"Қуйидагилар тиббий профилактиканинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

ДАСТЛАБКИ ПРОФИЛАКТИКА – қулай атроф-муҳитни яратиш (экологик аҳвол, инсонларнинг меҳнат, яшаш ва дам олиш шароитларини яхшилаш), аҳоли саломатлигига салбий таъсир этувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилишининг олдини олиш, озиқ-овқат маҳсулотларини, жумладан унни фортификациялаш, тузни йодлаштириш;

БИРЛАМЧИ ПРОФИЛАКТИКА – эмлаш, мақсадли скрининг ва тиббий кўрикларни амалга ошириш, оқилона иш ва дам олиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш, бадантарбия машғулотларини кундалик турмуш тарзига айлантириш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, соғ­лом ва тўғри овқатланиш, ортиқча вазн ва семизликни бартараф этиш, зарарли одатларга қарши курашиш, инсон саломатлиги, таълим-тарбияни яхшилаш бўйича чоралар кўриш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш;

ИККИЛАМЧИ ПРОФИЛАКТИКА – маълум шароитларда иммун ҳолатининг камайиши, ўта зўриқиш, адаптив етишмовчиликлар сабаб юзага келадиган касалликларнинг келиб чиқиши, авж олиши ёки қайталанишига олиб келиши мумкин бўлган аниқ хавф омилларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга татбиқ қилиш, шунингдек, тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш.

(Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрда қабул қилинган "Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4891-сонли қароридан).