- Ҳаёт инсон учун бир бор бериладиган илоҳий неъмат. Унинг ҳар лаҳзасини қадрлаш, соғлиқни асраш узоқ умр кўришнинг ягона омилидир. Минг афсуски, айрим ношукур кимсалар бугун уни унутадилар. Ҳатто, ўз ҳаётларига ўзлари чек қўйишгача бориб етадилар. Наҳот бу энг ярамас қарор, энг гуноҳ иш эканини англашмайди. Сиз мутахассис сифатида шундай хатти-ҳаракатни қандай баҳолайсиз?

- Албатта, нотўғри ҳисоблайман. Ақли расо, эс-ҳуши жойида бўлган инсон ҳеч қачон бундай йўл тутмайди. Жонига қасд қилдими, демак, у соғлом эмас. Ана энди ўз-ўзидан яна савол туғилади: "Касалликка чалинган экан, нега врачларга учрамайди, нега атрофдагилар ҳам сезмайди?". Масаланинг моҳияти худди шу ерда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, вафот этаётган ҳар 100.000 одамдан 10 таси суицид қурбонига айланаркан. Кўпроқ 15-44 ёшдагилар орасида рўй бераркан. Демак, навқирон инсонлар ўзларининг умрларини ўзлари хазон этишаркан. Айниқса, Англия, Италия, Австрия, Исроил, Литва, Латвия, Россия, Белоруссия, Қозоғистон ва Украина каби давлатларда ўртача кўрсаткичдан юқори ҳолат қайд қилиняпти. Бу - суицид дунё муаммосига айланиб қолганидан далолатдир.

- Суицид қандай намоёнланади, асл сабаблари нимада?

- Умуман олганда, икки хил кечади. Ҳақиқий ва сохта. Биринчисида ўз жонига қасд қилиш ойлаб, йиллаб режалаштирилади. Шундай бажариладики, у аянчли ниятига етади. Лекин камида ўн кишига айтади. Боши муаммо гирдобига кириб қолганини, чиқишига йўл тополмаётганини гапиради. Яқинлари эътиборсизликка йўл қўйса, мутахассисга вақтида олиб бормаса, оқибати уқубатли якун топади. Иккинчисида ўзида ўлдириш нияти туғилмайди, балки атрофдагиларнинг эътиборини тортиш учун намойишкорона қилади. Дори ичади, қон томирини кесади (чуқур эмас) қутқариб қолишларини яхши билади. Кўпроқ аёллар орасида учрайди.

Аслида ҳар иккисида сабаблариям оз эмас: шахсий турмушдаги муаммолар, оилавий жанжаллар, ажралиш, тан олинмаган севги, яқин кишиларининг унга нисбатан бепарволиги, меҳр-оқибат кўрмагани, сурункали оғир касалликлар, ишдаги, ўқишдаги омадсизликлар, пул муаммоси, қарзи кўпайиши, ишдан айрилиши, ижтимоий мавқеини йўқотиши, кундалик ҳаёт тарзининг ўзгариши, узоқ давом этадиган оғир депрессия, тушкунликка тушиш, мажбурий босим, мунтазам камситиш, туҳмат, қўрқиш, номусига тегиш, калтаклаш, жисмоний хўрлаш, айб қилгач, худодан қўрқиш, бемақсадлик, ҳаддан зиёд чарчаш ҳаётдан тўйдириб юборади. Орият зўри ҳам (уятли иш қилгач) ўлимга етаклайди. Тақлид қилиш туфайли юз берадиган ҳодисалар ҳам учрайди.

Суиқасдни амалга ошириш турларига келса, АҚШда ўқ отув қуролларидан, Хитойда ҳар хил заҳарли химикатлардан фойдаланиш орқали рўёбга чиқарилади. Яна тиббий дориларни меъёридан бир неча баробар орттириб ичиш, ўткир тиғли асбобларни ишлатиш орқали ҳам амалга оширилади. Сувга чўкиш, транспорт остига ташлаш, юқоридан пастга сакраш ҳодисалари мавжуд.

- "Компьютер ўйинларига ўта берилиш болаларни руҳий зўриқишга, ҳатто суицидга олиб боради", деган гапларни эшитамиз. Бунга мутахассис сифатида қандай қарайсиз?

- Бу гаплар бежизмас. Ўйинқароқ болалар компьютердаги даҳшатли воқеалар таъсирида ёки уларнинг қаҳрамонларига тақлид қилиш чоғида ўзининг, бунданам баттари тенгдошларининг жонларига жабр қилишаётганини яширишнинг хожати йўқ. Ота-оналар фарзандлари назоратини кучайтиришлари шарт.

- Суицидга қарши қандай чоралар белгиланган?

- Дунёдаги кўпгина мамлакатларда суицидга йўл қўйиб, тирик қолганларга жазолар белгиланган. Ҳиндистонда бир йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Сингапурда ҳам шундай ёки катта жаримага тортилади. Бизнинг Ўзбекистонимизда шундай хатти-ҳаракат руҳий-асаб шифохонасига ётқизишга асос бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июлдаги 207-сонли қарорида суициднинг олдини олиш учун соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ўрта ва олий таълим, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, ички ишлар, прокуратура идоралари зиммасига янги вазифалар юкланган. Бундай кўнгилсизлик ҳолатларни бартараф этиш учун идоралараро комплекс чора-тадбирлар режаси тузилиб, шу асосда фаол иш олиб борилмоқда. Мақсад, суицид ҳақида кўп гапиравермасдан депрессияга тушганларнинг кайфиятини кўтариш, лоқайдликка йўл қўймаслик, малакали мутахассис ёрдамини уюштириш, асл сабабларини аниқлаш ва уни йўқотиш, зарур бўлса дори-дармонлар билан даволашдир. Яна кўпканалли ишонч телефонлари ташкил қилиш мўлжалланмоқда. Аноним маслаҳатлар орқали психотерапевтик кўмак бериш ҳам муҳим.

Ҳар бир инсоннинг ҳаёти бебаҳо ва бетакрор. Уни асраб авайлаш шарт. Элу юртнинг куч-қудрати соғлом одамларнинг соғлом турмуш тарзи билан бар­қарор. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги зарур.

Суҳбатдош:Содиқ САЙҲУН.