Вирусный гепатит

Атиги 1200-2200 граммли жигар инсон организмининг марказий биокимёвий лабораториясидир. Бир кеча-кундузда 600-700 грамм ўт (сафро) ишлаб чиқариб, овқат ҳазм бўлишида ва озиқ моддаларнинг ичакдан қонга сўрилишида муҳим роль ўйнайди.

Вирусли гепатит ана шу ноёб аъзони жиддий шикастлайди. Оқибатда организмда интоксикация юз беради. Унинг "А", "В", "С", "D", "E", "G" турлари мавжуд.

Гепатитнинг "А" турини тўлиқ даволаш мумкин. Сурункали шаклга ўтмайди, цирроз келтириб чиқармайди. "Е" турининг тарқалиши эса сув билан боғлиқ. Ҳозирги вақтда бундай эпидемиялар учрамаяпти. Лекин уни ҳам даволаса бўлади. Гепатит "С"нинг тўлиқ давоси бор, десак бўлади. Бироқ "В" ва "Д" турларини даволаш муаммо. "В" вирусини камайтирадиган махсус дорилар бор, лекин йўқотишга қурби етмайди. Шу боис айни пайтда дунё миқёсида катта изланишлар олиб бориляпти.

"Д" вируси ўзи касаллик ҳосил қила олмайди, у "В" вирусининг оқсилидан фойдаланиб, секин-аста тўлиқ вирус ҳолатига ўтади ва жигарни шикастлайди.

Гепатит "В" – энг хавфлиси. У қон ва одам организмидан ажраладиган бошқа суюқликлардан ёки онадан ҳомилага юқади. Гепатит "B"нинг қўзғатувчиси инсон танасидан ташқарида узоқ вақт яшай олади. Аксарият беморлар касалликни мустақил равишда енгиши мумкин. Аммо иммунитети заиф кишилар учун вирус жиддий хавф туғдиради.

Ўткир вирусли гепатитнинг "В" тури бўйича махсус даволаш усули ишлаб чиқилмаган. Унга чалинганларни парваришлашда дардни енгиллаштирувчи клиник муолажалар билан бирга парҳез асосида тўғри овқатланишлари таъминланиши шарт. Алоҳида таъкидлаш жоиз, гепатит "В"га чалинганлар қовурма, оғир ҳазм бўладиган овқатлардан тийилиб, мева, сабзавот ва табиий шарбатлар истеъмол қилиши саломатликларини асрашда катта фойда беради.

Абдулбоқи ИСМАТОВ,

вилоят санитария-эпидемиологик

осойишталик ва жамоат саломатлиги

бошқармаси эпидемиолог врачи.