Касаллик ривожланишининг асосий омилларидан бири қон орқали юқадиган ва аксар ҳолларда сурункали кечадиган В, С ва Д вирусли гепатитлардир.

Вирусли гепатит кузатилган ҳолда спиртли ичимликларга муккасидан кетиш ҳам касаллик сабабларидан ҳисобланади. Бу иккита омил бирга учраганда, яъни сурункали вирусли гепатит билан оғриган кишиларнинг спирт­ли ичимликлар қабул қилиши оқибатида жигар циррозининг ривожланиш хавфи янада ошади.

Ҳасталик аломатлари унинг қайси омиллар таъсирида ривожланганига эмас, балки циррознинг босқичларига боғлиқ. Шуни ҳам унутмаслик керакки, 12 фоиз ҳолларда жигар циррози белгиларсиз кечиши мумкин. Бу айниқса сурункали алкоголизм аниқланган кишиларда кўпроқ учрайди. Дастлабки босқичидаёқ аниқланса, унинг сабабларини бартараф этиш орқали жигарнинг соғлом ҳужайраларини сақлаб қолиш ва узоқ муддат бардам ҳаёт кечириш имконияти яратилади.

Қориннинг катталашиши (қоринда суюқлик-асцит йиғилиши сабабли) озиб кетиш, дармонсизлик, таъсирчанлик, кайфиятнинг тез ўзгариши, иштаҳа пасайиши, бурун ва милклар қонаши циррознинг кейинги босқичларга ўтганидан дарак беради. Жигар циррози билан оғриган беморларда одатда кундузи кўп ухлаш, тунда уйқу бузилиши, иштаҳа камайиши, тери ва кўз пардасининг сарғайиши, сийдикнинг тўқ сариқ рангда бўлиши, қорин соҳасида оғриқ кузатилади. Талоқнинг катталашиши, оёқларда шиш юзага келиши, кўнгил айниши, қусиш, ўт кислоталари таъсири натижасида терининг қичишиши каби ўзига хос аломатлар жигар ва бошқа аъзолардаги паталогик жараённинг ривожланишида давом этаётганини билдиради.

Жигар циррозига ташхис қўйишида лаборатор таҳлиллари ва инструментал текширувлар ўтказилади. Қон умумклиник ва биокимёвий жиҳатдан таҳлил қилинади. Инструментал текширувлардан ультратовуш диагностика ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу усул орқали жигарнинг катталиги, қирралари, юзаси, тўқима тузилиши каби хусусиятлари ўрганилади, унинг ёрдамида сурункали гепатит каби циррозга сабабчи касалликлар ўз вақтида аниқланади.

Бугунги кунда гепатологияда энг янги усуллардан бири - жигарни фибросканда текшириш кенг қўлланилмоқда. У орқали 10-15 дақиқа давомида электромагнит импульслар билан жигардаги фиброз даража билиб олинади.

Қизилўнгачнинг пастки қисмидаги вена томирлари ҳолатини ўрганиш учун бемор эзофагогастродуоденоскопиядан ўтказилади, қизилўнгачдан қон кетиш хавфи олдиндан аниқланади. Шунингдек, компьютер томографиясини ҳам қўллаш мумкин. Жигар биопсияси жигар тўқимасидан намуна олиб, циррозга хос бўлган ўзгаришларни микроскопда кўриш якуний ташхис қўйишда асосий текшириш усуллари ҳисобланади.

Замонавий даволаш қуйидаги тамойиллар асосида олиб борилади: Этиологик даволаш(касаллик сабабини бартараф этиш ёки камайтириш), патологик ривожланишини таъминлайдиган омилларга таъсир қилиш, жигар вазифаларининг ўзгариши билан боғлиқ жараёнларни меъёрга келтириш, клиник аломатлар (белгилар) даражасини камайтириш, йўқотиш ва касаллик асоратларини даволаш ҳамда уларнинг олдини олишдан иборат. Мазкур хасталикда организмнинг бошқа аъзоларида ҳам ўзгаришлар бўлишини эътиборга олган ҳолда жигар циррозини даволашда комплекс даво тадбирлари ўтказилади.

Жигар тўқимасида шаклланган чандиқ ҳужайраларни даволашдан кўра, жигар циррози хасталигига сабаб бўладиган омиллардан сақланиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур дардга олиб келадиган асосий сабаблардан бири вирусли гепатитлар бўлганлиги боис, инфекциялар юқишининг олдини олиш зарур. Кейинги йилларда парентерал (қон орқали) юқадиган вирусли гепатитларнинг юқиш хавфини камайтириш мақсадида бир марта ишлатиладиган тиббий ва тиббий бўлмаган анжомлар етарли миқдорда ишлаб чиқарилмоқда. Татуаж (баданга расм солиш) каби зарарли одатларга берилмаслик ҳам бу борада асосий ўрин тутади.

Жигар циррозига сабабчи кўпгина хасталиклар узоқ йиллар давомида ҳеч қандай клиник белгиларсиз кечиши ва асоратлар ривожлангандан кейингина касаллик аломатлари намоён бўлиши мумкинлигини эътиборга олган ҳолда мунтазам тиббий кўрикдан ўтиб туришни ҳам унутманг.

Ж. ҚУРБОНОВ,

вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи.

А. ЎРМОНБОЕВ,

бош врач ўринбосари.

Г. МЎЙДИНОВ,

3-бўлим мудири.