Комиссиямиз фаолиятида "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни ва шунга кўра Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июлда қабул қилинган 195-сонли қарори асосида тасдиқланган Низом асосий мезон бўлиб хизмат қилмоқда. Бу Низомнинг бош мақсади ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини янада ривожлантириш, тиббий-ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш ҳамда тиббий меҳнат экспертиза хизмати бош­қариш тузилмасини такомиллаштиришга йўналтирилган.

Шуни айтишим керакки, барча ҳудудий ТМЭКлар зиммасига фуқароларнинг ҳаёт фаолияти чекланганлиги, унинг вақтинчалик ёки барқарор йўқотилганлиги, ногиронликнинг бошланиши ва муддатларини экспертиза қилиш вазифаси юклатилган. Шу билан бир қаторда комиссия иш жараёнида майиб бўлган ёки шикастланган ходимларининг касби бўйича меҳнатга лаёқатини йўқотганлик даражаси ва қўшимча ёрдамга муҳтожлигини аниқлайди ҳамда яроқсизлик муддатларини қонун ҳужжатлари асосида узайтиради.

Шунингдек, комиссиямиз вазифасига ногиронларни протез-ортопедия буюмларига муҳтожлигини аниқлаш, улар билан таъминлашнинг аҳволини кузатиш, соғлиғи ва имкониятларига қараб касбга йўналтириш бўйича тавсияномалар бериш ҳам киради. Биз бу муҳим ишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Низомга кўра ногиронликни белгилашда организмнинг психик, тил ва нутқ, сезувчанлик турлари, ҳаракатланиш, қон айланиши, нафас олиш, овқат ҳазм бўлиш, иммунитет функ­ция­ларининг бузилиши ҳамда жисмоний майиб-мажруҳлиги каби ҳолатлар ҳисобга олинади.

Беморларнинг меҳнатга лаёқатини йўқотганлиги даражасига қараб, уларга 1, 2, 3-гуруҳ ногиронлиги белгиланади. Қандай кишиларга бундай гуруҳлар қўлланилади, деган савол туғилиши табиий. Ўз-ўзига хизмат қилиш, харакат, мўлжалга олиш, муомала, хулқ-атворни назорат қилиш каби лаёқатлардан бири ёки уларнинг биргаликдаги чекланишга олиб келадиган, ижтимоий муҳофазалашни тақозо этадиган касалликлар, жароҳат ёки нуқсонлар оқибатларидан келиб чиқадиган организмнинг функциялари бузилиши 3-даражада турғун кучли ифодаланган бўлса, ногиронликнинг биринчи гуруҳи берилади.

Юқоридаги ҳолатлар билан бир қаторда ўқиш ва меҳнат билан шуғулланиш лаёқатларидан бири ёки улар биргаликда чекланиши орқали 2-даражали турғун ифодаланган бузилиши ногиронликнинг иккинчи гуруҳини белгилашга имконият яратади. Қайд этилган ҳолатлар, фақат меҳнат фаолияти билан шуғулланишини истисно қилганда 1-даража лаёқатли инсон саломатлигининг бузилиши ногиронликнинг учинчи гуруҳини белгилашга имконият яратади.

Қуйидаги ҳолатларда эса ногиронлик гуруҳи муддатсиз белгиланади:

- 60 ёшдан катта ногирон эркаклар ва 55 ёшдан ошган ногирон аёллар;

- кейинги 5 йил ва ундан ортиқ йил мобайнида ногиронликнинг 1 ва 2-гуруҳи белгиланган, 5 йил давомида даволаш-профилактика муассасасида тўлиқ кўрикдан ўтган, реабилитация дастурлари бажарилган, тиклаб бўлмайдиган бузилишлар ёки зўраювчи касалликларга дучор бўлган ногиронлар, охирги 7 йил мобайнида ногиронлик гуруҳи ўзгармаган 3-гуруҳ ногиронларига қўлланилади.

Замира ЙЎЛДОШЕВА,

49-сонли Поптуманлараро ТМЭК раиси.