Қўй, эчки, сигир, каламуш, сичқон, қуён каби иссиқ қонли ҳайвонлар касалликнинг табиий ўчоғи ҳисобланади. Вируслар каналар чақиши ёки уларни қўл билан эзиб ўлдириш орқали юқади. Шунингдек, одамга сўйилган уй ҳайвонларининг қонидан ҳам ўтиши мумкин. Эҳтиёт чоралари кўрилмаса, бемор қони орқали вирус тиббий ходимларга ҳам хавф солиши мумкин.

Касаллик мавсумий характерга эга бўлиб, май - август ойларида каналарнинг фаоллашиши ҳисобига кўпаяди. Геморрагик иситманинг юқиш хавфи қишлоқ аҳолиси - деҳқонлар, чўпонлар, ветеринарлар, қўй ва эчкилар юнгини олувчиларда, қассобларда юқори бўлади.

Вирус организмга тушиши билан касалликнинг яширин даври бошланади. Бу давр бир неча соатдан 2 - 7 кунгача давом этади. Белгилари: ҳароратнинг кўтарилиши (39-40 даража), баданнинг совуқ қотиб, қалтираши, мушакларнинг оғриши, кўриш қобилиятининг бузилиши ва кўздаги қон томирларнинг ёрилиши оқибатида кўзнинг қизариши, баданга майда қизил тошмалар тошиши, қон тупуриш, қоринда оғриқ, баъзида эса қон қусиш, нажаснинг қорайиши, бурундан қон кетиш каби ҳолатлар билан намоёнланади.

Агар бундай ҳолатлар кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат этиш зарур. Шифокорга қанчалик эрта учралса, даволаш шунчалик самарали кечади.

Яхшиси, касалликнинг олдини олган маъқул. Бунинг учун уй ҳайвонларини боқиш, молхона ва оғилхоналарни тозалашда махсус ҳимоя кийимлари ва қўлқоплардан фойдаланинг, каналарни мунтазам текшириб туринг. Аниқланган тақдирда дарҳол ветеринар хизматига мурожаат этинг. Зинҳор каналарга қўл теккизманг ва эзиб ўлдирманг!

Ҳайвон боқиладиган молхоналарни каналар кўпайишига қарши воситалар ёрдамида зарарсизлантириб туришни унутманг. Каламуш ва сичқонларнинг кўпайишига йўл қўйманг. Махсус дезинфекция марказларига мурожаат қилинг.

Ҳайвонларни сўйишда енги узун, махсус ажратилган устбош ва қўлқоп кийган маъқул.

Каналар аниқланган молларни боқиш, молхоналарни тозалаш ишларига болаларни, ҳомиладор аёлларни жалб қилиш асло мумкин эмас.

Қўлингизда жуда кичик жароҳатланган жой бўлса ҳам хом гўштларни ушламанг. Гўшт майдаланган тахтакач, пичоқ ва идишларни совунлаб ювишга одатланинг.

Беморларнинг биологик ажратмалари: нажаси ва сийдиги билан ишловчи тиббий ходимлар, албатта қўлқоплардан фойдаланишлари лозим.

Солижон МЎМИНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш

бошқармаси бошлиғи,

тиббиёт фанлари номзоди.