Плазмолифтинг лица: побочные эффекты

Плазмолифтинг – инсон организмининг ички заҳираларини фаоллаштиришга асосланган терининг "ўзини ўзи ёшартириш" техникасидир. Бу муолажа одамга унинг тромбоцитларга бой бўлган ўз қони плазмасини терисининг муаммоли жойларига инъекция қилишдан иборат. Натижада коллаген, элас­тин, гиалурон каби моддалар синтезланиб, тери эластиклиги, тиниқлиги ва гидрациясини таъминлайди. Плазмолифтинг усули амбулаторияда бажарилади. Деярли оғриқсиз бўлса-да, кишининг истагига кўра, анес­тетик крем ёки гел ишлатилади. Жараён одатда бир соат ичида икки босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда беморнинг веноз қони тиббий талаблар асосида йиғилади. Иккинчи босқичда олинган қон махсус тозаловдан ўтказиб, центрифугага жойлаштирилади. Мазкур жараёнда ажратиб олинган муоалажа воситаси бўлмиш тромбоцитларга бой плазма зудлик билан терининг муаммоли жойларга юборилади. Бу муолажа акне касаллиги, гиперпигментация, купероз, терини пилингдан кейин тиклаш, ажинлар, тери дағалланиши, соч тўкилишини даволашда жарроҳ назорати остида қўлланилади.

Ижобий ўзгаришлар аста-секин пайдо бўлади. Шу билан бирга, ёшликни асраш хусусияти бошқа усулларга кўра узоқ давом этади. Биринчи муолажадан кейин терининг ранги тиниқлашади, доғлар ва нозик ажинлар йўқолади, ўрта ва чуқур бурмалари юмшайди, эластиклиги ва гидрацияси ошади, соч тўкилиши тўхтайди. Кейинги муолажа ана шу натижаларни мустаҳкамлайди. Даво курсини йилда 1-2 марта такрорлаш тавсия этилади.

Аммо жарроҳликдан кейинги тўқималар птозиси, ҳомиладорлик ва лактация, ўткир босқичдаги юқумли касаллик, қон ивиши бузилиши, юздаги ўткир яллиғланиш ҳолатларида плазмолифтинг муолажасини қўллаш мумкин эмас.

Салоҳиддин ЖЎРАЕВ,

Республика ихтисослаштирилган

дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган

филиали косметодерматологи.