дейди суҳбатдошимиз Давлатобод тумани
бош урологи Анасхон Камолиддинов.
– Анасхон Муҳаммаджонович, дастлаб урология ҳақида тушунча берсангиз, газетхонларимиз унинг тиббиётдаги аҳамиятини янада яхшироқ тушуниб етишарди.
– Албатта. Урология – клиник тиббиёт соҳаси. Сийдик йўли тизими, жинсий аъзолар касалликлари билан шуғулланади. Бундай хасталиклар қадимдан маълум. Буюк бобомиз Абу Али ибн Сино қовуқдаги тошларни тушириш йўл-йўриқларини баён этган. Ўзбекистон урологияси қарийб 100 йиллик тараққиёт босқичини босиб ўтган. 1924 йили Ўрта Осиё университетининг тиббиёт факультетида урология кафедраси очилган, яна урология клиникаси ҳам иш бошлаган. Ўтган аср давомида соҳада радиологик, ангиографик, уродинамик, компьютер томографик текширувлар жорий этилди. Жарроҳлик усулларидан ТУР, перкутан операциялар, буйрак тошларини масофадан парчалаш амалиёти қўлланилмоқда. Ҳозирда эса лапароскопик операциялар ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси беморлар урологик хасталикларини чекинтирмоқда.
– Сиз асли педагоглар оиласидан экансиз. Тиббиётчи бўлиш учун оилавий муҳитнинг қандай ижобий таъсирлари бор, деб ўйлайсиз?
– Менга педагогика билан тиббиёт худди эгиздай туюлади. Чунки, ўқитувчи киши руҳининг муҳандиси, кўнгли тоза, онгу шуури соғлом авлодни тарбиялашга масъул. Шифокор ҳам инсон танасининг, барча ички аъзоларининг ҳимоячиси.
Отам Муҳаммаджон Камолиддинов халқ таълими тизимида узоқ йиллар меҳнат қилганлар. Оддий ўқитувчиликдан иш бошлаб, мактаб ўқув мудири, директори ва Наманган шаҳар халқ таълими бўлими раҳбари сифатида элда катта обрў-эътибор топганлар. Онам Матлубахон Исоқжонова ҳам бутун умрини муаллималикка бағишлаганлар. Икковлари биз фарзандлари учун чинакам ибрат тимсолига айланишган. Хушмуомалалик, меҳрибонлик, нажотталаб инсонларга ғамхўрлик хислатлари ҳаммамизга улардан ўтган. Шундай ота-оналаримиз борликларидан беҳад фахрланамиз.
– Тиббиётчи устозларингиз ҳақида нималар дея оласиз?
– Қаранг, вақтнинг тез ўтишини, 1994 йили Тошкент тиббиёт институти тахсилини якунлаб, эгнимга оқ халат кийган эдим. Ҳаш-паш дегунча 30 йил ўтиб кетибди-я. Интернатурани "Гўзал"даги вилоят кўп қиррали шифохонанинг 1-жарроҳлик бўлимида ўтаганман. У ерда Убайдулла Ҳожиматовдан илк амалиёт сабоғини олганман. Кейинги йили "Электротерм" ҳиссадорлик жамиятининг тиббий-санитария қисмида врач-уролог вазифасида фаолиятимни давом эттирдим. Аҳмаджон Мамажонов, Каримжон Тўрабоев, Юсуфжон Дўсанов, Содиқжон Абдуллаев ва Ёдгормирза Нурматовлар билан ёнма-ён ишлаб, устозларнинг малака-маҳоратини ўзлаштириб, асло кам бўлмадим. Бугун барчалари номини шогирд сифатида миннатдорлик билан тилга оламан. Ахир, бирларидан беморга муомалани, бирларидан жарроҳлик уқувини, яна бирларидан ташкилотчиликни ўргандим.
– Ёш бўла туриб, раҳбарлик лавозимларига муносиб кўрилганингиз бежиз эмас экан-да.
– Худди шундай. Касаба уюшмалари Наманган вилоят кенгашида масъул вазифани бажардим. Наманган ногиронлар минтақавий реабилитация марказида, Попдаги ногирон эркакларнинг "Мурувват" интернат-уйида раҳбарлик қилдим. Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи бўлиб ишладим. Яна вилоят реабилитация маркази директорлиги лавозимига лойиқ кўрилдим. "Ўзбекистон МЭТ" акционерлик жамияти тиббий-санитария қисмининг бош шифокори вазифасини адо этдим. Ҳозир эса Давлатобод тумани бош урологиман.
– Бош урологлик катта масъулият. Тумандаги ҳамкасбларга етакчилик, уларнинг урологик касалликларни эрта аниқлаш, самарали даволаш, олдини олиш борасидаги муваффақиятларини кўпайтириш учун нималар қилинмоқда?
– Бу йил Тошкент, Фарғона ва Андижонда уюштирилган Республика урологлар жамияти анжуманларида фаол қатнашдим. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти урология-нефрология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Асилбек Асадович Ғайбуллаевдан маҳорат сабоқларини олдим. Ўрганганларимни ҳамкасбларимгаям ўргатдим. Яқинда Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий маркази директори Шуҳрат Турсунович Мухторов поликлиникамизга ташриф буюриб, урология йўналишидаги ишларимизни яхши баҳоладилар. Устоздан қимматли маслаҳатлар олиб, ҳозирда диагностика ва даволаш жараёнларини янада такомиллаштирмоқдамиз. Сийдик-тош, простата бези, бепуштликка олиб борувчи қатор касалликларнинг олдини олиш тадбирларига эътиборимизни янада кучайтиряпмиз.
– Гоҳида кимнингдир буйраги бутунлай ишдан чиқиб, унинг ўрнига бошқа кишиникини олиб ўтказилгани, шу йўл билан ҳаёти сақлаб қолингани ҳақидаги гаплар қулоғимизга чалиниб қолади. Беихтиёр "Наҳот инсон ўз танасининг муҳим аъзоси яроқсиз ҳолга келгунича сезмаган бўлса" деган хаёлга борамиз, жуда ачинамиз. Ана шундай мураккаб ва оғир ҳолатга тушгунча бепарво юравермай, барвақтроқ мутахассис врачга учрагани афзал эмасмиди?
– Қанийди одамлар буни аввалроқ англаб етишса. Барча касаллик бошланишидаёқ даволанса, уни енгиш енгил ва осон кечади. Энг муҳими, асорати қолмайди. Халқимизнинг: "Дардни яширсанг, истимаси ошкор қилади" деган эътирофида жон бор. Афсуски, ана шу "истимаси"га бепарво қараш, "ўтиб кетади" дея ўйлаш ўзига-ўзи жабр орттириб олишдан бошқа ҳолат эмас.
Тўғри, сийдик-таносил органлари касалликларига чалинганлар кўп ҳолларда буни ошкорлашга ийманишади, айтгани тортинишади. Қачонки, аҳволлари танглашганида "тез ёрдам" чақириб, нажот излашади. Кейин эса ғишт қолипдан кўчган бўлади. Илгариги соғлом ҳолатини тиклаш қийинлашади. Урологлардан беморларнинг уялишига асло хожат йўқ. Ахир бизлар уларнинг дардини тинглаб, вақтида муолажа ўтказиб, ҳаётларига ҳаловат қайтариш учун ўқиганмиз. Қанча эрта учрашса, шунча фойдали. Айниқса, буйрак фаолиятидаги салбий ўзгаришларнинг оқибати уқубатли бўлишини каттаю кичик унутмаслиги зарур.
– Буйрак ўзи нима, қандай вазифани бажаради?
– Буйрак жуфт аъзо. Қорин бўшлиғининг орқа томонида, умуртқа пағонаси бел қисмининг икки ёнида жойлашган. Буйрак етишмовчилиги фаолиятининг пасайиши белгисидир. Буйрак нафақат сийдик ишлаб чиқарувчи орган, балки инсон организмида муҳим вазифаларни бажаради. Уларнинг асосийси – қонни узлуксиз фильтирлаш бўлиб, суткасига 200 литр қонни тозалаш, ортиқча суюқликдан халос этишда, анорганик ва токсик моддалар, азот алмашинувида ҳосил бўлган кераксиз маҳсулотларини чиқариб юборишда, туз-сув балансини меъёрлаштиришда, қон босими ва рН даражасини стабиллаштиришда, Витамин "Д" ва гормонлар ишлаб чиқариш ҳамда организмнинг бошқа муҳим жараёнларида фаол иштирок этади. Фаолияти бузилса, вазифасини меъёрида ўтай олмайди. Уролог даво чораларини кўрмаса, зўрайиб, ўткир буйрак етишмовчилиги юз беради. Ундан сўнг "сунъий буйрак" аппарати воситасида қонни тозалаш керак. Сурункали шаклида парҳез ва дори-дармон қўлланади, гемодиализ ўтказилади. Мабодо муолажа кечиктирилса, буйрак трансплантациясидан ўзга чора қолмайди.
Хуллас, урологик ва нефрологик хасталикларнинг зўрайиши кўнгилсиз ҳолатларга олиб боради. Уни даволашдан кўра, вақтида аниқлаш ҳамда олдини олиш – узоқ умр кўриш кафолатидир. Кейин пушаймон қилмаслик учун мутахассис-врачлар кўригидан ўтишга кечикмасликни тавсия қиламиз.
– Сиз намунали тиббиётчилар оиласи соҳиби ҳамсиз. Бу, ҳаётингиздан мамнунлик туйғусини уйғотса керак?
– Албатта. Турмуш ўртоғим Ферузахон Ғозибоева олий маълумотли фармацевт. Ҳозирда Наманган шаҳридаги "Аброр нажот фарм" хусусий фирмасида дорихона мудири. "Қуш уясида кўрганини қилади" деганларидек, катта ўғлимиз Аброрбек Россия Федерациясининг Пятигорск тиббиёт-фермацевтика институтида сабоқ олган. Ҳозирда "Юрия-Фарм" хорижий компаниясининг Намангандаги тиббий вакили. Яна бир фарзандимиз – Асрорбек 1-Санкт-Петербург тиббиёт институтида пластик жарроҳлик бўйича клиник ординатурани ўтамоқда. Мақсадимиз эл-юрт соғлиғини сақлашдек ўта масъулиятли ва шарафли хизмат ривожига фаол ҳисса қўшишдир.
Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.