депрессия

Депрессия бугун дунё миқёсида энг кўп учраётган хасталиклардан бирига айланди. Айниқса, унинг енгил ва ўрта даражалари миқдори баланд.

Депрессия келиб чиқиши жиҳатидан реактив, эндоген, соматик турларга бўлинади.

Адинамик депрессия дармонсизлик, апатия, ўзини ёлғизлатиш, умумий ҳаётий қизиқишларнинг пасайиши билан кечади.

Анестетик турида руҳий анес­тезия жараёни кучайиб боради. Натижада беморни кучли руҳий азоб берувчи беҳислик эгаллайди. Яқин кишиларига меҳри йўқолиб қолганлигидан эзилади. Атрофни эмоционал сезиш тўхтайди.

Астеник депрессияда лоҳаслик, тез чарчаш, сезгиларнинг ўткирлашуви, тажанглик, ҳужумкорлик, жаҳлдорлик кузатилади.

Дисфорик депрессияда кайфиятнинг пастлиги билан бир қаторда, беморда атрофдаги воқеаларни ёқтирмаслик ҳисси пайдо бўлади.

Ироник турда бемор ҳаётни бефойда ва мазмунсизга чиқарувчи ҳазил-мутойибалар айтади.

Йиғлоқилик тури аффектни тутиб туролмаслик, юқори даражадаги ҳиссий ўзгарувчанлик ва унинг тезда сўниши, аммо шу ҳолат жуда кичик таш­қи таъсир ёки ички қўзғолишлар сабабли дарров пайдо бўлиши билан кечади.

Апатик депрессияда бў­шанг­лик, ташабуссизлик, барча воқеа-ҳодисаларга бефарқ­лик устун бўлади.

Алкогол депрессияси белгилари эса мастликда ёки кучли хумор вақтида юз бериб, тушкунликка тушиш, сабабсиз йиғлоқилик, дисфорик жараёнлардан иборат.

Ниқобланган депрессия беморда эмоционал фоннинг кучсизлиги, ўзига қарамаслик, бирор ички касаллиги бор деб ўйлаш билан намоён бўлади.

Мураккаб депрессияда бош­қа турдаги белгилар, психопатологик синдромлар, васваса ғоялари, галлюцинация мавжуд.

Васваса депрессиясида васавасали ўй-хаёллар домидан чиқолмаслик аломатлари етакчи.

Реактив депрессия ҳаёт ва фаолиятдаги сурункали диққатчилик ёки тўсатдан юз берадиган кўнгилсизлик сабаб киши руҳияти жароҳатланиши (психатравма) туфайли вужудга келади.

Эндоген депрессия -шизофрения, МДП ва эндоген психозларда кузатилади.

Бу дард синдромлари эпилепсия, симптоматик психоз­лар, заҳарланишлар, бош мия жароҳатлари, мия ўсмаси ва бош мия органик касалликларида ҳам ривожланади. Депрессия одамни умидсизлик ва қўрқувга солади, ўзини айбдор ҳис этиш, ҳаловат йўлини топишда бир қарорга кела олмаслик ва ниҳоят, суицидал фикрларга олиб боради. Шунинг учун мазкур касаллик симп­томлари аён бўлган заҳоти беморни зудлик билан мутахассисга кўрсатиш жуда ҳам зарур.

Ўткиржон ШАРИПОВ,

вилоят руҳий-асаб касалликлар шифохонаси

олий тоифали врач-психиатри.