Ана энди унинг шифобахш хусусиятларига тўхталсак. Мутахассислар беҳи мевасининг фойдали бирикмаларга бойлигини аниқлашган. Чунончи, таркибида 5,3 фоиздан 12,2 фоизгача қандлар, яъни фруктоза, глюкоза, сахароза; органик, яъни олма, лимон, вино кислоталар, эфир мойигача бор.

Беҳида темир ва миснинг миқдори бошқа меваларга нисбатан худди олмадек кўпроқ десак ҳам янглишмаймиз. Ҳатто уруғининг 80 фоизигача мойдир. Шиллиқ моддаси шифобахшлигини янада оширади. Унинг қаттиқлиги-ю, мазаси тахирлиги сақлаш муддати узайишига анча қўл келади. Узиб, осиб, докчага териб қўйиб, эрта баҳорда ейиш жуда фойдали. Бу пайтда юмшаб қолади, хушбўйлиги янада ортади.

Буюк табибимиз Абу Али ибн Синонинг рисолаларида қайд этилишича, беҳининг меваси овқат ҳазм бўлиши бузилишида, ич кетганда беҳад фойда қилади. Шираси билан астмани, қон тупириш ва қусишни тўхтатиш мумкин. Чанқоқ ва мия оғриғидан халос қилишда ишлатилса ҳам бўлади.

Беҳини ейишда пичоқ билан кесиш ярамайди. Қириб сувли истеъмол қилганда нафи катта. Айниқса, оч қоринга жуда ёқади.

Энди киши организмида салбий ўзгаришлар юз берганида беҳидан қандай даволанишга тўхталсак:

- Жигар яллиғида беҳи билан сиркага шакар қўшиб шарбат ҳолида ичилади;

- Ўт яллиғида беҳи сувига шакар аралаштириб, шарбат тайёрлаб, 50 мл дан 3 маҳал, ёки 2 кг беҳини тозалаб, майда тўғраб, 5 литр сувда 3 литр қолгунича қайнатиб, беҳи юмшагандан кейин сиқиб сузиб, кунига 40 мл дан 2 маҳал тановвул қилинади;

- Ошқозон қувватсизлигида беҳининг эзиб чиқарилган сувини кунда 30 гр дан 3 маҳал ичиш фойдали;

- Кўнгил айниш ва қусиш рўй берса, тўхтатишда беҳи ёки унинг мураббосини ейиш қўл келади;

- Қуруқ йўтални даволашда беҳини ўйиб, ичини новвот билан тўлдириб, духовкада пишириб, иссиқ ҳолда ейилади;

- Совуқдан бўлган йўтални 30 гр беҳи уруғини 500 гр қайноқ сувга солиб, қошиқнинг орқаси билан яхшилаб эзиб, аралаштириб, ширасини чиқазиб сузиб, унга 500 гр шакар ташлаб, суст оловда қиём қилиб катталар кунига 2 маҳал 2 қошиқдан ичиб даволанишлари мумкин;

- Беҳининг баргларини боғланса, заҳмларни - теридаги ҳар хил тошма яраларни қуритади;

- Данагининг ичидаги мағзи ейилса, томоқ ва ҳалқумни юмшатади. Меъда ҳарорати ва тил қизишига даво қилади;

- Беҳининг янги узилган меваси таркиби темир моддасига бойлиги учун қонни кўпайтиради;

- Беҳи уруғи сув билан аралаштирилганда шиллиқ модда ҳосил бўлади. У стоматологик касалликлар - глоссит, гингивит ва пародонтозни даволайди;

- Барча навли беҳиларни ҳидлаш киши кайфиятини кўтаради. Тушкунликка қарши ва табиий тинч­лантирувчи восита ролини ўйнайди;

- Беҳидан истисқо ва буйрак-тош касалликларини даволашда ҳам фойдаланиш мумкин. Унинг уруғи ва баргларидан дамланган чой пешобни ҳайдайди. Қуритилган баргларидан 1 ошқошиқ олинади, уруғидан ҳам шунча қўшилади, 200 гр қайнаган сув қуйиб, паст оловда 5-6 дақиқа қайнатилади. Сўнг тиндириб докадан ўтказилади. Мазали бўлиши учун озгина асал қўшса ҳам сифати бузилмайди. Кунига 3-4 маҳал 1 ошқошиқдан ичиб борилади.

Беҳи дамламасини тайёрлаш унча қийин эмас. Бунинг учун меваси ички томонидан озгина ўйилади ва уруғи олиб ташланади. Ковакка сарёғ ёки асал қўшиб думба ёғи солиб, духовкага қўйилади. Ҳил-ҳил пишгунича кутилади. Сўнг уни ҳар куни кечки овқатдан олдин ёки кунора шу пайтда еб туриш соғлиқ учун кони фойда.

Албатта, фойдали хусусиятлари бир талаю, бироқ баъзи зарарли жиҳатлари ҳам борки, буни эслатиб қўймоғимиз зарур. Унинг меваси ва уруғи бириктирувчи ва мустаҳкамловчи фаоллиги билан ажралиб туради. Ана шунинг учун айрим хастаҳол кишилар беҳини ейишдан тийилганлари маъқул. Масалан, колит ва ошқозон яраси бор инсонлар ундан истеъмол қилишса, ичак ва юмшоқ қобиқда тиқилма, спазмани юзага келтириши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Беҳини кўп истеъмол қилиш ични қотириб қўяди. Айниқса, чақалоқли аёллар эҳтиёт бўлишлари керак. Сабаби, болани эмизишганида сут орқали ўтиб, гўдакнинг ичини қотириб юборади.

Яна плеврит ва қабзият чоғида беҳини ейишдан тийилиш лозим. Меваси майда туклар билан қопланганига эътиборсиз қараш асло ярамайди. Агар пўсти артилмасдан ейилса, овоз пардаларию халқумга зарар келтиради.

Интернет материаллари ва тиббий рисолалардан фойдаланган ҳолда Манзура Насибулло қизи тайёрлаган.