Анжирнинг ўзига хос таъми ва ифори ҳар қандай кишини ўзига жалб қилади. Лекин у мазали неъматгина эмас, балки организмга таъсир этувчи ҳақиқий доривор мева ҳисобланади. Таркибида В1, В2, В6 витаминлари, калий, кальций, магний, темир ва фосфор каби минераллар мавжуд. Калий моддаси юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлаш ва қон босимини меъёрда ушлаб туришга ёрдам беради. Бу мева табиий антиоксидантлар манбаи бўлиб, организмдан зарарли моддаларнинг чиқарилишига кўмаклашади.

Халқ орасида анжирни "табиий шифокор" деб аталиши бежиз эмас. У қуйидаги ҳолатларда ёрдам бериши маълум:

– қон босимини меъёрга солишда;

– иммунитетни мустаҳкамлашда;

– ҳазм жараёнини фаоллаштиришда;

– кўришни яхшилашда;

– юракни мустаҳкамлашда.

Астма ва нафас йўллари касалликларини даволаш пайтида юмшатувчи таъсирга эга. Қонни суюлтиришда, яллиғланишни бартараф этишда, бал­ғамни эритишда, иммунитетни кучайтиришда, сув балансини яхшилашда фойдаси катта.

Янги анжирни тўғридан-тўғри истеъмол қилиш мумкин. Қуритилганидан илиқ сувда намлаб, ширин ичимлик сифатида ёки овқатларга қўшиб фойдаланилади. Анжир ва асал аралашмаси йўтал ва томоқ оғриғида самарали таъсир кўрсатади.

Агар сизда диабет ёки бошқа сурункали касалликлар бўлса, анжирни истеъмол қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш тавсия этилади.

Хулоса шуки, анжирни ўз рационингизга киритиш орқали нафақат мазали мевани истеъмол қиласиз, балки саломатлигингизни яхшилашга ҳам муваффақ бўласиз.

Муҳаммадсоли МЎМИНОВ,

Темур ИКРОМОВ,

Наманган давлат педагогика институти табиий фанлар

кафедраси ўқитувчилари.