Касалликнинг бир неча тури мавжуд. Агар озгина ҳолсизлансангиз, иситма чиқса, кўнглингиз айниса, сийдигингиз сар­ғайса, дарров шифокорга мурожаат этсангиз, унинг кучайиши олдини оласиз. Гепатит А кўпинча болаларда учрайди. Е тури билан ўсмирлар оғриши кузатилган. Ке­йинги хили ҳомиладор аёллар учун жуда хавф­ли.

Гепатит А ва Е асосан оғиз, нажас орқали юқади. Ҳар иккисидан сақланиш учун сувни истеъмолдан аввал тозалигига ишонч ҳосил қилинг. Ариқ сувини зинҳор ичманг, болаларингизга ҳам берманг. Таом тайёрлашдан олдин ҳам, овқатланишдан аввал ҳам қўлларингизни яхшилаб ювинг. Ҳожатхонангизни озода тутинг. Уни уйингиздан ва ариғингиздан нарида қуринг. Чақалоқ йўргакларини алмаштиришдан сўнг ҳар доим қўлингизни тоза сувда ча­йинг.

Гепатит В ва С энг хавфлиси ҳисобланади. У асосан қон орқали ўтади. Ҳатто тиббий ва тиш даволаш воситаларидан фойдаланганда ҳам эҳтиёткорлик чорасини кўринг.

Шахсий гигиена қоидаларига тўла амал қилиш турли юқумли хасталиклардан, айниқса, сариқдан сақланишнинг муҳим омили эканини ҳеч вақт унутманг!

Вирусли гепатитнинг сариқсиз кечадиган тури асосан енгил ўтади. Унда бемор бутун касаллик давомида сарғаймайди. Қонда билирубиннинг умумий миқдори орт­майди. Бунда касалликнинг бошланғич даврига хос белгилар узоқроқ чўзилади. Худди турғунлашиб қолгандек кайфият уйғотади. Мана шу бошланғич даврига хос белгилар: гриппсимон, диспептик, астено - вегитатив белгилар тарзида юзаланади.

Касалликни даволаш икки йўналишда олиб борилади. Биринчиси, этиотроп муолажадир. Асосан вируслар репликацияси ва элименациясига эътибор қаратилади. Мазкур даво В, С, Д вирусли гепатитларда сурункали шаклига ўтиш хавфи туғилганда буюрилади. Иккинчи йўналиш патогенетик бўлиб, беморнинг ёши, ҳамроҳ касалликлари ҳисобга олиниб амалга оширилади. Бошланғич даврида енгил шаклларини даволашда режим, парҳез ғоят муҳим. Суюқликлар, яъни минерал сувлар, шарбатлар, кўкчой истеъмол учун тавсия этилади. Ана шулар билангина чегараланилади. Бундан ташқари касалликнинг оғир шакли аниқланса, беморларга юқоридаги даволаш билан бирга дори-дармонлар ичиш ҳам тавсия қилинади.

Хуллас, гепатит хавфли юқумли хасталикдир. Унга сира-сира бепарво қараб бўлмайди. Энг зарури, ўз вақтида врачга учраб, таҳлиллар топшириб, натижасига кўра муолажалар олиш ҳисобланади. Буни ёдидан чиқармаган ҳар бир бемор яна саломатлигини тезроқ тиклаб олишга эришади.

Мунира УМРЗОҚОВА,

вилоят қон қуйиш маркази

бош врачи.