Биз кўпроқ оқ карамни хуш кўрамиз. Хомлигича ошпазликда, тузли консервалар тайёрлашда фойдаланамиз. Барглари серсув, таркиби қанд, минерал моддалар ва витаминларга бой.

Гулкарам эса ўзининг ёқимли мазаси билан алоҳида ажралиб туради. Аскорбин кислотаси ва оқсил миқдори бошқа турларига нисбатан мўлроқ. Овқатга ўсиб етилмаган оқ рангли тўпгули, яъни боши солинади. У енгил ҳазм бўлади, парҳезбоп. Уни сувда қайнатиб, шўрвага солиб, қисқа қовуриб, маринатлаб намакопда яхлатиб, консервалаб истеъмол қилинади. Гулкарамнинг япроқлари эмас, хушбўйли гулғунчаси ейилади.

Буюк бобомиз Абу Али ибн Сино карам ҳақида керакли фикр ва хулосаларни ёзиб қолдирган. Карам етилтирувчи, юмшатувчи ва қуритувчи хоссаларга эга. Уни қайнатилиб биринчи суви тўкиб ташланганда шундай таъсир кўрсатади. Танасининг кули кучли қуритувчидир. Оғриқларни қолдиришда ҳам фойдаланиш мумкин.

Шиш ва тошмаларга қарши курашда ҳам ёввойи карамнинг нафи катта. Боғ карами балғамни ва қаттиқликни етилтиради. Ёввойи карам ёки гулкарамни майдалаб, янчилган ҳолда толқон билан қўшиб қуюқ суртма қилиб боғланса, ҳар қандай иссиқ шишга, силлиқли ўсмаларга даво, сарамаст ва эшакеми касалликларини бартараф этади.

Шунингдек, жароҳатларни битиришга ёрдамлашади. Ёмон яраларнинг ёйилишига тўсқинлик қилади. Уни тухумнинг оқи билан қўшиб куйган жойга қўйилса, ярага айланган қўтирни йўқотишга кўмаклашади.

Карам ширасининг шароб билан қўшилгани газандаларнинг чаққанида фойда қилади. Яна қутурган ит тишлаганда ундан фойдаланиш мумкин.

Халқ табобатида ташқи муолажа сифатида ҳам фойдаланилади. Чунончи, тери яллиғланганида, куйганда, лат еганда ишлатиб келинади. Бош оғриғини қолдириш учун карам барги оғриётган жойга қўйилади. Милкларни бўшаши юз берганида нордон карам шарбати билан оғиз чайқалса, ёки карам чайналса бу жараён тўхтайди. Милклар мустаҳкамланади.

Ҳаким Давоий ал-Гилоний назмда битганидек:

Румийси яхшидир, яна оқи ҳам,

Куйганга кулидан шифо бор ҳар дам.

Қуруқлик бобида иккинчи миқдор,

Бел оғриқ, жигарга манфаати бор.

Ниқрисга фойдаю, овозни очар,

Ундан яна эски йўталлар қочар.

"Табобат мўъжизаси" китобида карам сеҳрли неъмат экани алоҳида таъкидланган. Унда: "Инглиз олимлари мунтазам равишда карам истеъмол қилиб, сут безлари саратонини олдини олиш имкониятини бир неча баробар ошириш мумкинлигини исботлаб бердилар. Унинг таркибидаги ўзига хос моддалар - индоллар, аёллардаги гормонал ҳолатни ўзгартиради. Ва хужайраларнинг хавфли ўсимта хужайраларига айланишидан асрайди" деб ёзилган. Шунинг учун барча хотин-қизларга кундалик овқат таркибига карамни киритиш тавсия қилинади. Унинг хоҳлаган турини танлаб фойдаланиш мумкин. Энг муҳими, хомича емоқдир. Сабаби, карамга термик ишлов берилганда унинг таркибидаги индоллар парчаланиб кетади. Тайёр таом узоқ вақт сақланганда ҳам бу моддалар бузилади. Ана шундан келиб чиқиб саратонга қарши шифобахш таомни ҳар гал янгидан тайёрлашга эринмаслик маъқул. Бироқ ҳамиша ҳам бунга вақт ёки имконият бўлавермайди. Шундай экан хом сабзавотнинг икки қаватини шилиб, истеъмол қилиш ҳам аслида кифоя.

Хуллас, карамнинг шифобахш хусусияти жуда кўп. У овқатимиз таркибида бўлса ҳам, юқорида айтганимиздек фойдаланилса ҳам саломатлигимизни тиклашда ва мустаҳкамлашда бизга катта кўмакдошга айланади.

Интернет материаллари ва тиббий рисолалардан фойдаланган ҳолда Манзура Насибулло қизи тайёрлаган.