Олигофрения – юнонча "олиго" – кам, "фрекус" – ақл дегани. Атама сифатида ақли норасолик, ақли пастлик маъноларини билдиради. Бу касаллик келиб чиқиши, ривожланиши, клиник белгилари жиҳатидан турлича. Аммо ягона манбаси – туғма ёки уч ёшгача орттирилган ақлий ожизликдир.

Олигофрениянинг асосий белгиси руҳий фаолият етишмаслигидир. Шахс камол топиб боргани сари, унда фикрий тасаввур кенгая бошлайди, яъни аниқ белгиларга қараб тафаккур юритиш қобилияти ўсади. Масалан, бола аввалига 1 сонини 2 сонига қўша олмайди. Лекин бу амални нарсалар ёрдамида бажара олади. Яъни битта олмага учта олма қўшилса тўртта бўлишини айтади.

Кейинроқ эса нарсаларга таяниб эмас, сонларнинг ўзи билан миқдорлар ҳосил қилишлари мумкин. Ана шу миқдорлар қандай нарсаларга оидлиги бола арифметик амалларни бажаришини қийинлаштирмайди. Энди ҳисобланаётган ашёнинг ўзи мавхумлашган бўлса ҳам, уларнинг сонлари орқали фикр юритади.

Секин-аста бола карра жадвалини ёдлайди. Бу – тамомила хотира фаолиятидир. Каррани ёдлаш эса нарсалар миқдорини мавхумий тарз­да (нарсанинг ўзини кўрмай туриб ҳам) идрок этиш ва ҳисоб-китобни бажаришида қўл келади. Ана шу жараёнларда ақлан соғлом боланинг фикрлаш даражаси яққол намоён бўлади.

Ақлий ривожланиши паст бўлган болалар эса идрок этиш ва мавхумий тасаввурлар орқали масала ечишда қийналадилар. Баъзилари умуман тушунмайдилар. Бу хусусият олигофрениянинг аломатларидир. Шунингдек, сўз бойлигининг камлиги, гапиришдаги ғализликлар, ҳиссий кечинмалар ва ҳаракатининг чекланганлиги ёки бемақсадлиги сезсилса, ана шу ташхисга гумон қилган ҳолда мутахассисга мурожаат этиш зарур.

Янги туғилган чақалоқларда турли хил туғма етишмовчиликларнинг гувоҳи бўламиз. Жумладан, мушаклар кучсизлиги, бош мия суягининг қийшайиши, меъёрдан кичик ёки катта бўлиши кузатилади. Ақлий етишмовчилик мавжуд бўлган бола ёши каттайгани сари дайдилик, жинсий хирс фаоллашуви билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар, тажовузкорлик белгилари содир бўла бошлайди.

Олигофрениянинг келиб чиқиш сабаблари қуйидагилардан иборат:

– хромасомалар бузилиши;

– ота-онадаги касалликлар, уларнинг сурункали алькоголизми;

– заҳарланишлар;

– йод етишмовчилиги;

– вирусли касалликлар;

– туғруқдаги жароҳатлар;

– нейро-инфекциялар;

– энцефалопатиялар;

– дастлабки ёшда бош мия жароҳатланиши.

Туғма ақлий заифликка олиб келиши мумкин бўлган юқоридаги омиллардан ташқари, қариндошлар никоҳидан туғиладиган фарзандларда ҳам ақли норасолик кўрсаткичи юқори бўлади. Тадқиқотларда қариндош никоҳли оиладаги эр ёки хотиндан бирида ақлий етишмовчилик бўлса, улардан туғилган болаларнинг 36,1 фоизида шундай камчилик аниқланган. Никоҳланувчиларнинг ҳар иккисида олигофрения белгилари бўлган оилаларда туғилганларнинг 42,1 фоизида шу ташхис аломатлари топилган.

Кўриниб турибдики, қариндош-уруғ бўлган эр-хотиндан бирида ақлий хасталик мавжуд экан, у шу касалликни ташувчи хромасомалар орқали соғлом ҳомиладорликнинг пайдо бўлиши ва шаклланишига салбий таъсир этиш эҳтимоли юқори.

Ўткиржон ШАРИПОВ,

вилоят асаб-руҳий касалликлар

шифохонаси ўсмирлар бўлими мудири, олий тоифали врач-психиатр.