Одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) инфекцияси кишида орттирилган иммунитет танқислиги синдроми(ОИТС)ни келтириб чиқаради ва бемор организмида ҳаёти давомида сақланиб қолади.

Инфекция тушган бемор ўзида касалликнинг яширин, белгисиз ривожланаётганини сезмаса-да, тарқатувчи сифатида роль ўйнаши мумкин.

Касаллик уч хил йўл билан юқади:

1. ОИВ инфекцияси юққан шахслар билан ҳимояланмаган жинсий алоқа.

2. Гиёҳванд моддаларни гуруҳ бўлиб томир орқали қабул қилиш.

3. Вирус билан зарарланган, текширилмаган қон ва унинг таркибий қисмларини томирга қуйиш, меъёр даражасида дезинфекция қилинмаган жарроҳлик, доялик, стоматологик, сартарошлик ва бошқа асбоблар воситасида тиббий муолажалар олиш, шприц ва игналардан умумий фойдаланиш туфайли, шунингдек, инфекцияга чалинган ҳомиладор онадан болага жароҳатланган йўлдош, туғилиш жараёнида туғруқ йўллари жароҳатланиши, эмизиш жараёнида сути орқали юқиши исботланган.

ОИВ вируси бемор билан қўл бериб сўрашганда, йўталганда, аксирганда, умумий идиш-товоқ ишлатилганда, беморни кўргани борганда, қон сўрувчи ҳашаротлар чаққанда, умумий ҳожатхонадан фойдаланилганда, сув хавзасида, ҳаммомда бирга чўмилганда, бир телефон қўлланилганда юқмайди.

Вирус қонга тушгач, йиллар давомида ўзини сездирмаса-да, бир кун келиб сабабсиз узоқ давом этувчи йўтал, кескин озиб кетиш, ҳароратнинг сабабсиз кўтарилиши ва ич кетиши, оғиз бўшлиғи ҳамда турли аъзоларда яллиғланиш кузатилади. Хавфли ўсмалар ривожланади.

Дунёнинг кўплаб давлатларида ОИВга қарши вакцина ва дори воситасини яратиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда. Яқин йилларда бу касалликдан бутунлай холи қилувчи дори воситалари яратилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Қувонарли томони шундаки, бугунги кунда ОИВ инфекциясини юқтирган одамнинг умрини соғлом одамнинг умричалик чўзиш мумкин. Бунинг учун вирусга қарши даволаш усули – ретровирусга қарши терапия мавжуд. ОИВ ретровируслар оиласига мансуб вирус бўлгани учун унга қарши дори воситаларини ретровирусга қарши препаратлар деб, даволаш усулини эса ретровирусга қарши терапия деб юритилади. РВҚТ вирусни тўлиқ йўқ қилмаса ҳам, унинг бемор организмида кўпайишига йўл қўймайди. Беморнинг соғлом ҳаёт кечириши ва узоқ умр кўришига имкон яратади.

Шу ўринда юртдошларимизга мурожаат қиламиз.

Бўлғуси келин ва куёвингиз тиббий кўрикдан ўтмай, расмий никоҳ қайд этилмай туриб, шаръий никоҳ билан оила қуришларига асло йўл қўйманг. Бу билан фарзандингизни ОИВ инфекцияси ва бошқа юқумли касалликларга чалиниб қолишидан асраган бўласиз!

ОИВ инфекцияси тарқалиши узоқ муддат меҳнат миграциясида соғлом турмуш тарзига амал қилмай яшаб қайтганлар ҳиссасига ҳам тўғри келади. Шу боис улар оилаларига кирмай туриб, ОИВ юзасидан тиббий кўрикдан ўтишга мажбурдирлар.

Ҳар бир шахс ўзига ОИВ юққан ёки юқмаганлигини билишни хоҳласа, Наманган шаҳар Ғалаба кўчаси 4-уйда жойлашган вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ва барча туман тиббиёт бирлашмалари қошидаги аноним хоналарига мурожаат қилиши мумкин. Аноним хоналарда шахс­ни сир сақлаган ҳолда бепул хизмат кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 113-моддасига кўра, била туриб бош­қа шахсга ОИВҒОИТС касаллигини юқтирган шахс беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши муқаррар.

Миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда соғлом турмуш кечириб, жуфти ҳалолга вафодорликни сақлаш фарз, зино энг катта гуноҳ эканлигини унутмаслигимиз лозим!

Баҳромжон РАҲМОНОВ,

вилоят ОИТСга қарши

курашиш маркази

мутахассиси.