Унинг қўзғатувчиси ташқи муҳитда асосан спора ҳолида учрайди. Турли хил ноқулай ташқи таъсирларга анчагина чидамлилиги билан ажралиб туради. Одамнинг меъда-ичак йўлига инфекцияланган озиқ-овқат маҳсулоти билан ботулизм бактериялари, шунингдек, бу микробларнинг экзотоксинлари тушади. Тез орада бактериялар қон оқимига қўшилиб, токсин асосан бош мия нервларининг ядро хужайраларини шикастлайди.

Шунингдек, марказий нерв системасининг ганглиоз хужайраларини диффуз ўзгартиради. Бактерияларнинг ичак девор орқали инвазия натижасида қисқа муддатли бактериямия пайдо бўлиб, микроблар тўқима ва органларга тушуши кузатилган.

Касаллик тўсатдан бош оғриши, дармонсизлик, ҳолсизлик, баъзан қайта-қайта қусиш билан бошланади. Ич кўпинча қотади, қорин дам бўлиб, ҳарорат бироз ва қисқа муддатга кўтарилади. Бир-икки кун ўтгач, бош айланиши пайдо бўлади, ёруғлик сезиш бузилади. Бемор ҳамма нарсани туманда кўраётгандек кўради, ке­йин нарсалар қўшалоқ кўринади. Бу кўз ҳаракатининг ҳамкорликда парезга учраши туфайли рўй беради, қорачиқлар кенгайиб бир кўз қорачиғининг эни иккинчи кўз қорачиғи энидан катта бўлади, рўй-рост ғилайлик пайдо бўлиб, устки қопқоқ осилиб тушади.

Беморнинг нутқи бузилиб, товуши пасайиб қолади, ютиниш қийинлашади, у тез-тез қалқийди. Бунда қаттиқ овқатгина эмас, суюқроқ таомларни ҳам ютиниш қийинлашади. Оғиз шиллиқ пардалари қуриб, бемор чанқайди. Пульс тана ҳарорати даражасидан орқада қолади, кейинроқ юрак фаолияти ёмонлашади. Юрак фаолиятининг пасайиши эса ўлимга олиб келиши мумкин.

Шунинг учун уй шароитида консерва тайёрлаш жараёнида ҳар бир инсон санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиши керак. Аввало консерваланадиган маҳсулотлар (сабзавот, мева, қўзиқорин ва бошқалар)­нинг сифатига эътибор бериш лозим. Уларни дастлаб оқар сувда, сўнг, қайнатилган сувда яхшилаб ювиш шарт. Маҳсулотларини юқори ҳароратда, 20 дақиқадан кам бўлмаган вақт давомида қайнатиш керак. Нордон бўлмаган (бодринг, яшил нўхат) маҳсулотларидан консерва тайёрлашда уларга сирка (уксус) кислотаси қўшишни унутманг. Уй шароитида балиқ ва гўшт маҳсулотларидан консерва тайёр­ламанг.

Агар консерва маҳсулотлари истеъмолидан сўнг, юқоридаги касаллик белгилари оила аъзоларида содир бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Муҳаббат ДАДАБОЕВА,

Лолахон УЛУҒБОЕВА,

РС ва ТСИ вилоят филиали шифокорлари.