашган бўлишимиз мумкин. Аслида ҳеч бир дардни ўтиб кетар деб лоқайд юрмаслигимиз керак. Вақтида чора кўрилмаса, аллергия куча­йиши, чўзилиши, такрорланавериши, охир-оқибат ёмон асоратларга олиб бориши аниқ.

- Қандай ёмон асоратларга?

- Масалан, ўсимликлар, уй ичи, китоб­лар чангидан, ҳайвон юнги, парранда пати, сунъий матолар, турли бўёқлар, маиший кимёвий воситалар қўзғаган аллергия нафас бўғилишига етказади. Аввалига чучкуриб, бурундан сув оқиб, тумовдан қийналган бемор ўзини юқоридагилардан асрамаса, астмага чалинади. Нафас олиши бўғилиб, ҳаёти ҳавф остида қолади.

- Аллергиянинг олдини олиш мумкинми?

- Олдини олиб бўлмайдиган касалнинг ўзи йўқ. Шунга қарамай, ирсий хасталиклар наслдан-наслга ўтиб туради. Бу дегани авлодда бобо-момосида кечган хасталик ота-онасига ёки инсоннинг ўзига ўтиши эҳтимолдан ҳоли эмаслиги фанга маълум. Янаям тушунарлироқ айтсам, авлоддан-авлодга ўтадиган хасталик гўё яширин туради. Имконият келдими, танасидаги иммунитет пасайдими, дарров бош кўтаради, организмда ўзининг борлигини сездиради. Соддароқ ифодаласам, кимнингдир оиласидагиларда аллергия касаллигига мойилик бўлса, улар бир-икки шамоллаши биланоқ дардга "эшик очиб юборадилар". Агар кимки, ўз авлодларидаги ирсий касалликларни яхши билиб олса, уларга мойиллигининг олдини осонроқ тўсиб юради. Шамоллашдан сақланиш, кўкламги чанглардан нари туриш - аллергия қўзғолишига йўл қўймайди. Мабодо, бундай таъсирчанлик бошланса, врач тавсиясига биноан даволаниш шарт. Шунда одамнинг ташқи бегона аллергенларга чидамлилиги ортади.

Баҳорги мавсумий аллергияси кучайганлар бу пайтда яшаш жойларини вақтинча тоғолди, яъни кўклам кечикадиган ҳудудларга кўчириши мақсадга мувофиқ. Шунинг учун тоғлар бағрида, гулламайдиган арча дарахтлари билан қопланган ерларда санаторийлар очилган. Бемор икки-уч ҳафтадан сўнг қайтганда ўзининг гўшасидаги дарахтларнинг гуллари мева тугиб бўлади. Майсалар ва япроқлар қотади. Ҳаводаги нафас олишга қийинчилик туғдирувчи чанглар нисбатан камаяди.

Суҳбатдош Манзура АБДУЛЛАЕВА.