Касалланиш спорадик характерга эга, юқиш мавсуми - ёз ойларида, касалликни қайд қилиниш даври куз ҳамда кейинги йилнинг баҳор ойларида содир бўлади. Яширин даври 20 кундан 1 йилгача бўлиб, ўртача 3-5 ойни ташкил қилади. Клиник белгилари 3 даврда кечади. Биринчи - бошланғич, иккинчи - авж олиш, учинчи - кахектик.

Бошланишида белгилари унчалик сезилмайди, лекин тезда умумий ланжлик, ҳаракатларнинг сустлашиши, тери рангларининг ўзгариши, иштаҳа йўқолиши ва талоқнинг бироз катталашиши кузатилади.

Авж олиш босқичида тана ҳарорати янада юқорилаб, ҳатто 40 даражагача етиши мумкин. 10-20 фоиз ҳолларда сутка давомида икки марта иситма кўтарилиб, пасаяди. Талоқ одатда оғриқсиз бўлади-ю, бироқ унинг қобиғи тортилиши ҳисобига бемор қорнининг чап томонида симиллаган оғриқ ёки ноқулайлик сезилади.

Кахектик даври жигар ва талоқнинг анча катталашиши, ҳолсизлик, ҳаракатларнинг сустлашуви ва қорин тери қатламининг юпқалашуви билан кечади. Шунинг учун талоқ пастга осилиб, қорин эса қаппайиб қолади.

Республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 25 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида паразитар касалликлар профилактикаси бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида"ги 121-сонли буйруғининг 2-иловаси "Аҳоли ўртасида тери ва висцерал лейшманиоз касаллигининг олдини олиш ва эпидемияга қарши чора-тадбирлари тўғрисидаги йўриқнома" га асосан иш олиб борилади

Ўрта ер денгизи (болалар) лейшманиози - зооноз касаллиги бўлиб, унинг 3 та ўчоғи тафовут қилинади: Табиий ўчоқларида қўзғатувчи ёввойи ҳайвонлар организмида, яъни чиябўри, тулки, кемирувчилар ва бошқаларда паразитлик қилиб, асосий инфекция манбаига айланади.

Қишлоқ ўчоқларида - асосий инфекция манбаи ит бўлиб, қўзғатувчи унинг организмида паразитлик қилади. Шаҳар (синантроп) ўчоқларида - асосий инфекция манбаи ит ҳамда каламуш, сичқонлардир.

Касалликнинг олдини олиш мақсадида қуйидагиларга қатъий амал қилиш лозим:

- Хонадонлардаги итларни сақлашда ветеринария қоидаларига амал қилиниши, яъни мунтазам равишда ветеринария кўригидан ўтказиб, лейшманиоз билан касалланмаганлиги тўғрисида паспорт олиш;

- Лейшманиоз билан касалланган, эгасиз, дайди итларни йўқотиш;

- Искабтопарларнинг кўпайишига йўл қўймаслик мақсадида хонадонларда, аҳоли пунктларида ободонлаштириш, тозалов, чиқинди чиқариш ишларини сифатли ўтказиш;

- Искабтопарларнинг чақишидан сақланиш учун кечаси ва тунда ёпиқ кийим ки­йиш зарур, деразаларга тўр парда тутиш ва пашшахоналардан фойдаланиш лозим;

- Искабтопарларга қарши хоналарга заҳарли моддалар (инсектицидлар) ёрдамида кимёвий ишлов бериш;

- Кемирувчи (сичқон, каламуш)га қарши дератизация (дорилаш) ишларини олиб бориш;

Фарзандингизда юқорида кўрсатилган касаллик белгиларини сезсангиз, дарҳол врачга мурожаат қилишни унутманг.

Азизбек МЎЙДИНОВ,

РШТЁИМ Наманган филиалининг врач-эпидемиологи.