Вейп: что это такое, какой вред несет курение электронных сигарет

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра, дунё бўйича 13-15 ёшли болалар электрон сигаретлардан катталарга нисбатан кўпроқ фойдаланмоқда. Масалан, Канадада 2017 йилдан 2022 йилгача 16-19 ёшли ўсмирлар ўртасида бу турдаги маҳсулотни чекиш икки баравар кўпайган. Англияда эса сўнгги уч йил ичида электрон сигарета истеъмол қилувчи ёшлар сони уч баробар ошган.

Тадқиқотлардан маълумки, электрон сигарета чекувчи йигит-қизларнинг одатий сигаретага ўрганиши уч марта юқори. Бу иллат кўлами ортишига сабаб, аввало, ижтимоий тармоқлар орқали жозибадор рекламалар кўпайгандан-кўпайиб бораётганидир. Уларда электрон сигареталарнинг 16 мингдан ортиқ таъмга эга турлари таклиф қилинмоқда. Ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари харидоргирлигини оширишнинг кўплаб шакл ва услубларини қўлламоқдалар.

Электрон сигарета одатий тамаки маҳсулотлари каби ўпка, юрак-қон томир, асаб тизими касалликларини келтириб чиқаради. Боз устига, таркибида қўрғошин, хром, никель ва бошқа металлар мавжуд. Баъзиларининг аэрозолларида формальдегид миқдори оддий сигареталарникидан юқори.

Шунинг учун ҳам ЖССТ вояга етмаганлар ўртасида электрон сигарета истеъмолини чеклаш ва ёш авлодни никотинга қарамликдан асраш бўйича шошилинч чоралар кўришга чақирмоқда.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз қонунчилигига кўра, таркибида ароматизаторлар, бўёқлар, озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган электрон сигареталар, улар учун никотин ва никотинсиз суюқликларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва сотиш тақиқланади.

Исоқжон ҲОШИМБОЕВ,

вилоят наркология диспансери фельдшери.