Бу – ота-она учун энг масъулиятли палла. Сут тишлари одатда 5-7 ойликдан чиқа бошлайди. Айрим ҳолларда жараён 2-3 ойликда, баъзан бир ёш бўлганда юз берса, айрим ҳолларда чақалоқ ҳатто тиш билан туғилади. Сут тишлари 20 таси 2,5-3 ёшга қадар тўлиқ чиқади.

Тиш чиқишининг биринчи белгилари қуйидагилардан иборат. Милк шишади, қизаради ва оғрийди. Тўқималар сиқилиши натижасида ўрта қисмда озгина кўкариш бўлиши мумкин. Кўп сўлак ажралади. Ортиқча сўлак бурун ва ҳалқум бўшлиғига ўтиши натижасида бурун оқиши, йўталишга олиб келади. Кекириши, қайт қилиши мумкин. Кўпинча оғиз атрофида тошмалар пайдо бўлади. Иштаҳаси пасайиб, овқатдан бутунлай воз кечиши ҳам мумкин. Бола тез-тез сабабсиз йиғлайди, уйқусида безовталик ортади. Оғиз бўшлиғидаги яллиғланиш жараёни туфайли тана ҳарорати кўтарилади, бу меъёр ҳисобланади. Фақатгина жараён уч кундан ортиқ давом этмаслиги, ҳарорат 38,5 дан ошмаслиги керак. Шунда боланинг умумий аҳволи зарар кўрмайди.

Ушбу ҳолатда қандай йўл тутиш керак?

Албатта, болалар шифокорига кўрсатиш даркор. Педиатр тавсия ва маслаҳатлари асосида, оғриқни камайтириш мақсадида, чақалоқлар милкига суртиладиган махсус малҳам ёки гел кўринишидаги анестетиклар билан милкларни охиста уқалаш лозим. Бунинг учун дорихоналарда озиқ-овқат силиконидан тайёрланган, юзасида бўрт­малари бўлган махсус мосламалар мавжуд. Лекин анестетикларнинг таъсири, тахминан, 20-30 дақиқагача етади ва кунига беш мартадан кўп ишлатиш тавсия этилмайди. Дори дозасини ошириб юбормаслик керак. Оғриқни узоқроқ вақтга камайтириш учун шифокор тавсияси билан оғриқ қолдирадиган сироп ёки таблетка бериш мумкин. Тиш чиқаётганда ишлатиладиган махсус ўйинчоқлар ҳам милклар қичишишига таскин беради. Қўшимча ов­қатланишга ўтган болажонларга хона ҳарорати даражасида бўлган сабзи ёки олмани назорат остида бериш ҳам мумкин.

Она кўриб-кўрмаган ҳолда гўдак турли буюмларни ғажилашини ҳисобга олиб, мойчечак дамламасида нам­ланган дока билан милкларини енгил массаж қилиш мақсадга мувофиқ. Бу – оғиз бўшлиғини инфекциялардан тозалайди ва тишлар осон чиқишига ёрдам беради.

Бундан ташқари, истимасиз ҳолатда, тинчлантирувчи умумий массаж ва очиқ ҳавода сайр қилиш фойдадан холи эмас. Аммо бу даврда боланинг иммунитети паса­йишини ҳисобга олиб, касаллик юқтириб олмаслик учун, одам гавжум жойларга бормаган маъқул.

Айни пайтда онажонлар сабр-тоқатли бўлишлари ва гўдакнинг инжиқликларидан асабийлашмасликлари шарт. Ақлли аёл бола хархашаларини дўқ-пўписа, қўрқитишлар билан бостиришдан мутлақо тийилади. Чақалоққа кўпроқ меҳр бериб, уни тез-тез қучоқлаш, мулойим сўзлар билан чалғитишга ҳаракат қилиш лозим. Гўдак ота-она ёнида ўзини хавфсиз ҳис қилади, тинчланади. Катталарнинг хатти-ҳаракатлари ва ҳис-туйғуларига жуда сезгир бўлгани сабаб хотиржам бўлишлари керак.

Хуллас, милк ёраётган зурриёд истималаса, ичи кетса, асабийлашса, зинҳор ўзбошимчалик билан дори-дармон бериш қош қўяман деб, кўз чиқариш бўлади. Чақалоқнинг бу палладаги парвариши фақатгина педиатр йўл-йўриқлари асосида амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир.

Юлдуз ШАРИПОВА,

Чортоқ Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми "Хирургия фани" ўқитувчиси.

Азамат ҚАЮМОВ,

терапия кафедраси ўқитувчиси.