Тамаки кўпгина сурункали касалликлар келтириб чиқарувчи, ақлий ва жисмоний қобилиятни пасайтирувчи, ногиронлик ва ўлимга сабаб бўлувчи хавфли омилларнинг биридир.

Тамаки ва унинг тутуни таркибида одам организмига зарарли таъсир этувчи 400 дан ортиқ бирикмалар мавжуд. Никотин – энг кучли заҳар бўлиб, 7 сонияда ўпка тўқимасидан бош мияга етиб боради. Кунига 20-25 дона сигарет чекилса, қонга ўта хавф­ли дозада (100 миллиграмм) никотин тушади. Кашанда йил бўйи 500 миқдорда рентген нурини олган билан баробар бўлади. Тамакининг заҳарли бирикмалари таъсирида организмда модда алмашинуви бузилиб, А, В1, В6, В12, С каби витаминлар етишмовчилиги юзага келади.

Чекиш юрак-қон томир, нафас, ҳазм, асаб, ички секреция, жинсий безлар ва бошқа аъзоларни заҳарлайди. Миокард инфаркти, хафақон касаллиги, бронхларнинг сурункали яллиғланиши, яра ва саратон сингари кўплаб хавфли касалликларни келтириб чиқаради.

Тамаки наслга ҳам салбий таъсир қилиб, фарзандсизликка, болалар жисмоний заиф, ногирон, нуқсонли туғилишларига олиб келади. Кашандалар соғлом турмуш тарзига риоя этувчиларга нисбатан 15 йил кам умр кўришлари тажрибада исботланган.

Энг ачинарлиси, тамакининг зарари ҳақида кенг тар­ғибот олиб борилаётганига қарамай, барибир кашандаликнинг камаймаётганидир. Энг буюк неъмат – соғ-саломат бўлишни, фаровон турмуш, файзли, мазмунли умр кечиришни истар эканмиз, шу эзгу мақсадни завол топтирувчи тамаки чекишга қарши ҳамма бир ёқадан бош чиқариши керак. Бу мақсаддаги иш индиви­дуал услубда кўпроқ таъсирчанлик касб этади. Шунинг учун оилада тамакига қарши муҳитни қарор топтириш шарт. Бо­бо­-ю буви, ота-оналар аввало ўзлари соғлом турмуш тарзи билан намуна бўлишлари, оила даврасида кашандаликнинг тиббий, маънавий-ахлоқий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан етказадиган зиёнлари ҳақида тез-тез гапириб, мунтазам назорат ҳам олиб боришлари лозим.

Илҳомжон ТОЖИДДИНОВ,

РИНИАТМ НМФ олий тоифали врачи.

Наргиза ШЕРАЛИЕВА,

ҳамшира.