Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи давлатимиз ижтимоий сиёсатида марказий ўринни эгаллаб келмоқда. Меъёрий-хуқуқий негизларни такомиллаштириш мақсадида, соғ­лиқни сақлаш соҳасига оид 15 та Қонун қабул қилинди. 2011 йил 5 октябрда қабул қилинган "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим қадам бўлди.

Мазкур қонуннинг 13-моддасида таъкидланишича, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини:

- йигирма ёшга тўлмаган шахс­ларга;

- таълим, спорт муассасалари ва диний муассасалардан беш юз метрдан кам радиусда жойлашган савдо объектлари томонидан;

- улар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга, қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаса;

- улар ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси ишлаб чикарувчиси томонидан ишлаб чиқарилган бўлса;

- улар етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки етказиб беришни қонун хужжатларини бузган ҳолда амалга оширган маҳсулот етказиб берувчидан олинган бўлса, реализация қилиш мумкин эмас.

Шунингдек, мазкур қонуннинг 19-моддасида иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғларида, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга йўл қў­йилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Жамолхон ШЕРАЛИЕВ,

вилоят наркология диспансери олий тоифали нарколог врачи.

Ҳамидулло АЪЗАМОВ,

диспансер услубчиси.