энергетик ичимликлар оқибати

Ҳозирда ёшларнинг кўпчилиги энергетик ичимликларни мунтазам ичишни одатга айлантиришди. Оқибатини эса ўйлашмаяпти. Келинг, шу ҳақда батафсил фикрлашайлик. Бу маҳсулот 1960 йилда Японияда дори сифатида яратилган. Кейинчалик Европа ва АҚШда оммалашгач, бизнесменлар унинг таркибига яна бир қанча кимёвий моддалар қўшиш билан хушхўрлигини ошириб, тағин ҳам кенгроқ ёйишга киришган.

Ниҳоят, ЖССТ 2014 йилда ўсмирлар ўртасида энергетик ичимликлар кенг ёйилаётганлигидан хавотирли баёнот эълон қилди. Кейинчалик турли мамлакатларда ўсмирлар кўп миқдорда энергетик ичимлик истеъмол қилганлиги сабабли оғир аҳволга тушгани, ҳатто, оламдан ўтганлиги ҳақида хабар тарқалди. Ҳозир дунёнинг қатор давлатларида бундай маҳсулотлар сотувига таъқиқлар ўрнатилган. Ўзбекистонда ҳам бу борада маълум қонуний чекловлар мавжуд.

Энергетик ичимликлар меъёрдан ортиқ ва сурункали истеъмол қилинса, бош мия, марказий асаб тизими, бўғимлар ва бошқа аъзоларга жиддий зиён етади. Таркибидаги кофеин – психостимулятор модда ҳисобланади. У вақтинчалик тетиклик ҳиссини бағишлаб, чарчоқни аритиши, ақлий фаолиятни кучайтириши мумкин, аммо масалан, 1 – 1,5 соат ўтгач, инсонда ҳор­ғинлик баттар кучаяди, бош оғриғи пайдо бўлади ва ақлий, жисмоний фаолият сусаяди.

Тез-тез истеъмол қилиб турувчилар бўғимларида секин-аста оғриқлар пайдо бўла бошлайди, турли асоратлар келиб чиқади. Чунки таркибида ўртача 30 миллиграмм кофеин мавжуд. Энергетик ичиш 18 ёшга тўлмаган болалар ва ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизувчи аёллар, юрак-қон томир хасталикларига чалинган ҳамда қандли диабети бор кишиларга мутлақо тавсия этилмайди. Энергетик ичимликлар меъёридан ортиқ истеъмол қилинганда қонда глюкоза миқдори кўпаяди. Шакарнинг ортиқча қисми ёғга айланади ва организмда инсулин ортиб, қандли диабетга олиб келади.

Уларни кўп тотиб юриш инсон танасидаги ҳужайра ва тўқималарга жиддий зарар етказиб, жигар, юрак қон-томир касалликларига олиб келади. Асаб тизимини бузади. Руҳий касалликларга чалиниш хавфи ортади, одамларда тажовузкорлик кучаяди. Энергетик ичимликлар болаларнинг зеҳни ўтмаслашиб, дарсларни ўзлаштириши пасайишига, ногирон, ақли заиф фарзандлар туғилишига ҳам сабаб бўлиши мукин.

Абдураҳмон ЭРГАШЕВ,

Саломатлик ва стратегик ривожланиш

институти Поп тумани бўлими раҳбари.