Масалан, диабетга оид кома диабетнинг бемор ҳаётига хавф соладиган даражада оғирлашишидир. У тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам заруратини туғдиради. Акс ҳолда бемор ҳаёти бевақт якунига етиши мумкин.  Бу даволаш чоралари ўз вақтида кўрилмаганлигининг оқибатидир.

Ташхис кеч қўйилиб, даволашга киришилганига қарамай, касалликни декомпенсация ҳолатида бемор инсулин билан даволанишни тўхтатиб қўйса ёки оғир ҳамроҳ касалликлар-зотилжам, аппендицит, йирингли жараёнлар қўшилса шундай кутилмаган кўргулик рўй беради.

Бемор доимо ўзининг аҳволига эътиборли юриши, касаллигини тўғри назорат қилиб туриши ва ўз вақтида зарур даволаниш чораларини кўриши даркор. Агар у мунтазам суратда қонидаги қанд миқдорини аниқлатиб турса, фақат ютади.

Қандли диабетнинг кеч намоён бўладиган сурункали асоратларига йўл қўймаслик учун уларни ҳам яхши билиб олиш лозим. Унутмангки, тез-тез сийиш, ташналик, терининг қуруқлиги, кўриш қобилиятининг ёмонлашиши, озиб кетиш ва доимий чарчашга сабаб қонда қандни ҳаддан зиёд ортиб кетишидандир.  Мабодо, белгиларга вақтида эътибор берилмаса, янада жиддий муаммолар ривожланаверади. Очиғини айтганда, қондаги қанднинг доимий баланд бўлиши бир неча йилллардан сўнг кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқаради. Булар кеч намоёнланадиган асоратларга киради. Энди кўз, буйрак, нерв ва қон-томирларини шикастлайди.

Бошланғич пайтида бу каби асоратлар зимдан кечади, беморнинг аҳволига таъсир қилмайди. Ривожланиб кетса борми, даволаш жуда қийинлашади. Айни шу боис, диабет назоратини касаллик аниқланган кундан бошлаб мунтазам олиб бориш керак. Асоратлар бошланғич даврда аниқланган бўлса, углевод алмашинуви ва бош­қа кўрсаткичларни яхшилаб, уларнинг ривожланишини тўхтатиш имкони мавжуд.

Қон томирларда юзага келадиган асоратлар ангиопатия дейилади. Сурункали гипергликсмия оқибатида майда томир деворчаларида орқага қайтмас ўзгаришлар, яъни оқсиллар тизимини гликирланиш жараёни содир бўлади. Тана аъзоларининг қон билан таъминланиши ёмонлашади. Бу микроангипатия ривожланганидан нишонадир. Шу туфайли тана аъзолари фаолияти бузилади. Диабетик микроангипатия биринчи навбатда буйракда, кўзда, нерв толаларида, оёқ тўпиқда кўпроқ ва эртароқ белги беради. Буйракнинг фильтрлаш вазифасига путур етади. Ташвишли ҳол ўз вақтида бартараф этилмаса, вақт ўтган сайин жиддий тус олаверади.

Кўзнинг шикастланиши -диабетик ретинопатия дейилади. Касалликнинг бошланишидан 5-10 йил кейин аста-секин ривожланади. Ўзгариш аввало кўз тубида рўй беради. Офтальмолог ёрдамига муҳтожлик сезилади. Кўз тубидаги салбий ҳолатларни эрта аниқлаш эса самарали даволаш гаровидир. Хавфли ўзгаришлар жараёни чуқурлашишига йўл қўймай, кишининг кўриш қобилияти паса­йиб кетиши тўхтатилади, ҳатто кўрликнинг олди олиб қолинади.

Оёқ шикастланиши қандли диабет беморларда кўпроқ учрайди. Тўпиқда ўзгариш пайдо бўлади. Беморнинг оёқ дистал нерв толаларида сезгирлик кескин пасаяди. Ҳар кун кийиб юрилган оёқ кийими ҳам деформация, яра ва гангренага сабабчи бўлиши мумкин.

Қандли диабет хасталигига чалинган ҳар бир беморнинг ўзига эътиборини тўла қаратиш соғлигини сақлаб туришининг энг муҳим омили эканини юқоридаги фикрларимиз яққол тасдиқлайди. Шундай экан, ўз-ўзини назоратни қатъий турмуш тарзига айлантириш бемор учун узоқ умр кўришнинг ягона шартидир.

Баҳриддин СИДДИҚОВ,

вилоят эндокринология

диспансери бош врачи.