- Лолахон опа, менинг онамлар ҳам шифокорлар. Шунданми, доимо оиламиздагиларга, қолаверса, маҳалладошларимизга консерва қилинган маҳсулотлардан фойдаланишда жуда эҳтиёт бўлишни уқтирадилар. Айниқса, қопқоғи шишиброқ, кўтарилиброқ турган банкадаги егуликдан воз кечишни тайинлайдилар. Сиз бунга қандай қарайсиз?

- Онангиз жуда тўғри қиладилар. Чунки, сабабини ҳам, оқибатини ҳам яхши биладилар. Ва бундан бошқаларниям огоҳ этишлари нафақат касбий, балки инсоний бурчлари эканини чуқур тушунарканлар. Ана энди мен бундай қайғуриш бежиз эмаслигини батафсилроқ изоҳлаб берай.

Ҳар қандай овқат токсикоинфекция­лари-бактерия ва уларнинг заҳарлари билан ифлосланган маҳсулотларни истеъмол қилишдан келиб чиқади. Энг оғир турини ботулизм деб атаймиз. Касаллик асосан уйда нотўғри тайёрланган мева-сабзавот консервалари ёки дудланган балиқ ва гўшт маҳсулотлари орқали инсон танасига ўтади.

- Демак, бунга ўзимиз сабабчи бўлар эканмиз-да?!

- Худди шундай. Нафснинг сўзига кириб, ҳушёрликни унутиб, ошқозонимизни овқат билан бирга заҳарга тўлдирамиз. Халқона иборага кўра, бузилган, айниган, ачиган, тузламаю, компотлар ҳолатимизни танг қилади. Яроқсиз маҳсулотни ташлаб юборган яхши. Кўзимиз қиймай, нафсимиз қутқусига учсак, ботулизм чангалида қоламиз.

- Касалликнинг белгилари нималарда аён бўлади?

- Заҳарланишнинг дастлабки яширин даври 6-24 соатдир. Бу организм­га тушган токсинга боғлиқ. У қанча кўп кирса, яширин жараён шунча қисқаради. Ботулизм аксарият ҳолларда ўткир бошланади. Асосан уч турдаги белгилари юзаланади.

Биринчиси, диспептик бузилишлар билан бошланади. Кўнгил айниши, қусиш, эпигастрал соҳада тортишувли оғриқлар, метеоризм, оғиз қуриши, кучли чанқоқ содир бўлади. Беморнинг ютиниши бузилади, ҳалқумда гўё бир нарса бордек оғриқ туради.

Иккинчиси, заҳарланган кишининг кўз олди хиралашади. Бу жараён бир неча кун сақланади.

Учинчиси, нафас олиши қийинлашади. Ҳаво етишмаётгандек сезади. Кўкрак қафасида оғирлик ва оғриқ пайдо қилади. Ҳатто товуш тембри ўзгариши мумкин.

- Даволаниш қандай кечади?

- Заҳарланган бемор дарров шифохонага ётқизилиши шарт. У ерда врач тавсиясига биноан тезда меъда 3 фоизли сода, яъни натрий гидрокарбонат эритмаси билан ювилади. Адсорбентлар - активланган кўмир, кунгабоқар мойи берилади. Яна сифонли ҳуқна амалга оширилади. Шунингдек, ботулизмга қарши зардоб - "Безредко" усулида синама ўтказиб, 37 даражада иситиб, томир ичига юборишнинг нафи ҳам катта. Инфузион эритмалар, сийдик ҳайдовчи препаратлар қўлланилиши яхши самара беради.

- Айтганингиздан хулоса шуки, ботулизмга йўл очиб, ҳаётимизни хавфга қуйишдан кўра, ўзимизни овқатдан заҳарланишдан асрашимиз муҳимдир. Яроқсиз ва бузилган маҳсулотларни ейишдан тийилганимиз маъқул. Тавсияларингиз ва маслаҳатларингиз учун раҳмат!

Суҳбатдош Манзура АБДУЛЛАЕВА.