Куйдирги (Сибир яраси) инсон ва ҳайвонларга хос бўлган ўткир юқумли касаллик ҳисобланади. У тери ва тери ости тўқималарида церозли ва геморрагик шишлар пайдо бўлиши билан характерланади.
Бу касалликка асосан қорамол, қўй, эчки, от, эшшак ҳамда туялар мойил ҳисобланади. Ит, мушук ва ёввойи ҳайвонлар касалликка камроқ чалинади. Совуқ қонли ҳайвонлар ва паррандалар бундан истиснодир. Шу билан бирга ёввойи ҳайвонлар ва йиртқич паррандалар (қарға, қузғун ва бошқа) касалланган ҳайвон гўштини егандан сўнг узоқ муддат давомида ахлати ва сийдиги орқали касаллик қўзғатувчисини ташқи муҳитга тарқатиши мумкин.
Куйдирги одамларга касал ҳайвонларни парваришлаганда, касалланган ҳайвон териси, жунига ишлов берганда, ветеринария мутахассиси рухсатисиз сўйилган ёки касалланган ҳайвонлардан олинган, кўрикдан ўтмаган сут ва гўшт каби чорвачилик маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида юқади.
Микроб асосан шикастланган тери орқали, айрим ҳолларда ошқозон-ичак, юқори нафас шиллиқ пардаси ва кўз конъюктиваси орқали ўтади. Кирган жойда қўзғатувчи кўпаяди. Терида ва тери остидаги тўқимада геморрагик-некротик яллиғланиш ҳосил бўлади.
Касалликнинг тери, ичак ва ўпка турлари мавжуд. 95-98 фоиз тери шаклида учрайди. Яширин даври бир неча соатдан 14 кунгача, ўртача 2-3 кун давом этади. Асосан терининг очиқ қисмлари зарарланади. Қўзғатувчи тушган жойда аввало доғ, сўнгра қизил тугунча ҳосил бўлади ва у тез орада пуфакчага айланади. Ичида қон аралаш сероз суюқлик кузатилади. Сўнгра пуфакча ёрилади ва унинг ўрнида усти қора парда билан қопланган ва оғриқсиз яра кўзга ташланади. Унга яқин жойлашган лимфа безлари зарарланиб, лимфаденит, сепсис пайдо бўлади. Беморда қувватсизлик, тана ҳарорати кўтарилиши, бош оғриги, бош айланиши, қусиш, жигар ва талоқнинг катталашуви каби аломатлар кузатилади.
Куйдирги касаллигининг олдини олиш учун ҳайвонларни рўйхатга олиш ва ушбу касалликка қарши эмлаш, ветеринария-санитария тадбирларини, яъни дезинфекция, дезинсекция, дератизация ишларини ўз вақтида ўтказиб туриш зарур. Айниқса, ҳайвонларнинг ветеринария мутахассислари назорати остида бўлиши, молларнинг белгиланган жойларда – махсус қушхона ва сўйиш майдончаларида сўйилиши муҳим аҳамият касб этади. Гўшт, сут маҳсулотларини ветеринария-санитария талабларига қатъий риоя килган ҳолда истеъмолга чиқарилиши талаб этилади.
Музаффар АЗИМОВ,
Вилоят санитария-эпидемиологик
осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ўта хавфли юқумли
касалликлар бўлими мудири.